Линклар

logo-print

Тайлоқда мактаб директорининг суди норозилик келтириб чиқарди

  • Садриддин Ашур

Шербек Жўраевнинг ҳибсга олинишига ўз қишлоғидаги эски мактабни таъмирлашга ҳаракат қилгани сабаб бўлди.

Шербек Жўраевнинг ҳибсга олинишига ўз қишлоғидаги эски мактабни таъмирлашга ҳаракат қилгани сабаб бўлди.

Самарқанд вилояти Тайлоқ тумани Жиноят ишлари судида 42-мактаб директори Шербек Жўраев устидан бошланган маҳкама ўқитувчининг ҳамқишлоқлари норозилигини келтириб чиқарди. Файзободликларнинг суд биноси олдига оммавий тўплангани суд ишининг бошқа туманга кўчирилишига сабаб бўлди.


Тайлоқ тумани Жиноят ишлари судида кўрилиши кутилган, 42-мактаб директори Шербек Жўраев жиноий иши икки марта қолдирилгандан сўнг Сиёб туманига кўчирилди, дейди Файзиобод қишлоғидаги исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бири:

- Уч-тўрт кун олдин Тайлоқни судида иш кўрилиши керак эди. Қарийб 200 одам Шербек Жўраевни суддан озод қилинишини талаб қилиб борган эди. Одамлар тўполон қилиб юборган, бизни мактабимизни директорини суд қилманглар, у ҳалол одам деб. Кейин қарашса бўлмаган, суд қолдирилган. Сиёбга кўчиришибди, бугун суд бўлган, лекин нима билан тугагани ҳақида ҳали хабар келгани йўқ. Жуда зўр, абжир ва яхши йигит эди. Жабр бўлдида,- дейди маҳалла фаоли.



Суҳбатдошнинг айтишича, 5 декабр куни ҳам Сиёб тумани судига элликдан ортиқ файзиободликлар кетган.

Маҳалла фаолига кўра, Шербек Жўраевнинг айби авария ҳолатига келиб қолган қишлоқ мактабини тезроқ қайта қуриш бўлган. Унинг ўзи елиб-югуриб 2013 йилда янги мактаб қуриш учун, лойиҳани тасдиқлатиб келган эди, дейди маҳалла фаоли:

- Бу мактаб совет даврида ҳашар билан қурилган эди. Поллари чириб тамом бўлган эди. Ота-оналарнинг ўзлари келган директорни олдига, мана майда-чуйда харажатлари учун ўзимиз пул йиғиб берамиз, деган. Мана энди ҳашар йўлини биласизку, одамлар мактабни тезроқ қурсин, эртароқ бўлсин деб ободончилиги, майда-чуйда харажати деб қишлоқ аҳли биров 10 минг, биров 20 минг олиб келиб берганда. Бу ихтиёрий бўляпти, ҳеч ким бировни мажбурлагани йўқ,- дейди файзиободлик суҳбатдошимиз.

Тайлоқ тумани халқ таълими бўлимининг исми ошкор этилишини истамаган мулозимларидан бирининг айтишича, Шербек Жўраев Ўзбекистон Жиноят Кодексининг пора олиш ва пора бериш моддалари билан айбланмоқда. Бу мулозимга кўра, мактаб директори мактаб қурилишини тезлаштириш учун юқоридаги ташкилотларга пора беришда гумон қилинмоқда:

- Энди ўзларича халқ билан нимадир қилишганда. Бундай қаралса халқ учун, болалар учун қилинаётганга ўхшайди. Лекин қонун барибир қонунда. Кимдир буни чақиб берган. Бу йигитнинг директор бўлганига ўзи энди бир йил бўлганди, жуда ғайратчан ва ишбилармон йигит,- дейди исми сир қолишини сўраган туман халқ таълими мулозими.

Тайлоқ туманидаги 42-мактаб директори Шербек Жўраев Қурбон ҳайитидан уч кун олдин миллий хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG