Линклар

Миср Олий конституциявий судининг 2 декабрга белгиланган сессияси кечиктирилди. Йиғилишда мамлакат янги конституциясини ишлаб чиққан ва тасдиқлаган парламент қуйи палатаси ишининг қонунийлиги муҳокама этилиши режаланган эди.

Миср Олий конституциявий судининг 2 декабрга белгиланган сессияси кечиктирилди. Йиғилишда мамлакат янги конституциясини ишлаб чиққан ва тасдиқлаган парламент қуйи палатаси ишининг қонунийлиги муҳокама этилиши режаланган эди.

Миср Олий конституциявий суди эълон қилинган баёнотда президент Муҳаммад Мурсийнинг исломий тарафдорлари уюштираётган намойишлар ҳакамларнинг ишлаши учун имкон бермагани ҳамда “руҳий ва моддий босим тўхтагунига қадар” суд ўз ишини номаълум муддатга тўхтатгани билдирилган.

Олий конституциявий суд йиғилиши қачон бўлиб ўтиши эълон қилинмади.

Ундан олдин Миср Президенти Муҳаммад Мурсий янги конституция бўйича референдум ўтказишни 15 декабр кунига белгиланган эди.

Мурсий фуқароларни мамлакат янги конституцияси бўйича ўтказиладиган референдумда иштирок этишга чақирди.

2 декабр куни Мурсийнинг юз мингдан зиёд тарафдори Қоҳира ва бошқа шаҳарларда кўча намойишига чиқди.

Пойтахт Қоҳиранинг Таҳрир майдонида эса мухолифат тарафдорларининг намойиши давом этмоқда.

Муҳаммад Мурсий 22 ноябр куни президент ваколатларини кенгайтириш ҳақида конституциявий фармон қабул қилганидан кейин мухолифат оммавий норозилик намойишлар бошлаган эди.

Президент фармони сабабли тартибсизлик юзага келган бир пайтда парламент янги конституция лойиҳасини тасдиқлади.

Намойишчилардан бири Имод Фикри президент Мурсийни, ўзи собиқ раҳбар бўлган “Мусулмон биродарлиги” ҳаракати мақсади йўлида иш юритаётганликда айблади.

- Сиз халққа, Таҳрир майдонига ва ҳамма инқилобчиларга хиёнат қилдингиз. Сиз барча мисрликлар орзуси эмас, Мусулмон биродарлиги мақсадларини амалга ошириш ниятида ҳокимиятни ўғирладингиз. Биз Сизни президент сифатида тан олмаймиз, деди Имод Фирки.

Намойишчилардан яна бири Отия Сулаймон эса конституция лойиҳаси мисрликлар манфаатига хизмат қилмайди, деган фикрда.

- Ишлаб чиқилган конституция тугал эмас У маълум гуруҳ томонидан тайёрланган сиёсий конституциядир ва умумий манфаатга хизмат қилмайди. Бу конституция сиёсатдан бошқа нарса эмас ва у халққа фойда келтирмайди, деди Отия Сулаймон.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи нуфузли Халқаро Амнистия ташкилоти Миср янги конституцияси “инсон ҳуқуқларини рисоладагидек ҳимоя қила олмаслиги”ни айтиб, уни қоралади.

Ташкилот чиқарган баёнотда Миср янги конституцияси лойиҳаси Ислом, Насронийлик ва Иудаизм динлари билан чекланган ҳолда Баҳои дини ва шиа мусулмонлари каби озчиликни ташкил этган диний гуруҳлар ҳуқуқлари ҳужжатда қайд этилмагани билдирилган.

Халқаро ташкилот баёнотига кўра, Миср янги конституцияси лойиҳасида халқаро қонунлар мамлакат қонунларидан устун экани қайд этилмаган ва бу Миср ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги халқаро қонунларни бажариш ҳақидаги ваъдасининг устидан чиқишини савол остига қўяди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG