Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:55

Ўзбекистон яна жаҳондаги энг коррупциялашган давлатлар ўнлигида


Жаҳон давлатларидаги коррупция вазиятини тадқиқ қилиб келаëтган Transparency International ташкилоти чоршанба куни ўз янги йиллик ҳисоботини эълон қилди.

Унга кўра¸ аксар давлатларда олий ҳокимият тизимларида порахўрликнинг авж олиши жамоатчилик норозилигининг кучайгани қарамай¸ давом этмоқда.

Маркази Берлинда жойлашган ташкилот Коррупция даражаси индексига киритилган 176 давлатнинг учдан икки қисмида¸ ҳукуматларнинг жамоатчилик томонидан ўта коррупциялашган деб қабул қилиниши ҳақида хулоса чиқарди.

Бу йилги индексга киритилган 176 давлат орасида Афғонистон энг сўнгги ўринга қўйилди. 170-ўринга қўйилган Ўзбекистон ҳам дунëдаги энг коррупциялашган ўнликдан жой олди.

Ташкилотнинг постсовет давлатлари бўйича етакчи тадқиқотчиси¸ ҳисобот муаллифларидан бири Светлана Савицкая Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги коррупция вазияти мутлақ ўзгаришсиз қолгани ва ўтган йилги 177-ўриндан 170-ўринга чиқиш фақат техник сабабларга кўра амалга ошганини айтади:

- Моҳиятан ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Зотан¸ Ўзбекистон авваги ҳисоботларда ҳам энг охирги ўринлардан бирида эди¸ бу йил ҳам шундай қолди. Рейтингда кўрилаëтган техник ўзгариш ўтган йилги ҳисоботга 184 давлат киритилган тақдирда¸ бу йилгисининг камайиб¸ 176 та бўлгани билан боғлиқ¸ холос.

Бевосита¸ Ўзбекистондаги коррупция авҳолига келсак¸ шахсан мен бу аҳволнинг ўзгаришини кутганим ҳам йўқ¸ бундай ўзгаришни кўрганим ҳам йўқ.

Озодлик: Индексга киритилган давлатлар¸ хусусан¸ Ўзбекистондаги коррупция вазиятини баҳолаш қандай мезон ва манбалар асосида амалга оширилди?

Савицкая: Ўзбекистон бўйича хулосаларимиз олтита манбага асосланган. Улар эса¸ масалан¸ судлар ва одил судлов вазияти¸бизнес қилиш эркинлиги аҳволига баҳо берганлар. Бу индекс мақсади давлат тизимларидаги коррупция вазиятини ўрганишдир. Олти манба ҳам Ўзбекистондаги вазиятга энг ëмон кўрсаткичлар асосида баҳо берган.

Озодлик: Ўзбекистон давлат тизимларидаги коррупция аҳволининг ëмонлашуви билан мамлакатдаги умумий сиëсий иқлим¸ хусусан фуқаролик жамияти ва эркин матбуот аҳволи ўртасида бевосита алоқадорлик борми?

Савицкая: Албатта. Фуқаролик жамиятига нисбатан репрессиялар фуқароларнинг ўз ҳукуматлари¸ давлат амалдорлари фаолияти устидан эркин текшириш ва мониторинг олиб бора олмасликларини англатади. Улар давлат тизимлари ва мулозимларини ўз фаолиятини шаффофлаштириш¸ фуқароларга ҳисоб беришга мажбурлаш имконидан маҳрумлар. Бундай шаффофлик ва ҳисоб беришга мажбурлик эса¸ давлат тизимларидаги коррупция вазиятини яхши томонга ўзгартиришга ëрдам беради.

Озодлик: Ўзбекистонда давлат тизимларида коррупциянинг урчиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Агар ана шу коррупциялашган тизимлар ичида яна алоҳида рейтинг қўлланилса¸ Ўзбекистондаги давлат структуралари ичида энг коррупциялашгани¸ сизнингча¸ қайси?

Савицкая: Менимча¸ бу мутлақ суд тизимидир. Сўнгра¸ давлат амалдорлари¸ соғлиқни сақлаш ва маориф, олий таълим ва милициядир. Сиëсий партиялар ичида ҳам коррупция авж олган. Ўзбекистондаги давлат тизимларининг бирор жабҳасида коррупция йўқ ëки кам дейишга¸ афсуски¸ асос йўқ.

Озодлик Ўзбекистондаги коррупция вазияти ҳақида айрим фуқаролар фикрини ўрганишга ҳаракат қилди.

Расмийлар коррупцияга қарши кураш олиб борилаётганини таъкидлаб келаётганига қарамай, аксар ўзбекистонликлар мамлакатда коррупция кенг тарқалган ва унга қарши кураш самара бермаяпти, деган фикр билдирди.

Шавкат Усмонов, ўқитувчи:

- Биринчидан, одамлар қўрқиб қолган эмас. Ўрганиб ҳам, кўникиб ҳам кетишаяпти пора билан ишни битириб кетишга. Бу оддий ҳолатга айланиб бораяпти. Ўша коррупция қаердан туғилади? Коррупция қонун ишламаслигидан туғилади. Қонун ишласа, ҳеч ким коррупцияни ташкил эта олмайди. Бирдан бир йўли қонунни кучайтириш керак, қонунни ишга тушириш керак. Қонунни ишга туширса, пора ҳам йўқ бўлиб кетади, қонунбузарлик ҳам йўқ бўлиб кетади, жиноят ҳам камайиб кетади. Ҳеч қайси қонун ишлаëтгани йўқ ҳозир.

Босит Қодиров, ишчи:

- Пора олиб пора бериш ҳаммага ҳам эмаску. Бир хил тушунадиганлар у ишни қилмайди. Одамлар мажбурликдан пора олади. Докторлар 10 йил давлатга пул тўлаб ўқиб битириб чиқса ҳам ойлиги кам. 300-400 минг сўм ойлик берса, битта олийгоҳни битириб чиққандан кейин. Коррупцияни йўқ қилиш учун, менинг фикрим, иш ўринларини кўпайтириб, одамларнинг ойлигини кўтариб қўйиш керак. Ана ўшанда, менимча, коррупция камайса керак. Бу энди чегараси йўқ нарсада. Инсоннинг ўзига боғлиқ. Агар ҳаммаси бадастур бўлса, оддий одамлар яшаб юрибдию борига қаноат қилиб. Борига қаноат қилмаган одам барибир шу нарсага қўл ураверадида.

Бахтиëр Ҳақбердиев, божхона идораси собиқ ходими:

- Қашқадарëда жуда катта тозалаш, жуда зўр бўлаяпти. Йилнинг бошидан бери камида 7-8 нафар прокурорлар ишдан ишдан кетди, коррупцияга қарши кураш бўйичада. Конкрет курашни МХХ идораси олиб бораяпти. Мана шу МХХ тепасида турган Рустам Иноятовга, прокуратура бошлиғи Рашид Қодировга раҳматлар айтиш керак. Жуда жиддий ишлар олиб борилаяпти. Масалан, Қашқадарë телевидениесида Шаҳрисабзда бўлган ишларни такрор-такрор-такрор кўрсатилаяпти. Бу дегани, бошқа шунақа ҳокимлар ўзига хулоса чиқариб олади.

Санжарали Имомов, ёзувчи:

- Коррупция учун отиласан деганда ҳам бу нарсани йўқ қилиб бўлмайди. Отиш билан ҳам қўрқитиб бўлмайди. Коррупцияга қурилган бу система. Шу коррупция орқали емаса, тирикчилик қилмаса, у ҳам ўз-ўзидан ўлади. Сабаби коррупциялашган система яшаш тарзининг ўзи, нафас олиш тарзининг ўзи порахўрликка қурилган бўлади. Қама-қамалар билан коррупцияни йўқ қилиб бўлмайди. Коррупциянинг даражасини камайтириш учун давлатнинг раҳбарлари авваламбор ўзлари шахсан ўрнак кўрсатиши керак бу борада. Қисқа айтадиган бўлсак, руҳимизни поклашимиз керак, нафсимизни тийишимиз керак.

Собит Каримов, ҳайдовчи:

- Бизлар сиёсатдан анча узоқ одаммиз, оми одаммиз. Бизлар умуман аралашмаймиз, бу нарсани билмаймиз. Бунақа нарсага нолмиз.

Суръат Икромов, ҳуқуқ ҳимоячиси.

- Ўйлайманки, тарбиявий идеология олиб бориш керак. Бу биринчи. Иккинчидан, бу ерда кўп нарса бир-бирига боғлиқ. Масалан, маошлар жуда ҳам кам. Судя, прокурор деймиз ëки бошқа соҳаларда мактаб ўқитувчиси, врачлар маошлари жуда ҳам кам. У тарафларни ўйлаш керак. Маошини кўпайтириш керак. Идеологик иш олиб бориш керак албатта. Мисол учун порахўрларни оммавий ахборот воситалари ёритиши, телевидение кўпроқ кўрсатиши керак. Маҳаллий матбуот афсуски жуда кам ёритади.

Фозил Иноғомов, тадбиркор.

- Одамларнинг пора олиши ёки бериши уларнинг шахсига боғлиқ. Коррупцияга қарши кескин чора кўриш керак. Масалан, қонунда белгиланган барча кескин чораларни қўллаш керак. Қонунчиликни мустаҳкамлаш кеарк. Қонун устуворлигини таъминлаш керак. Порахўрлик харом-ку. Буни ҳамма билади.

****************************************************

Ҳурматли муштарий, Сиз ҳам шу мавзуда мулоҳаза билдирмоқчи бўлсангиз¸ қуйидаги "Шарҳлар" тугмачасини босиб, фикрларингизни ёзиб қолдиринг.
XS
SM
MD
LG