Линклар

logo-print

Сенат тадбиркорларга рухсатни “бир дарча”дан беришни маъқуллади

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик тадбиркорлар энди ишлашга рухсат олиши учун ўзини минг бир эшикка урмасдан, "бир дарча"дан рухсат олиши мумкин.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар энди ишлашга рухсат олиши учун ўзини минг бир эшикка урмасдан, "бир дарча"дан рухсат олиши мумкин.

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Бу Қонунга кўра, энди тадбиркорлар фаолиятини бошлашга рухсат олиш учун, ўнлаб эшикка бош урмайдилар.

“Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 5 декабр куни ўтган ўнинчи ялпи мажлисида маъқулланди.

Бу Қонун рухсат бериш тизимининг ягона меъёрий-ҳуқуқий базасини яратиш, ваколатли давлат органларида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш шартлари ва тартибини бирхиллаштириш, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга оширишдаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бошқарув ҳаракатларининг батамом очиқ-ойдинлигини таъминлаш мақсадида тайёрланганлиги айтилади.

Мазкур Қонуннинг тадбиркорлар фаолиятидаги янгилиги - рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларнинг “бир дарча” орқали берилиши принципини жорий этишдир.



Бу принципга мувофиқ, ваколатли орган тадбиркорлик субъектига рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатни бериши учун бошқа ваколатли органлар томонидан бериладиган рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиши талаб қилинган ҳолларда ҳужжатларни бериш соддалаштирилган тартибда амалга оширилади, бунда ваколатли орган ҳужжатларни тадбиркорлик субъектининг иштирокисиз мустақил равишда олади.

Навоий вилоятида тадбиркорлик қилаётган 38 ёшли Муҳиддин фикрича, тадбиркорларга рухсат беришни осонлаштириш тўғрисидаги Қонун қабул қилинмасдан олдин ҳам бу соҳада ижобий ўзгаришлар бўлган эди:

- Айни тадбиркорлик фаолиятларини рўйхатдан ўтказишда инқилобий даражада прогрессга эришилган. Бир тийин пора бермасдан юридик шахсни ёки якка тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш ва ишлашга рухсат олиш мумкин. Тўғри баъзи таъмагирлар бўлиши мумкин, аммо уларга пора бермасдан ҳам ишни тўғирлаш мумкин,- дейди Муҳиддин.

Бироқ, дейди тадбиркор, рухсат олиш осону, лекин кейин ишлаш қийин бўлади:

- Ишни бошлайсиз, секин-секин объём ошади. Масалан бир дўконингиз гуллай бошлайди. Харидорлар ошади. Оборот кўпаяди. Ана кейин “бу ўзига келди, қорни тўйди” дейишади-да секин-секин талашлар бошланади. Бу талашлар қандай бўлади? Биринчидан ҳокимдан у ёққа пул ўтказ, бу ёққа пул ўтказ мазмунида оғзаки дўқ-пўписалар бошланади. Иккинчидан, ҳар бир тадбиркор мажбурий обуналар қилдирилади. Учинчидан, мана ҳозирги воқеа, намунавий уйлар қурилиши учун коллеж талабалари жалб қилиняпти. Ўшаларнинг овқатланиши тадбиркорлар зиммасига юклаб қўйиляпти. Эҳе, бунақа оғзаки топшириқлар сон мингта,- дейди навоийлик тадбиркор Муҳиддин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG