Линклар

4 декбар куни Қирғизистонга Хитой ҳукумати раҳбари Вэн Цзябао расмий сафар билан келди. Бишкекда ўтадиган музокараларда энергетика ва йўл қурилиши соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама этилиши айтилмоқда.

Хитой Қирғизистонда энергетика соҳаси билан бир қаторда йўл қурилиши бўйича лойиҳаларни ҳам амалга оширмоқда. Масалан, Қирғизистоннинг энергетик хавфсизлиги ва мустақиллигини таъминловчи “Датка-Кемин” электр тармоғини барпо этиш, “Кемин” подстанциясини қуриш, Бишкек-Норин-Тўругарт, Ўш-Саритош-Эргаштом автомагистралларини бунёд этиш каби лойиҳалар шулар жумалсидандир.

Расмий статистикага кўра, 2012 йилда Хитой ва Қирғизистон ўртасидаги товар айрбошлаш 5 миллард доллардан ошган. 1990 йилда эса бу кўрсаткич 35 миллион долларни ташкил қилган эди.

Қирғизистон ҳукумати тарқатган маълумотда айтилишича, Хитой раҳбари Вэн Цзябаонинг Бишкек сафари давомида иқтисод ва сармоя, геология ва тоғ-кон саноати соҳасидаги ҳамкорлик, Ўш-Боткен- Исфана йўлини таъмирлаш учун енгиллатилган кредит бериш каби тўртта ҳужжат имзоланади.

Геология ва минерал заҳиралар агентлиги раҳбари ўринбосари Наби Эшназаровнинг айтишича, Хитой билан тоғ-кон саноатида ҳамкорлик қилиш юзасидан шартноманинг имзоланиши муҳимдир. Чунки бу йўналишда шартноманинг йўқлигига қарамай, Қирғизистонда бир қатор Хитой ширкатлари конларни ишлатиб келмоқда.

-Икки томонлама шартнома мавжуд эмас. Лекин Хитой ширкатлари лицензия олиб, ишлаб келишмоқда. Бугунги кунда тоғ-кон саноатида жуда кўп қирғиз-хитой қўшма ширкатлари ишлаяпти, –деди Наби Эшназаров.

Хитой тоғ-кон ширкатлари фаолияти қирғизистонликлар ўртасида жуда катта норозиликларни пайдо қилмоқда. Мамлакатнинг бир қатор ҳудудларида вақти-вақти билан маҳаллий аҳоли Хитой ширкатлари фаолиятига қарши норозилик намойишлари ўтказмоқда. Иқтисодий таҳлилчи Азамат Акелеевнинг айтишича, бунга хитойликларнинг Қирғизистон қонунчилиги талабларига риоя қилмаётгани сабаб бўлаяпти.

-Хитой бизнеси этика ва экология меъёрлари талабига зид равишда фаолият кўрсатади. Мана шу жиҳатдан олиб қараганда, қонунчилик бузилмоқда. Қирғизистон миграция ва экология қонунчилигига риоя қилинишини қатъий талаб қилсагина Хитой билан ҳамкорликнинг хавфсизлиги таъминланган бўлади, -деди Азамат Акелеев.

Маҳаллий экспертларга кўра, Қирғизистонда Хитойнинг юз мингдан ортиқ фуқароси меҳнат қилади. Бироқ Хитойнинг Бишкекдаги элчиси Ван Кайвен расман Қирғизистонда 20 мингдан кўп бўлмаган хитойлик меҳнат муҳожири борлигини билдирган.

Иқтисодий таҳлилчи Азамат Акелеевнинг айтишича, Хитой Қирғизистонда ўзининг узоқ муддатли стратегиясини амалга оширмоқда. Шунинг учун ҳам Хитой Қирғизистонга таъсир кўрсатишнинг барча воситаларидан самарали фойдаланишга интилади.

-Бу узоққа мўлжалланган стратегия. Хитой нафақат бизда, балки Африкада ҳам мана шундай лойиҳаларни амалга ошириб, ўз таъсирини кучайтирмоқда. Хитой энг аввало иқтисодий жиҳатдан манфаатдор. У тоғ-кон бойликларни ўзлаштириб, келажакда фойдали қазилмаларга туғиладиган эҳтиёжи қондирилишини кафолатламоқчи бўлаётир. Қирғизистон Хитойга энг яқин мамлакат бўлгани учун ҳам Хитой уни қўлдан чиқармасликка ҳаракат қилади, -деди Азамат Акелеев.

Хитой раҳбари Вэн Цзябао Бишкекка Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат ҳукуматлари раҳбарларининг йиғини олдидан ташриф буюрди. Мазкур анжуман Бишкекда 5 декабр куни бўлиб ўтади.
XS
SM
MD
LG