Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:04

Мустақил матбуотнинг овози ўчирилиши мумкин


Президент Назарбоевнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган Владимир Козлов жанаўзенлик нефтчиларни ҳукуматни ағдариш учун уюштирганликда айбланиб 7 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Президент Назарбоевнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган Владимир Козлов жанаўзенлик нефтчиларни ҳукуматни ағдариш учун уюштирганликда айбланиб 7 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Мухолифатдаги икки ҳаракат ҳамда ҳукумат фаолиятига танқидий ёндошувчи бир неча ўн нашрга тақиқ таҳдиди хавф солиб турибди.

Қозоғистон прокуратураси қарийб 30 оммавий ахборот воситаси - газеталар, Интернет сайтлари ва телеканаллар ҳамда “Олға!” ва “Халқ Майдони” халқ ҳаракатларини экстремизмни тарғиб қилишда ва ҳукуматни ағдаришни кўзлаганликда гумон қилиб, уларни тақиқлашни талаб қилди.

Суднинг биринчи ҳукми 4 декабр куни чиқди. Унга биноан "Stan-ТВ" Интернет телевидениеси ёпилиши лозим.

“Олға!” халқ ҳаракати иши 5 декабр куни кўрилади. Ёпилиши кутилаётган биринчи газета - “Голос Республики” устидан судловнинг 6 декабр куни бошланиши кутилмоқда.

Мухолифатчилар фикрича, Қозоғистондаги мухолиф кучларга қарши кампания ўтган йилнинг декабрида Жанаўзен шаҳрида бўлиб ўтган ва 17 ишчи отиб ўлдирилган тартибсизликлардан сўнг бошланган.

Нефтчиларнинг бир неча ой давом этган норозилик чиқишларидан сўнг юз берган декабр фожеаси Қозоғистоннинг постсовет тарихидаги энг қонли воқеа бўлди.

Қозоғистондаги “Одил Сўз” халқаро жамғармаси раҳбари Тамара Калеева бундай деди:

-Биринчи сабаби, албатта, Жанаўзендаги воқеалардир. Ҳокимиятимиз нефтчиларнинг ўз ҳуқуқларини сурункали ҳимоя қилганидан шу қадар қўрқиб кетдики, натижада бундай воқеалар такрорланмаслиги учун зўр бермоқда. Кўрилаётган чораларни васваса, ҳаддан ошиш, деб баҳолаш мумкин, деди Тамара Калеева.

Прокуратура "Stan-ТВ" каналини, “Голос Республики” газетасини ва бошқа қатор мустақил нашрларни Жанаўзенда низо қўзғаганликда айбламоқда.

Бош прокуратура “Республика” медиа гуруҳига кирувчи 8 та газета ва 23 та сайт фаолияти тўхтатилишини талаб қилмоқда. Ёпилиши талаб қилинаётганлар орасида “Взгляд” газетаси ҳамда К+ телеканали ҳам бор.

Прокуратура ўз талабини “Олға!” ва “Халқ Майдони” халқ ҳаракатлари лидери Владимир Козловнинг қамалиши билан боғламоқда. Президент Назарбоевнинг ашаддий танқидчиларидан бири бўлган Козлов жанаўзенлик нефтчиларни ҳукуматни ағдариш учун уюштирганликда айбланиб 7 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Расмийлар, шунингдек, мустақил газеталарнинг Назарбоевнинг энг йирик рақибларидан бири, банк магнати Мухтар Аблазов билан алоқаси борлигига ишора қилган.

Аблязов Назарбоев билан ораси бузилгач, 2009 йили Буюк Британиядан бошпана топган эди.

“Голос Республики” газетаси адвокати Сергей Уткин Аблязовнинг газета билан алоқаси борлиги тўғрисидаги гап-сўзларни инкор этади.

-Бу газета ҳокимиятга ёқмайдиган материалларни, жумладан Жанаўзенга оид материалларни чоп этадики, ёпиш сабабларидан бири шудир. Бу газетанинг юридик жиҳатдан на Аблязовга, на Козловга алоқаси бор. Расмийлар алоқаси бор, деб ҳисоблайди, чунки улар душман ҳисобланади.

Уткиннинг айтишича, “Голос Республики” газетаси фаолияти судгача тўхтатиб қўйилган, газетанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига эса, тўсиқ қўйилган.

“Олға!” ва “Халқ Майдони” халқ ҳаракатлари фаолияти ҳам суд қарори чиққунича тўхтатилган.

Қозоғистон ҳукумати мухолифатчилар ва мухолифатчи оммавий ахборот воситаларига босим ўтказаётгани учун мамлакат ичида ҳам, халқаро миқёсда ҳам кескин танқид қилинмоқда.

Инсон ҳуқуқлари Хьюман Райтс Уотч ташкилоти Козловнинг озодликдан маҳрум этилишини “фикр билдириш эркинлиги ҳамда сиёсий плюрализмга берилган зарба”, деб баҳолади. АҚШ эса, Қозоғистонни ўзининг судлов тизимидан “мухолиф фикрни бўғиш” учун фойдаланаётганликда танқид қилди.

Норвегия Хельсинки қўмитаси эса, ОАВларига нисбатан қўлланилаётган шафқатсиз чораларни “нотўғри йўналишдаги драматик қадам” сифатида баҳолади.
XS
SM
MD
LG