Линклар

Клинтон: СССРни қайта тиклаш уринишлари олдини оламиз


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон Россиянинг Евроосиёда иқтисодий интеграцияни тарғиб қилиш ҳаракатларини бу минтақани “қайтадан советлаштириш уриниши”, дея баҳолади. Ирландия пойтахти Дублинда ўтаётган Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти конференциясида қатнашаётган Клинтон Россиянинг Беларус ва Қозоғистонни ҳам ўз ичига олувчи Божхона иттифоқи ташаббусига шундай баҳо берди. АҚШ мулозими Марказий Осиё давлатларида фуқаровий жамият бостирилаётганини ҳам танқид остига олди.



Дублиндаги ЕХҲТ конференциясида қатнашаётган ҳуқуқшунослар ва фуқаровий жамият вакиллари олдида пайшанба куни қилган чиқишида Ҳиллари Клинтон Қўшма Штатлар Россиянинг иқтисодий интеграцияни рағбатлантиришни баҳона қилиб, Совет Иттифоқини янги кўринишла тиклаш уринишлари олдини олишга ҳаракат қилмоқда, дея баён қилди.

“Минтақани қайтадан советлаштириш уринишларига гувоҳ бўлиб турибмиз. Албатта¸ уни шундай деб аташмайди, уни Божхона иттифоқи ёки Евроосиё Иттифоқи деб аташлари мумкин”, деди Клинтон Москванинг Қозоғистон билан Беларусни ўз ичига олувчи Божхона иттифоқини тузиш уринишларига шама қилиб.

Лекин, деди Клинтон, “ўзимизни алдамайлик. Бундан кўзланган асл мақсад нима эканини биламиз ва унга тўсқинлик қилиш ёки унинг олдини олишнинг самарали йўлларини топишга ҳаракат қилмоқдамиз”.

АҚШ Давлат котиби бу фикрни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Дублин конференцияси доирасидаги учрашувидан аввал илгари сурди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитирий Песков Клинтоннинг бу баёнотини вазиятни “мутлақ нотўғри талқин қилиш”, дея атади.

“Биз собиқ иттифоқ ҳудудида интеграциянинг фақатгина иқтисодий ҳамкорликка асосланган янги кўринишини яратмоқчимиз. Бундан ўзгача интеграция бугунги дунёда имконсиздир”, дея таъкидлади Россия президенти матбуот котиби.

Октябр ойида Россия президенти Владимир Путин газетада эълон қилган мақоласида “Евроосиё иттифоқини” яратиш орқали иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш ғоясини илгари сурди.

“СССРни қандайдир кўринишда қайтадан яратиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Ўтмишда воз кечилган нарсани қайта тиклаш ҳақида гапириш соддадиллик бўлар эди. Лекин янги қадриятлар, сиёсат ва иқтисодий ташаббусларга асосланган интеграция бугунги куннинг масаласидир”, дея ёзган эди Путин ўз мақоласида.

АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон даврида Миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлган, ҳозирда АҚШнинг Rand Corporation тадқиқот маркази таҳлилчиси Эндрю Уайсс Financial Times газетасига берган интервюсида Путин ҳокимиятга қайтиб келгач, қўшни давлатларда Россиянинг нуфузини ошириш ўзи учун устувор йўналиш бўлишини аниқ кўрсатмоқда, дея фикр билдирди. Лекин, дея қўшимча қилди америкалик таҳлилчи, “қўшни давлатлар сиёсий элитаси, ўз мустақиллиги ва суверенитетини Москвага осонликча бериб қўйишга ошиқаётгани йўқ”.

Эндрю Уайсснинг фикрича, Россиянинг бу уринишлари жиддий натижа берганича йўқ. Ўн йилдан ошиқ вақт давомида бу ҳаркатлар Россия, Беларус ва Қозоғистонни ўз ичига олувчи Божхона иттифоқининг тузилиши билан чекланди¸ холос.

Клинтон пайшанба кунги чиқишида Ўзбекистон ва собиқ иттифоқнинг бошқа мамлакатларида инсон ҳуқуқларига оид аҳволни танқид остига олди. Хусусан, Қўшма Штатлар қўллаб-қувватлаётган фуқаровий жамият ташаббусларининг Россия ҳукумати томонидан жиноятга тенглаштирилаётгани бунга мисолдир, деди у.

- Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистонда ифода эркинлиги, шунингдек, дин эркинлиги мунтазам чекланаётганига мисоллар кўп. Кавказ минтақасида суд мустақиллиги чеклангани, журналистларга ҳужумлар бўлаётгани, сайловлар ҳар доим ҳам эркин ва адолат ўтмаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Россияда эса фуқаровий жамиятга босимлар бўлаётгани, жумладан, нодавлат ташкилотлари ёки журналистлар хориждан молиявий кўмак оладиган тақдирда, хорижий агент сифатида рўйхатдан ўтишини талаб қилувчи қонун лойиҳаси илгари сурилаётганини кўриб турибмиз, деди Клинтон.

Қўшма Штатлар, деди у, инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш уринишларига қарши курашишда давом этмоқда.

Клинтон Туркманистон ҳукуматидан инсон ҳуқуқларига оид хавотирлар борасида жавоб бўлмаганини алоҳида қайд этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG