Линклар

Ўзбекистонлик муҳожир қотил умрбод қамоққа ташланди


Россия суди томонидан қотилликда айбланган Бобур Солиев.

Россия суди томонидан қотилликда айбланган Бобур Солиев.

Москванинг Митишчи туманида россиялик аёл ва унинг 11 ойлик гўдагини ваҳшийларча ўлдирганликда айбдор деб топилган ўзбекистонлик Бобурмирзо Солиев умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди.


7 декабр куни Москва вилоят суди она-болани маст ҳолатда ўлдириб, ўлган аёлнинг пул ва телефонини ўмарган Ўзбекистон фуқароси Бобурмирзо Солиев иши юзасидан ўз ҳукмини эълон қилди.

"20 яшар Солиев Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 105-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “и” бандлари (безорилик майли билан бир неча киши, жумладан ёш болани ўлдириш) ва 158-моддаси 1-қисми (ўғирлик) асосида айбдор деб топилди", дейди Озодлик мухбирига Москва вилояти прокурори катта ёрдамчиси, адлия маслаҳатчиси Марина Каурова:

- Содир этган жиноятлари асосида Солиев қаттиқ режимли колонияга умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилди. Ундан давлат фойдасига 50 минг рубл жарима ундирилди. Шунингдек, суд ўлдирилганлар яқинлари фойдасига маънавий зарарни қоплаш учун 1,5 миллион рубл ундирилиши тўғрисида ҳам қарор қилди. Албатта, кўрсатилган муддатда Солиев бу ҳукм устидан кассация аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли, деди прокурор Марина Каурова.

Бобур Солиев ўлдирган Елена ва унинг ўғилчаси Станислав билан.

Бобур Солиев ўлдирган Елена ва унинг ўғилчаси Станислав билан.

2011 йилнинг 8 ноябрида Митишчи туманидаги Поведники посёлкасидаги ўрмонзорлардан бирида 28 яшар Қозоғистон фуқароси Елена К. ва унинг Эрик исмли бир яшар ўғилчаси мурдалари топилди.

Терговчилар 7 ноябрида содир этилган бу қотилликни содир этганликда айбланиб, 18 ёшли ўзбекистонлик Бобурмирзо Солиев ҳисбга олинганини маълум қилган эди.

Терговчилар тахминларига кўра, Елена ўғилчаси билан кўчада сайр қилиб юрганида ўлдирилган.

Солиевнинг терговчиларга ёзиб берган иқрорномасида айтилишича, аввалига Елена уни магазинда ҳақоратлаган. Бу ҳодисадан кейин аламини ичига ютиб юрган ва иккинчи марта ўрмонзорда Еленани кўриб қолган маст ҳолатдаги Бобурмирзо аёлдан болани ўзига кўрсатишни сўраган. Елена унга рад жавобини бергач, муштлашув бошланган.



Тергов давомида Солиев рад жавобини олгани боис жаҳли чиққани ва куртка белбоғи билан аёлни бўғганини, йиғлаётган болани эса дарахтга боши билан бир неча маротаба уриб ўлдирганини билдирган. Қотилликни содир этгач Солиев¸ ўз иқрорича¸ Еленанинг қўл телефони ва пулларини ўмарган, телефонни эса кейинчалик 3 минг рублга пуллаган.

Хотини ва боласини сайрга кузатган Еленанинг эри Станислав Самохвалов ўша куниёқ полицияга мурожаат қилган. 2011 йилнинг 8 ноябрида кўнгиллилар ва солдатлар ёрдамида ташкиллаштирилган қидирувлар натижасида йўқолганлар жасади “Дубрава” паркида топилган.

Қотиллик содир этилганидан уч кун ўтиб оммавий ахборот воситаларида Солиевнинг полицияга ўз оëғи билан келгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди.

Бироқ ўшанда Митишчи шаҳар Тергов қўмитаси расмийси Михаил Анисимов Озодликка “Уни ходимларимиз ҳибсга олди, у ўз хоҳиши билан келгани йўқ. Уни ҳибсга олишгандан кейин ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди”, деган эди.

Маълум бўлишича, 18 яшар Бобурмирзо Солиев маҳаллий қурилишлардан бирида ишлаб келган.

Ўлдирилган аёл эса Москвага Қозоғистондан ўқишга келган, шу ерда турмушга чиққан ва бир йил олдин фарзандлик бўлган.

Судда Солиев ўзининг бундай ваҳшийликни содир этишига кўп ароқ ичганини сабаб қилиб кўрсатган ва олдин берган иқрорномасидан маҳкама давомида воз кечган.

Суд залидан чиқар экан журналистлар саволига жавоб берган қурбонларнинг яқини Станислав Самохвалов Солиевнинг умрбод қамоққа маҳкум этилганидан мамнун эканини билдирди:

- Ҳукм масаласида... Мен учун у жуда адолатли. Яхшиям максимал жазони олди. Менимча, уни менга топширишса яхши бўларди, деди рафиқаси ва ўғлидан ажраган москвалик Станислав Самохвалов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG