Линклар

logo-print

Милиция бошлиғи тиллафурушликда айбланмоқда


Хатирчи туман Ички ишлар бўлими собиқ раҳбари ноқонуний тарзда олтин қазиб олган гуруҳга алоқадорликда айбланмоқда.

Хатирчи туман Ички ишлар бўлими собиқ раҳбари ноқонуний тарзда олтин қазиб олган гуруҳга алоқадорликда айбланмоқда.

Навоий вилояти Хатирчи туман Ички ишлар бўлими раҳбари подполковник Баҳриддин Тўхтаев ноқонуний равишда олтин қазиш ишлари билан шуғулланганликда айбланиб, Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинди.



Хатирчи туман Ички ишлар бўлими раҳбари Баҳриддин Тўхтаев ҳозирда Навоий вилоят Миллий хавфсизлик хизматининг тергов изоляторида сақланмоқда.

Бу ҳақда Навоий вилоят Ички ишлар бошқармасининг ўзини таништирмаган ходими Озодликка маълум қилди.

Милиция ходимига кўра, подполковник Тўхтаевга очилган жиноий иш ҳам Навоий вилоят Миллий хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилмоқда. Суҳбатдошимиз Тўхтаев билан боғлиқ бошқа тафсилотлардан бехабарлигини айтди.



Баҳриддин Тўхтаев устидан бўлаётган тергов жараёнидан бевосита хабардор бўлган ҳуқуқ тартибот ходимларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, подполковник Тўхтаев ноқонуний равишда олтин қазиш ишлари билан шуғулланганликда айбланмоқда.

Манбанинг айтишича, Хатирчи тумани Олтинсой ширкат хўжалигидаги тоғли ҳудудда бир гуруҳ шахслар олтин қазиб олиш ишлари билан қонунга зид тарзда шуғулланиб келган. Подполковник Тўхтаев бу гуруҳ ортида турган.

Озодлик суҳбатлашган хатирчилик бошқа бир манбанинг айтишича, Олтинсойда олтин қазиш ишлари билан шуғулланиб келган гуруҳ аъзолари вилоятдаги нуфузли кишилардан иборат бўлган. Манбага кўра, мазкур гуруҳ кейинги 3-4 йил мобайнида олтин қазиш ортидан анча бойлик ортирган.

Тўхтаев ишидан хабардор ҳуқуқ тартибот ходимининг айтишича, Олтинсойда ноқонуний тарзда олтин қазиш ишларига Ўзбекистон ҳокимиятидаги айрим амалдорлар ҳам алоқадор бўлган.

Бу манба мазкур нуфузли шахсларнинг исми-шарифини Озодликка маълум қилди, бироқ уларнинг ҳали Тўхтаев билан боғлиқ ишга жалб қилинмагани боис бу исмларни очиқламаяпмиз.

Ўзбекистонда МХХ матбуот учун ёпиқ органлардан бири бўлгани боис Навоий вилоят МХХсидан Тўхтаев иши бўйича бирор маълумот олиш имкони бўлмади.

Хатирчи туман ИИБ ходимлари бўлимнинг собиқ раҳбари билан боғлиқ вазият ҳақида фақат вилоят ИИБдан маълумот олишимиз мумкинлигини таъкидлашди.

Ҳозирда Хатирчи туман ИИБ бошлиғи вазифасини вақтинча ижро этувчи лавозимига подполковник Обид Бекпулатов тайинланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG