Линклар

Калининградда уч ўзбек муҳожири заҳарланиб ўлди


Уч ўзбекистонликнинг жасади Калинингардда қурилаётган хусусий уй ичида топилди.

Уч ўзбекистонликнинг жасади Калинингардда қурилаётган хусусий уй ичида топилди.

Ўтган ҳафта охирида Калининградда қурилаётган уйлардан бирида икки эркак ва бир аёлнинг жасади аниқланди. Терговчилар нобуд бўлган меҳнат муҳожирлари ўзбекистонликлар бўлганини айтмоқда.



1 декабр куни Калининград ҳуқуқ тартибот органларига Ленинград туманидаги Михаил Светлов кўчасида қурилаётган уйлардан бирида уч мурда топилгани тўғрисида хабар тушди.

Ҳодиса жойига етиб борган тергов гуруҳи ва полициячилар уч киши бензин генераторидан чиққан тутундан заҳарланиб ўлганини анқилади, деди Озодлик билан суҳбатда, Россия Тергов қўмитасининг Калининград вилояти бўйича бошқармаси вакили, адлия полковниги Марианна Андрюшина.

- Уларнинг шахслари аниқланди, Ўзбекистон фуқаролари экан. Ёшлари ҳам аниқланди. Ўлимга бензин буғлари билан заҳарланиш сабаб бўлган, қотиллик аломатлари аниқланмаган. Уй эгаси уларни траншея қазиш учун ёллаган экан, деди Тергов қўмитаси ахборот маркази бошлиғи.



Андрюшинанинг сўзларига кўра, ўлган эркаклардан бири 22 ёшда, яна бири 36 ёшда бўлган, аёлда ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлиги боис ёши ҳозирча аниқлаштирилгани йўқ.

Маълум бўлишича, 1 декабр куни Светлов кўчасида қурилаётган хусусий ҳовлига бир гуруҳ усталар келган ва бинонинг биринчи қаватида ўликларни аниқлаган.

Терговчилар тахминича, ўша куни ёққан биринчи қор ва совуқ тушгани туфайли ўзбекистонликлар бинонинг биринчи қаватига, ўзи ётган хонани иситиш учун бензин генераторини олиб кирган ва уларнинг ўлимига шу генератор буғлари сабаб бўлган.

Шунингдек аниқланишича, уй эгаси ўзбекларни фақатгина ҳовлида трубаларни ётқизишга мўлжалланган траншея қазиш учун ёллаган, уларга иш бажарилганидан кейин ҳақ тўлашга келишган.

Калининград вилояти бўйича Тергов қўмитаси вакили Марианна Андрюшина жасадлар бино ичида бир неча кун қолиб кетганини айтади.

- Уларнинг юзларида бироз жароҳатлар борлиги кўзатилди. Суд-тиббиёт экспертлари сўзларига кўра, бу жароҳатларга кемирувчилар сабаб бўлган. Бу кўчада уйларнинг кўпи битмаган, шу сабабли сичқон-каламушлар жуда кўп. Шу бир эркакнинг бурнини каламушлар еб кетганидан улар бир неча кун ётгани хулоса қилинди,- дея қўшимча қилди тергов қўмитаси расмийси.

Полиция ходимлари Ўзбекистон фуқаролари Калининград ҳудудида ноқонуний яшаб келгани, улар тўғрисида маълумотлар Ўзбекистон консуллигига маълумот берилгани ва уларнинг яқинлари изланаётганини маълум қилди.

Тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG