Линклар

21 декабрда Қиёмат бўлиши ҳақидаги башоратга муносабат билдирилди


Тошкентда 70 дан ошиқ мансабдор жазога тортилди. Наманганда ҳокимлар намунали уй қуришда кўзбўямачилик қилмоқда. Бухорода мактаб ўқувчилари темир-терсак ва макулатура йиғмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар хусусида ёзди.


“Статистика бўлими раҳбари жаримага тортилди”

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани статистика бўлими раҳбари энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жаримага тортилди. Шаҳар адлия бошқармаси раҳбари Отабек Азимов “Куч адолатда” газетасига маълум қилишича, статистика идораси раҳбари “Сonsalting gold plus” фирмасининг ҳисоботларини қабул қилишдан асоссиз бош ториб, тадбиркорни сарсон қилган.

Маълум қилинишича, 2012 йил давомида тадбиркорлар ҳуқуқини бузган 61 нафар мансабдор интизомий, 10 нафар мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилган, бир нафари лавозимидан бўшатилган.

“Туман ҳокимлари кўзбўямачилик қилмоқда”

Наманган вилоятида намунали уйлар қурилишида қонунбузарликлар аниқланди (“Диёнат”, 6 декабр). Вилоят прокуратураси катта терговчиси Ҳусниддин Мадаминовга кўра, туман ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари бу борадаги ҳукумат кўрсатмалари ижросида кўзбўямачилик қилмоқда, тендерларда сохталикка қўл урилмоқда.

Шу билан бирга, “Қишлоқ қурилиш инвест” ширкати вакиллари пудратчи ташкилот раҳбарлари билан тил бириктириб, маблағларни талон-тарож қилмоқда. Масалан, Норин тумани Қўрғонтепа маҳалласида намунали уй қуришда пудратчи корхона раҳбари Қ.Иқромов ва “Қишлоқ қурилиш инвест” ширкати раҳбари Н.Жўраев 143,7 миллион сўм ўзлаштирган. “Бундай мисолларни барча туманлар мисолида истаганча келтириш мумкин… Бу борада кўзбўямачиликка, сохтакорликка, талон-тарожликка йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ” деб ёзади прокуратура расмийси Мадаминов.

Газетага кўра, Наманган вилояти бўйича 2010 йилда режадаги 500 та ўрнига 428 та, 2011 йилда 555 та ўрнига 376 та намунали уй фойдаланишга топширилган.

“Кўмирни 97 минг сўмдан ошириш мумкин эмас”

Жорий йилда Ўзбекистон бўйича бир тонна кўмир нархи 97 минг 320 сўм этиб белгиланган (“Истеъмолчи”, 6 декабр). “Ўзбеккўмир” акциядорлик ширкати маркетинг ва маҳсулот сотиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ю.Гаппархўжаевга кўра, кўмирни бу нархдан қимматга пуллаш тақиқланади. Аҳоли кўмир олиш учун “Ўзбеккўмир” ширкатининг жойлардаги тарқатиш марказларига ва вилоят ҳокимликлари ташкил қилган кўмир сотиш ташкилотларига мурожаат қилиши мумкин.

Мутасаддига кўра, “Ўзбекккўмир” ширкати томонидан жорий йилда 3 миллион 687,3 минг тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган. Унинг асосий қисми Ангрен ва Янги Ангрен иссиқлик электр станцияларига, 328,2 минг тоннаси Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим ва Соғлиқни сақлаш вазирликларига, 829 минг тоннаси аҳоли ва корхоналарга етказиб берилади. Жорий йил 3 декабр ҳолати бўйича мамлакат аҳолисига 472,8 минг тонна кўмир етказиб берилган. “Ўзбеккўмир” вакили Гаппархўжаевга кўра, мамлакатда кўмирга талаб йилдан йилга ошиб бормоқда.

“Таълим бошқармаси раҳбари матбуотга жавобдан бош тортди”

Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбари Собитхон Турғунов мактаб ўқувчиларига сифатли ва калорияли овқат билан таъминлаш бўйича журналист саволларига жавоб беришдан бош тортди (“Новый век”, 6 декабр).

Шундан кейин газета мухбирлари мактаблардаги ҳолатни мустақил ўрганган. Ўзбекистоннинг бош санитар шифокори қарори билан мактабларда гамбургер, чизбургер, хот-дог каби фаст-фуд маҳсулотлари, чипслар, газли сув, уйда тайёрланган озиқ-овқатлар ва бошқа сифатсиз егуликлар сотиш тақиқланади.

“Новый век”нинг ёзишича, Намангандаги қатор мактабларда фаст-фуд ва қаерда ишлаб чиқарилгани аниқ бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмоқда.

“Зилзилани олдиндан аниқловчи қурилма яратилди”

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Физика техника институти олимлари зилзилани олдиндан аниқловчи экспериментал қурилма яратди. Институт илмий ходими Асатилла Мақсудов “Адолат” газетасига айтишича, янги қурилма Ер қобиғи устида паст энергияли зарядланган зарралар ва нейтронлар оқимининг вақт бўйича ўзгаришини ўрганиш орқали зилзила хавфини қисқа муддатда олдиндан айтиб беради.

Қайд этилишича, қурилма Қирғизистон, Туркия, Япония ва Ўзбекистонда содир бўлган ер силкинишлари сигналларини аниқ қайд этган. Тадқиқотчи Мақсудовга кўра, ушбу қурилма сейсмик фаол ҳудудларга ўрнатилса ва олинган сигналлар бўйича ахборот алмашуви йўлга қўйилса, нафақат зилзила вақти, унинг эпимарказини ҳам башорат қилиш мумкин бўлади.

“21 декабр об-ҳавосида Қиёмат аломатлари борми?”

“Даракчи” газетаси 21 декабр куни Ерда ҳаёт тугаши ва Қиёмат қўпиши ҳақидаги шов-шувларга муносабат билдирди. Синоптиклар декабр ойида об-ҳавода Ерда ҳаёт тугашини тасдиқловчи ўзгаришлар бўлмаслигини маълум қилган.

Қолаверса, Америка фазовий тадқиқотлар агентлиги (НАСА) 2012 йил 21 декабр куни Қиёмат қўпиши ҳақидаги башоратни илмий асосга эга бўлмаган уйдирма деб атаган. Газета Майя ва Шумер афсоналарида айтилган сайёрамизда ҳаёт тугаши, Ернинг Қуёш тизимидаги қандайдир Ниберу сайёраси билан тўқнашуви ҳақидаги башоратларни оддий афсона сифатида қабул қилишни уқтиради.

“Мактаблар 5600 тонна темир-терсак топширади”

Айни шу газетага кўра, Тошкент ва Бухородаги мактабларда ўқувчиларга темир-терсак ва макулатура олиб келиш, агар йиғиб келолмаса, пул топшириш буюрилган.

“Айрим мактаблар ҳам борки, уларда металл ё макулатура ўрнига пул топшириш мажбурий қилиб қўйилган. Ҳаттто ўз синфида белгиланган миқдорда пул йиға ололмаган синф раҳбарлари ойлигидан ўша сумма ушлаб қолинаркан” деб ёзади 200 минг ададли нашр.

Қайд этилишича, айни пайтда қора металлнинг 1 килоси давлат нархида – 170 сўм, рангли металл – 66 сўмдан 4000 сўмгача, макулатура – 300 сўм.

Иқтисодиёт вазирлигининг 2011 йил 2 декабрдаги 3-1/3867-сонли хатига биноан, Халқ таълими вазирлигига 1125 тонна қора металл, 4500 тонна рангли металл йиғиб топшириш юклатилган.
XS
SM
MD
LG