Линклар

“Биржевой лидер” Интернет журнали ўтказган ва куни кеча эълон қилган ўзбекистонлик сиёсатчилар машҳурлиги рейтингида биринчи ўринни Гулнора Каримова эгаллади.

Унинг отаси – Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов эса, машҳурлик жиҳатидан қизидан кейинги иккинчи ўринда эканлиги маълум бўлди.

Нашрнинг ўзига ўзи берган баҳога қараганда, “Биржевой лидер” Интернет журнали трейдерлар ва сармоядорлар учун мўлжалланган энг оммавий суратли бепул Интернет портал бўлиб, ҳар куни жаҳоннинг 55 мамлакатида фаолият кўрсатаётган мухбирларидан эксклюзив информация олади”.

Ёзилишича, “Ўзбекистонлик сиёсатчилар машҳурлиги рейтинги” Яндекс излов тизими маълумотларига асосан тузилган.

Яъни, рейтинг бир ой давомида у ёки бу ўзбек сиёсатчиси тўғрисида неча марта маълумот излангани ҳамда Яндекс агрегатори оммавий ахборот воситалари янгиликлар ленталарида неча марта тилга олинганидан келиб чиқиб тузилган.

“Биржевой лидер”га кўра, “Гулнора Каримова” деган исмни муштарийлар Яндекснинг излов тизимига 9485 марта киритган бўлса, Ислом Каримов тўғрисидаги маълумот бир ой давомида 7750 марта изланган.

Лекин Яндекс ёритувчи янгиликларда тилга олиниши жиҳатидан ота қизидан ўзиб кетган: Каримов 422 марта, Каримова 376 марта.

Хўш, учинчи ўринни ким эгаллади?

Бу савол жавобини сал кейинроққа қолдирамиз.

Икки хил машҳурлик

“Биржевой лидер” ўз ҳисоботини тақдим этар экан, бундай ёзибди:

“АҚШ, Канада, Буюк Британия, Европа Иттифоқида сиёсий арбоб қанчалик машҳур бўлса, депутатликка номзодларнинг партиявий рўйхатларига кириб қолиш ёки оммавий ахборот воситаларида маоши катта сиёсий шарҳловчилик лавозимини эгаллаш ёки шу каби бошқа имкониятлар шунчалик юқори бўлади.

Тоталитар давлатларда эса, бунинг аксидир: миллат доҳийси ва отаси борки, у ва фақат у ўз халқининг энг машҳур етакчиси бўла олади. СССРда Сталин, Хитойда аввал Мао Цзедун ва кейин Дэн Сяопин эди. Шу кунда Шимолий Кореяда Ким Чен Ин, Озарбайжонда Илҳом Алиев, Туркманистонда Қурбонғули Бердимуҳаммедов, Қозоғистонда Нурсултон Назарбоев ёки Ўзбекистонда Ислом Каримовдир”
деб ёзар экан, “Биржевой лидер” мана бу саволни кўндаланг қўяди:
Бу мамлакатлардан биронтасида машҳурлиги жиҳатдан миллат Доҳийси ва Отасидан ўтиб кетадиган одам пайдо бўлишини тасаввур қила оласизми?

Ва журнал ўз саволига жавобан: Ўзбекистонда сенсация пишиб-етилмоқда, чунки худди шу ҳолат юз берди, деб ёзди.

Гулнора Каримовани нима машҳур қилди?

Рейтинг муаллифлари муштарийлар қизиқишини уйғотган Каримова билан боғлиқ мавзуларни санаб ўтган. Мана улардан баъзилари:

“Ислом Каримовнинг қизи ярим яланғоч суратлари билан Интернетни қўрқитди”;

“Киноюлдуз Депардье Гулнора Каримованинг сериалида ўйнайди”;

“Швеция матбуоти Гулнора Каримованинг айтрофидагиларга берилган поралар тўғрисида ёзди” ва бошқалар.

Отани нима машҳур қилди?

Яндекс муштарийлари “Ислом Каримов” деган исмни

-Ўзбекистонда иш ҳақи ва пенсияларнинг 1 декабрдан 10 фоизга оширилгани;

-энергетика масалаларида Ўзбекистоннинг Тожикистон ва Қозоғистон билан муносабатларидаги чигалликлар;

-МТС компанияси билан боғлиқ можаро ҳамда КХШТдан чиқиши муносабати билан

Ўзбекистоннинг Россия билан муносабатларидаги чигалликлар ва бошқа мавзуларга қизиқишлари туфайли излаганлар.

Учинчи ўринда Шавкат Мирзиёев

Бош вазирнинг Қиз ва Ота Каримовлардан кейинги ўринни эгаллаганини шарҳлар экан, “Биржевой лидер”: “Ҳозир у президентнинг “ўнг қўли”, эҳтиёткорона ва оғир-босиқ сиёсат олиб бораяпти, болалар ҳуқуқлари учун курашаяпти ва тажрибали сиёсатчи сифатида Президентнинг қизи эмаслигини ва шунинг учун ҳам машҳурликда доҳийни ортидан қувиш фойдасига ётмаслигини жуда яхши тушунади”, деб ёзди.

“Биржевой лидер” тузган рейтингдаги бошқа ўринларни кимлар эгаллаганини мана бу ердан билишингиз мумкин.



“Лизость к телу”

Сиёсатчилар машҳурлиги рейтинги Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар учун янгилик бўлиши мумкин. Ғарб учун одатий бўлган бундай рейтинглар кейинги йилларда постсовет мамлакатларнинг кўпчилигида, хусусан, Россияда ҳам одат тусига киришга улгурган.

Масалан, “Коммерсантъ-Власть” ҳафталиги сиёсатчилар машҳурлиги рейтингидан ташқари уларнинг бошқа соҳалардаги рейтингларини ҳам эълон қилиб келади.

Улардан бири “Лизость к телу”, деб аталади. Замирида сўз ўйини ётгани учун номини таржима қилиш иложсиз бўлган мазкур рейтингдан муайян давр давомида мамлакат раҳбарларига хушомад қилган сиёсатчилар жой олади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG