Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:39

Сурхондарёлик йигит ҳақиқат талаб қиляпти


Озодликнинг Москвадаги бюросига сурхондарёлик Равшан Нуров қўнғироқ қилиб, сўнгги йилларда бошдан кечирганларини гапириб бериш истагини билдирди.

Равшан Нуров Москва атрофидаги саноқсиз шаҳарчалардан биридаги дала ҳовлида бир неча йилдан буён қоровуллик қилиб, кун кечиради.

35 ëшга тўлиб, ҳали уйланмаган сурхондарёлик бу йигит гапни акаларининг Ўзбекистонда ноҳақ айбловлар билан қамалганидан бошлади.

- Шу йилнинг 8 дан 9 февралга ўтар кечаси Миллий хавфсизлик хизматидан военний формада, маскалар билан келиб, уйимизни қуршаб, иккита акамни олиб кетишган эди. У болалар фақат оилани боқиш учун Россияга келиб ишлаб кетарди. Мен ўзим ҳам бу ерда дачада охранниклик қиламан 15 минг маошга. Мана 35 ёшга кирганману проблема кўплигидан ўзим уйланмаганман ҳали. 40 кун олдин онам ўтдилар, ҳатто шунга бора олмадим. Мен борсам, мени ҳам қамаб қўйишади, чунки бизга шунақа туҳмат бўлган исбот-далилсиз, дейди Равшан.

Унинг сўзларига кўра, акалари 44 ёшли Сайфулло, 40 ёшли Сайдулло ва 37 ёшли Абдуллоҳнинг қамоққа ташланиши ортидан Россиядан қайтиб борган яна бир укаси – 34 ёшли Искандар ҳам қамоққа олинади.

- Даже хозяиним (иш берувчим демоқчи - таҳр.) онам ўтганларига "бориб келгин", деди. Мен қўрқдим, чунки борсам, мени ҳам ушлаб олишади. Борганни шундай олиб кетишяпти. Бизнинг колхозимиздан 30 кишини олиб кетишувди, ҳаммасини ҳайдаб, айримларига жавоб беришворди, менинг акаларимга жавоб йўқ! Улар Тошкентнинг тўрт жойида эканмиш, кесилганми-йўқми, билмадим. Буларни айблови, хуллас, “Москвага келиб, террористлик қилган”, деган айбловни қўйишганмиш. Маҳалламиздан бир бола билан урушиб қолган эди, шу ёзиб берибди. “Булар терроризм, ваххобизм, шунақа ишлар билан шуғулланади”, деб ёзиб берган, - дейди Равшан яқинлари жавоб олиш мақсадида кўп жойга мурожаат қилгани, лекин жўяли жавоб олмаганини қўшимча қиларкан.

Сариосиёлик бу йигит ҳақиқатан акалари билан намозхон экани, лекин буни айб сифатида кўрсатиш мумкин эмаслигини гапиради. Унинг айтишича, тўрт ўғли кетма-кет қамалганини кўтара олмаган онаси яқинда оламдан ўтган.

- Аввалига бу ажалу, лекин тўғриси, шуларни деб онам оламдан кўз юмдилар. Баъзилар айтяпти “Кесилган шу айбловларни бўйнига қўйиб – етти йил-беш йилга”деб. Болаларни уриб бўйнига қўйишган! Яна нечта қўшниларимиз ишларди биз билан, уларни ҳам олиб бориб, “мана шу гапларни айтасан, шунақа бўлган” деб уриб, нечтаси болнисалик бўлди. Мана яқинда ёнгимга ноябрда ишлаб кетди бир бола “Паспортимни олиб қўйиб, шунақа дейсан, деди. Мен судга кириб тўғрисини айтдим: “Булар бунақа эмас, ишлаймиз бирга”, деганига паспортини бир варағини йиртиб берибди. У яна 400 минг сўмга бошқа паспорт қилиб, билет олиб келибди, дейди Озодликка сурхондарёлик Равшан.

Равшан Нуров акаларининг ноҳақ қамалгани уни Озодлик орқали ўз ҳикоясини гапириб беришга ундаганини айтади.

- Қаерга мурожаат қилсам, ҳеч ким қулоқ солмайди. Мен Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Г. Хидиров жамоа хўжалигида яшайман. Ўзим 1977 йилда туғилганман. Акаларим билан бир маҳаллада яшайман. Отам участкасини бўлиб берганлар акам билан менга. Уйни унга бериб, янги уй кўтариш планларим бор эди. Мени талабим акаларимга туҳмат қилган одамларни жазолашсин. Менга ҳақиқат йўқдай кўриняпти-да...

Туҳмат билан боллар қамалиб кетяпти! Биз ҳам ўша Ватанда туғилганмиз, она-Ватанимиз Ўзбекистон! Хоҳлаймиз биз ҳам ҳалол-пок яшашни. Ҳа, бу намоз эса Худонинг фарзи – буни қандай инкор қиламиз?! Бир кун ҳаммамиз Худонинг олдига борамиз-ку, - дейди сариосиёлик Равшан Нуров.

Озодлик сурхондарёлик ака-ука Нуровлар тақдирини кузатишда давом этади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:12 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG