Линклар

logo-print

"Бунёдкор" вице-президенти ишдан кетди


"Бунёдкор" футболчиларига кўра, вице-президентнинг ишдан кетиши бевосита можаро билан боғлиқдир

"Бунёдкор" футболчиларига кўра, вице-президентнинг ишдан кетиши бевосита можаро билан боғлиқдир

“Бунёдкор” футбол клуби вице президенти Баҳром Давлатов ишдан бўшади. Бу хабарни Давлатовнинг ўзи тасдиқлади ва соғлиғи ёмонлашгани туфайли истеъфога кетишга қарор қилганини таъкидлади. Ўтган ойда “Бунёдкор” футболчилари Озодликка мурожаат қилиб клуб раҳбарияти шартномада кўрсатилган тўловларни беришдан бош тортаётганини айтган эди. “Бунёдкор” ўйинчиларининг айтишича, вице-президентнинг ишдан кетиши ана шу можаро билан боғлиқдир. Клуб раҳбарияти шартнома бўйича барча мажбуриятларни бажаришни ваъда қилди, деди Озодлик билан суҳбатлашган “Бунёдкор” ўйинчиларидан бири.



Ўзбекистон Футбол федерациясига яқин манба, клуб вице президенти Баҳром Давлатов сешанба куни ишдан кетиш тўғрисида ариза топширганини хабар қилди.



Давлатовнинг ўзи, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, ўз лавозимидан истеъфога кетаётгани ва ҳозирда юрак хасталиги билан касалхонада даволанаётганини маълум қилди.

“Соғлиғим ёмонлашгани боис ўз вазифамни бажара олмай қолдим. Ёшим анчага бориб қолган, духтирлар юрак хасталиги билан ҳазиллашиб бўлмайди, деб раҳбар лавозимида ишлашга рухсат бермаяпти”, деди “Бунёдкор” футбол клуби собиқ вице президенти.

Озодлик 22 ноябр куни “Бунёдкор” футбол жамоасининг бир гуруҳ ўйинчилари клуб билан тузилган шартнома бўйича кўзланган молиявий имтиёзларни тўла оломаётганидан шикоят қилишгани ҳақида хабар қилган эди.

Клуб раҳбарияти билан ўйинчилар ўртасидаги можаронинг асосий сабабчиси сифатида Баҳром Давлатов исми келтирилган эди.

Озодлик мухбири билан овози эфирга берилмаслиги шарти билан гаплашган футболчиларнинг айтишича, Давлатовнинг ишдан кетиши бевосита ўша можаро билан боғлиқдир.

“Унинг касал бўлиб қолиши ўртамиздаги конфликт билан боғлиқ. Ўзи аслида можаро келиб чиқишининг асосий сабабчиси ҳам Баҳром Давлатовдир. Мана энди клуб раҳбарияти тегишли чоралар кўра бошлади ва уни ишдан четлатди. Тўловлар масаласига келсак, сиз билан охирги марта гаплашганимиздан кейин пулларимизни беришни ваъда қилишди, энди кутиб турибмиз”, деди “Бунёдкор” футболчиси сешанба кунги суҳбатда.


Баҳром Давлатов “Бунёдкор” клуби вице-президенти лавозимини бир йил аввал эгаллган эди. Ундан олдин у “Насаф” ва “Машаъл” футбол клубларини бошқарган.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган футболчи “бу одам билан ишлаган футболчилар орасида, у ҳақда яхши фикр билдирадиганини топа олмайсиз. У ҳеч қачон футболчиларни одам ўрнида кўрмаган”, дея таъкидлади.

Ўзбекистон Футбол федерациясига яқин манбанинг Озодлик мухбирига билдиришича, Баҳром Давлатов “Бунёдкор”нинг яна бир вице-президенти Хусниддин Ҳусанов билан бирга клуб бюджетитдаги маблағларни ўзлаштирган.

“Хусниддин Ҳусанов “Бунёдкор”нинг асосий ҳомийси “Ўзтрансгаз” ширкати томонидан вице-президентликка тайинланган. Давлатов билан Ҳусановнинг молиявий қаллобликлари прокуратура томонидан текширилмоқда”, дейди Озодлик манбаси.

Бироқ бу иддаоларни расмий идоралардан тасдиқлатишнинг иложи бўлганича йўқ.

“Бунёдкор” клуби ижрочи директори Бахтиёр Бобоев, Озодлик билан суҳбатда, бу юзадан изоҳ бермади, лекин Давлатов ишдан кетиш тўғрисида ариза ёзганини тасдиқлади.

“Бунёдкор” ўйинчилари, Озодлик билан аввалги суҳбатда Баҳром Давлатов ва Хусниддин Ҳусанов шартномада кўзда тутилган бонус пулларини футболчилар сўнгги мавсумда яхши ўйин кўрсата олмагани важидан беришдан бош тортаётганини гапириб берган эди. “Ҳар бир ўйинчи шартнома имзолаган пайтда, ойликдан ташқари ана шу бонуслар тўланишини командада ўйнаш учун рағбат сифатида кўради. Агар бу арзимаган пул бўлганида мурожаат қилмас эдик”, деган эди футболчилар.

“Бунёдкор” футбол жамоаси 2005 йилда, собиқ “Зеромакс” ширкати таркибидаги “Нефтгазмонтаж” корхонаси молиявий кўмагида “Қурувчи” номи билан тузилган. 2007 йилдан бери олий лигада ўйнай бошлаган “Қурувчи”га 2008 йилда “Бунёдкор” номи берилди.

“Бунёдкор” жамоаси энг яхши ўйин кўрсатиб, юқори натижаларга эришган давр клубга собиқ “Зеромакс” ширкати ҳомийлик қилган пайтга тўғри келади.

Ўшанда “Бунёдкор” клуби дунёдаги энг қиммат тренерни ёллагани билан танилди. 2009 йилда бразилиялик машҳур мураббий Луис Филипе Сколари билан тузилган шартномага кўра, йилига 25 миллион АҚШ доллари миқдорида маош тўланди. Бундан ташқари жамоа сафида Ривалдо, Денилсон, Жоао Виктор, Луиазо, Стевица Ристич каби жаҳон футбол юлдузлари тўп сурган. Уларнинг контрактлари ҳам миллионлаб АҚШ долларини ташкил қилгани айтилади.

Бироқ “Зеромакс” ширкати 2010 йилда синиши ортидан номдор тренер ва футболчилар “Бунёдкор”ни тарк этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG