Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:52

Обама Ассадни огоҳлантирди


АҚШ президенти Сурия режимини исёнчи ёки мухолифат тарафдорларига қарши кимёвий қуроллар қўллашдан огоҳлантирди. Айни пайтда, Сурия пойтахти Дамашқ ташқарисида ҳукумат кучлари билан исёнчи гуруҳлар ўртасида жанглар давом этаётгани хабар қилинди.


АҚШ Президенти Барак Обама Вашингтонда жойлашган Миллий мудофаа университетида душанба куни қилган чиқишида Сурия Президенти Башар Ал-Ассадни, агар Дамашқ режими исёнчилар ёки мухолифат тарафдорларига қарши кимёвий қуроллар қўлласа, бунинг “оқибатлари” бўлишидан огоҳлантирди.

- Ассад ва унинг тасарруфидаги кучларга буларни аниқ ва равшан маълум қилишни хоҳлайман: Дунё кўриб турибди. Кимёвий қуроллар қўлланилиши мутлақ қабул қилинмайдиган ҳол. Агар бундай қуролдан фойдаланиб, фожиавий хатоликка йўл қўйсангиз, унинг оқибатлари бўлади ва сиз масъул бўласиз, дея баёнот берди АҚШ президенти.



Барак Обама Дамашқ режими кимёвий қуролни ишга солса, бу қандай оқибатларга олиб келишини аниқ айтмади.

Обама 3 декабр куни бундай баёнот беришидан олдин АҚШ расмийлари Сурия режими сўнгги кунларда мухолифат кучларига қарши қўллаши эҳтимоли бўлган кимёвий қуроллар компонентларини бир жойдан бошқа жойга кўчираётгани ҳақида разведка маълумотлари олинганини билдирган.

Кимёвий қуроллар ҳақидаги хабарларга жавобан Сурия Ташқи ишлар вазирлиги ҳукумат ҳар қандай вазиятда сурияликларга қарши кимёвий қуроллар қўлламаслигини баён қилди.

Айни пайтда, НАТО Ташқи ишлар вазирларининг 4 декабр куни Брюссел шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида Сурия ракеталари ёки учқичлари ҳужумидан мудофаа қилиш учун Туркияга “Патриот” ракета системасини жойлаштириш ҳақидаги Туркия сўровини расман маъқулланди.

3 декабр куни Истанбул шаҳрида Туркия Бош вазири билан учрашган Россия Президенти Владимир Путин Сурия чегараси яқинига “Патриот” ракеталарининг жойлаштирилиши қарама-қаршиликни кучайтириши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

Минглаб суриялик қочқинларга бошпана берган Туркия бир неча марта президент Башар Ал-Ассад режимини ағдаришга очиқдан-очиқ чақирган.

Суриянинг анъанавий иттифоқчиси ҳисобланган Россия эса хорижий давлатларнинг Сурия можаросига аралашишига қарши чиққан.

Сурияда хавфсизлик вазияти оғирлашаётган бир пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бу мамлакатга ёрдам тўхтатилаётгани ва ташкилотнинг техник ходимлари Суриядан олиб чиқилаётганини билдирди.

Сурияда БМТнинг 100 нафар халқаро ва 900 дан ортиқ маҳаллий ходимлари бор.

БМТ расмийлари сўнгги пайтда пойтахт Дамашқда хавфсизлик вазияти янада хатарли тус олганини билдирган.

Пойтахт атрофида исёнчи гуруҳлар ва ҳукумат кучлари ўртасида жанглар шиддатли тус ола бошлагани Дамашқнинг халқаро аэропорти хавфсизлигига тахдид солмоқда.

Шу боис 3 декабр куни Миср ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари ўз самолётларининг Дамашққа парвозини тўхтатди.

Сурия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Жиҳод Ал-Мақдисий Байрут орқали Лондонга қочиб кетгани хабар қилинди. Бу Сурия ҳукумати ичида тартибсизлик юзага келганининг белгиси, деб бахоланмоқда.

Ал-Мақдисий лавозимидан бўшатилгани ёки қочиб кетгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот олинмади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:16 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG