Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:44

Бензин тақчиллиги UzGazOilнинг юзлаб ходимини ишсиз қолдирди


Ўзбекистон ёнилғи бозорида энг йирик ҳисобланган УзГазОйл ширкати Гулнора Каримова қўлига ўтгани айтилмоқда.
Ўзбекистон ёнилғи бозорида энг йирик ҳисобланган УзГазОйл ширкати Гулнора Каримова қўлига ўтгани айтилмоқда.

Ўзбекистон вилоятларида энергетик бўҳрон кейинги босқичга ўтди. Озодликнинг жиззахлик муштарийсидан келган мактубда айтилишича, вилоятдаги UzGazOil ширкатига қарашли АЁҚШлар 3 ойга ёпилган, ходимлари эса ўз ҳисобларидан таътилга чиқариб юборилган. Вилоятлардаги бошқа АЁҚШларга бензин 2-3 уч кунда бир берилмоқда. Бензиннинг “қўлдаги” нархи 5-6 минг сўмга чиқиб кетган.


Ўзини UzGazOil шохобчаси ходими, деб таништирган жиззахлик муштариймизнинг ёзишича, ширкатга қарашли вилоятлардаги ёнилғи қуйиш шохобчалари уч ойга фаолиятини тўхтатган.

“UzGazOilнинг Тошкент шаҳридан бошқа барча вилоятлардаги АЁҚШлари уч ойга фаолиятини тўхтатди. Беш юздан ошиқ ишчиларга ўз ҳисобидан таътил беришди. Раҳбарият буни уч ой давомида бензин фақатгина Тошкентдаги шохобчаларга берилиши билан изоҳламоқда”, дейилади UzGazOilнинг бир гуруҳ ишчилари номидан келган мактубда.

Жиззах вилоятида UzGazOil шохобчалари уч ойга ёпилаётган бўлса, фарғоналик Абдулазизнинг айтишича, бу ширкат корхоналари Фарғонада ёпилганига бир йилдан ошган.

UzGazOil ширкатининг Тошкентдаги идораси ходими вилоятлардаги шохобчалар вақтинча ёпилаётганини тасдиқлади, лекин бунинг сабабини изоҳлашдан бош тортди. Айни пайтда, пойтахтдаги шохобчаларнинг аксарида бензин бор, деб ишонтирди UzGazOilнинг ўзини таништирмаган вакили.

- Тошкентдаги кўп заправкаларимизда бензин борку ҳозир. Шаҳарнинг ичида почти ҳамма заправкада бор. Бензин камроқ бўлгани учун вилоятларда UzGazOil вақтинча ишламаяпти. Лекин мен бу масалалар билан шуғулланмайман ва сабабини сизга айта олмайман, деди ширкат вакили.

Озодлик мухбири Тошкентдаги UzGazOil ёқилғи қуйиш шохобчаларига қўнғироқ қилиб, пойтахтдаги аҳвол ҳам рисолдагидек эмаслигига гувоҳ бўлди.

- Бизда бензин йўқ, лекин “Шаҳристанскийда” бор. Бизда йўқ. Буган келадими, йўқми, билмайман. Келса сотамиз, деди Юнусуобддаги АЁҚШлардан бирининг ишчиси.

UzGazOilнинг Шаҳристон кўчасида жойлашган, Тошкентдаги энг йирик шохобчаларидан бирида ҳам бензин тушгача тугаганини билдиришди.

- Бизда бензин бор. Лекин ҳозир тугай деяпти. Бўлди ҳозир 5 минутда ëпамиз, деди Тошкентдаги UzGazOil шохобчаси ишчиси.

Бу суҳбатдошимизнинг айтишича, Тошкентдаги йирик шохобчаларга кунига битта цистернада, кичикроқларига ярим цистернадан бензин тарқатилмоқда. Берилган бензин икки соатга қолмасдан сотилиб кетмоқда.

Ўзбекистондаги нуфузли шахсларга қарашли экани айтиладиган, мамлакатнинг бензин савдоси билан шуғулланувчи энг йирик UzGazOil ширкати, пойтахтдан ташқари, мамлакат бўйлаб барча корхоналарини ёпишга мажбур бўлаётгани Ўзбенкистондаги энергетик бўҳрон кескинлашаётганидан даракдир.

Озодликка UzGazOil шохобчалари ёпилаётгани тўғрисида хабар қилган жиззахлик муштарийга кўра, шу кунларда ширкат бошқаруви Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага ўтаётгани ҳақида гап-сўзлар урчиган.

“Бу янгилик UzGazOil ишчилари орасида тарқалгандан кейин, вазият яхшиланишига умид қилаётган эдик. Лекин аввалги йиллар ҳеч қачон биздан ўз ҳисобингдан таътил оласан, деб мажбурлашмаган эди. Ҳозир ҳамма шокка тушиб қолган. Нима қилишни билмаяпмиз”, деб ёзди UzGazOil ишчиси.

Ўзбекнефтегаз ташкилотининг ўзини таништирмаган расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда, бензин тақчиллиги сабабларини Ўзбекистон Қозоғистондан импорт қиладиган хом нефт ҳажмининг йиллик нормаси тугаётгани билан изоҳлади.

"Фарғонада, асосан, импорт нефт қайта ишланади. Қозоғистондан келтириладиган нефт. Ҳозир йил тугаяпти, йиллик лимит ҳам", деди Ўзбекнефтегаз ташкилотининг ўзини таништирмаган расмийси.

Унга кўра, шу кунларда Қозоғистон томони билан кейинги йил учун нефт импорти тўғрисидаги шартномани узайтириш устида музокара бормоқда.

"Ҳар йили шунақа договорни янгилаш пайтида шунақа тақчиллик бўлади. Чунки, йиллик поставка ва унинг тўловини амалга оширишга ўхшаган масалалар қайта кўрилади, анализ қилинади. Бизни шартнома имзолаётган ҳамкорларимиз олдида ўз мажбуриятларимиз бор", деди Ўзбекнефтегаз ташкилотининг ўзини таништирмаган расмийси.

Суҳбатдошимиз кейинги йилларда кузатилаётган бензин ва газ тақчиллиги муаммосини ҳал қилиш имкони борми, деган саволга: "Биз нефтни етказиб бераётган ҳамкорларимиз олдидаги тўлов мажбуриятимизни тўлиқ бажаришимиз керак ва бунинг учун молиявий имконимиз етарли бўлиши керак. Хуллас бу саволингизга тўлиқ жавоб беришга мен масъул эмасман", дея жавоб берди.

Вилоятлардаги суҳбатдошларимизга кўра, ишлаб турган АЁҚШларга 2-3 кунда бир бензин берилмоқда. Бензиннинг қўлдаги нархи эса 5-6 минг сўмга чиқиб кетган.
XS
SM
MD
LG