Линклар

Мурсий норозиликларга жавобан Қоҳирага танкларни олиб кирди


Миср президенти маъмурияти биноси олдига танклар тортилди.

Миср президенти маъмурияти биноси олдига танклар тортилди.

Миср армияси мамлакат президенти маъмурияти биноси олдига танк ва зирҳли ҳарбий машиналарни жойлади. Бунга уч кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган норозилик намойишлари ортидан Қоҳирада вазият таранглашгани сабаб бўлди.



Президент Муҳаммад Мурсийнинг Қоҳирадаги қароргоҳи олдига учта танк ва бир нечта зирҳли ҳарбий машина тортилди.

Чоршанба куни Мурсийнинг тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида рўй берган тўқнашувда, соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, уч киши ҳалок бўлган, 350 ка яқин одам жароҳатланган.

Мухолифат Мурсийнинг ўзига чексиз ваколатларни бериш тўғрисидаги қарори ҳамда Исломчи партиялар вакилларидан иборат кенгаш ишлаб чиққан конституция лойиҳасига норозилик билдирмоқда. Мурсий конституция лойиҳасини умумхалқ овозига қўйиш учун 15 декабр куни референдум ўтказилишини эълон қиллган.



Мухолифат ва ҳукумат тарафдорлари ўртасидаги зиддият ўтган йили Ҳусни Муборакни ҳокимиятдан ағдарган инқилобдан бери Мисрда вужудга келган энг кескин вазиятдир.

Миср мухолифати етакчиси ва Нобел тинчлик мукофоти лауреати Муҳаммад ЭлБарадей вазиятга баҳо берар экан Мурсийнинг ҳокимияти собиқ президент Муборакникидан фарқ қилмайди, дея таъкидлади.

- Мисрда бугун рўй бераётган зўравонликлар учун президент Муҳаммад Мурсий ва унинг ҳукумати жавобгар, деб ҳисоблаймиз. Ҳозир президент қароргоҳи олдида рўй бераётган ҳодиса, зўравонликлар, мамлакатнинг ҳимоясиз қолгани давлат раҳбарияти ва президентнинг, улар мамлакатни ҳимоя қилиш мажбуриятини бажаришни исматаслигини англатувчи баёнотдир, деди мухолифат етакчиси.

Мурсийнинг пайшанба куни юзага келган бўҳрон муносабати билан мисрликларга мурожаат қилиши кутилмоқда.

Чоршанба куни Мурсйининг уч нафар маслаҳатчиси, ҳокимиятнинг бўҳронни ҳал этиш чораларига норозилик ўлароқ, истеъфо берди.

Миср Вице президенти Маҳмуд Мекки конституция 15 декабр куни референдумга қўйилишидан аввал ундаги мунозарали моддалар мухолифат билан муҳокама қилиниши мумкинлигини баён қилди.

Давлатга қарашли мутбуот, президент қароргоҳи олдига танкларнинг тортилганини пайшанба куни тонггача давом этган жанглар боис “бинони муҳофаза қилиш” мақсадида деб изоҳланмоқда.

Мисрнинг бошқа шаҳарларида ҳам шиддатли тўқнашувлар рўй бераётгани хабар қилинмоқда.

Зўравонликларда Мурсийнинг Мусулмон биродарлиги ва ашаддий исломчи кучларга доҳил тарафдорлари билан либерал кучлар, сўлчилар, насронийлар ва бошқа фаоллар тўқнашмоқда.

Мухолифат президентдан 22 ноябр кунги қарори ва конституция лойиҳасини бекор қилишни талаб қилмоқда.

Чорашанба куни мухолифатнинг яна бир етакчиси ва Араб лигасининг собиқ раиси Амр Мусса миср халқини демократия учун бирлашишга чақирди.

- Бугун, сизнинг гувоҳлигингизда, Миср ва унинг инқилоби давом этиши учун биз бир овоз бўлиб гапирмоқдамиз. Бугун, эртага ва келажакда Миср овози биз, таназзул эмас, Миср халқининг бўлиниши эмас, ёки номақбул конституциянинг мажбуран ўтказилиши эмас, демократик давлат қурилиши тарафдори эканимизни баралла айтиши лозим, деди Амр Мусса.

Мисрга ҳар йили 1,3 миллаирд АҚШ доллари миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатувчи Қўшма Штатлар томонларни мулоқотга чақирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG