Линклар

Қирғизистон муфтияти ислоҳ қилинади


Қирғизистон муфтийси вазифасини вақтинча бажарувчи Раҳматулло ҳожи Эгамбердиев катта ислоҳотларни бошлашга ваъда бермоқда.

Қирғизистон муфтийси вазифасини вақтинча бажарувчи Раҳматулло ҳожи Эгамбердиев катта ислоҳотларни бошлашга ваъда бермоқда.

Қирғизистон муфтияти нодавлат ташкилотлари тавсияларига асосланган ҳолда диний идора тубдан ислоҳ қилинишини билдирди. 15 декабрда ўтадиган мусулмонлар қурултойида эса уч йилдан бери давом этаётган муфтий жанжалига нуқта қўйилиши кутилаяпти.

Қирғизистонда 15 декабр куни уч йилдан бери кутилаётган мусулмонлар қурултойи бўлиб ўтади. Мазкур қурултой турли низо ва жанжаллар марказига айланиб қолаёзган муфтиятдаги муаммоларни ҳал этиши кутилмоқда. Қирғизистонда сўнгги уч йилда 4 марта муфтий алмашди. Бу алмашинувларга уламолар орасидаги ўзаро келишмовчиликлар сабаб бўлгани айтилади.

Қирғизистон муфтийси вазифасини бажарувчи Раҳматулло ҳожи Эгамбердиевнинг айтишича, узоқ кутилган қурултойга делегатларни сайлаш жараёни деярли якунланган.

-Республика бўйича қурултойда 200 делегат қатнашади. Уларнинг
кўпчилиги сайланиб бўлди. Қурултойда муфтиятнинг янги низоми муҳокама қилинади, уламолар кенгаши сайланади ва муфтийликка номзод кўрсатилади, -деди Раҳматулло ҳожи Эгамбердиев.

Унга кўра, муфтиятнинг янги низомига асосан диний идорада ислоҳотлар ўтказилиши шарт бўлади. Бу йўналишда муфтият нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Бишкекдаги “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий маркази муфтиятга ўз таклифларини киритган нодавлат ташкилотларидан бири.

-Биз марказлаштирилмаган тузилмани, ҳозирги парламент бошқарувига ўхшаш бўлган системани таклиф қилаяпмиз. Диндорлар орасида иерархия жуда кучли. Уламоларнинг барчаси муфтийга сўзсиз итоат қилади, муфтий эса ўз ҳокимиятни бошқалар билан бўлишгиси келмайди. Бундан ташқари ҳажни уюштириш ва пулларни бўлиштириш ваколатларини ҳам муфтийдан олиб ташлаш керак, -деди “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий маркази тадқиқотчиси Данияр Мурадилов.

Унинг айтишича, муфтий ижрочи вазифасини бажариши керак. Нодавлат ташкилоти таклиф қилган ислоҳот режасига кўра, муфтий ва қозилар уламолар кенгаши аъзоси бўла олмайди, ҳаж ва молияни бўлиштириш қўмиталари мустақил органга айлантирилади. Бундан ташқари муфтий лавозимига сайланаган уламо қўлини Қуръонга қўйиб онт бериши керак бўлади.

Қирғизистон теологлар ассоциацияси эса муфтиятни ислоҳ қилишнинг бошқачароқ йўлини таклиф қилмоқда.

- Кўпчилик ҳаж зиёратини уюштиришни муфтиятдан олиб қўйиш керак дейишаяпти. Лекин биз бунга қаршимиз ва ҳаж зиёратини уюштиришда шаффофликни, ошкораликни таъминлайдиган йўлни таклиф қилмоқдамиз. Иккинчидан, муфтийни уламолар кенгаши эмас, қурилтой сайласин деган таклифни киритдик. Учинчидан, дин ишларини молиялаштирадиган алоҳида мустақил жамғарма ташкил қилиниши керак, муфтиятнинг барча молияси мазкур жамғарма томонидан назорат қилинади. Бундан ташқари вилоят қозилари лавозимлари бекор қилиниб, уларнинг ваколатлари туман бош имомларига ўтказилиб берилиши керак. Бу ҳолатда имомларнинг ваколатлари кенгаяди. Биз имомларга ойлик иш ҳақи тўланишини ҳам таклиф қилаяпмиз, -деди Қирғизистон теологлар ассоциацияси раиси Самаган Мурзаибраимов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG