Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:39

Газдан қарздорлик баҳонасида пенсия берилмаяпти


“Ҳоким ерни қайтариш хусусидаги суд қарорини ҳам писанд қилмаяпти”¸

дейди Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида истиқомат қилувчи 10 чевара, 40 невара бобоси, 10 фарзанд отаси 73 ёшли Жўра бобо Раҳмонов.

- Самарқанд вилояти Иштихон туманиданман. Жўра бобо Раҳмонов бўламан. Бизларда қишлоқ хўжалигида қонунлар ишламаяптида. Нима қиламиз ҳайронман.

Озодлик: Қайси қонун ишламаяпти экан?

- Бизлар 1992 йилдан бери деҳқон хўжалиги эдикда. 10та болам бор. 4 ўғил, 6 қиз. Болаларим билан келишиб корхона туздик. Ҳокимликка фемерликка қўшиш мумкинми десам мумкин деди. Қарор чиқариб берди. Шундан бери ишлаб келаëтган эдик. Президентнинг “Корхона ерларини фермер хўжаликларига йўналтириб беринглар” деган қарори бор экан. Бизларга нисбатан бу қарорни нотўғри талқин қилиб деҳқон хўжалигимизнинг ерини олиб қўйди. Хўжалик судига бердик еримизни нотўғри олиб қўйган деб. Ер кодексининг 49-моддаси бузилган экан. Ҳуқуқимиз бор экан ерга. Хўжалик суди “ҳуқуқи бор” деб ëзиб берди. Суднинг қарорини Иштихон ҳокими писанд қилмаяпти. Корхонанинг ери эмас эди у. Деҳқон хўжалик ери эди. Уч йилдан бери сарсонман. Судга берганимга уч йил бўлаяпти. Ҳокимлар суд қарорини писанд қилмаяпти, дейди иштихонлик Жўра бобо Раҳмонов.

“Газдан қарздорликни пенсионерлар бўйнига урмоқда”¸

дейди исми сир қолишини сўраган Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида истиқомат қилувчи навбатдаги суҳбатдош.

- Биз камбағаллар бойларнинг пулларини пенсиямиз эвазига тўлаб беришимиз керакми деяпманда. Пенсионерларнинг қарзи йўқ. Қарзлари йўқ одамлардан ҳам ҳар ой 20-30 фоиз ушлаб қолаяпти. “40 фоиз газга, светга ўтказсанг, пенсиянгни бераман. Бўлмаса, бермайман. Қаерга борсанг шу ерга бор” деяпти. Роса тўполон бўлди, жанжал бўлди шу масала бўйича.

Озодлик: Қаерда тўполон, жанжал бўлди?

- Бизларнинг О. Дурдиев қишлоғида бўлдида. Одамлар жанжал кўтарди. “Мана 300-400 минг ортиқча тўлаб қўйганмиз. Ҳукуматнинг бизга қарзи бор. Нимага бизлар қарзимиз бўлмаса ҳам тўлаймиз?” деса, электросетдан, газдан келган одамлар “40 фоизини газга, светга берсанг пулингни берамиз. Бу ҳоким билан прокурорнинг бизга чиқарган буйруғи” деяпти. Қишлоқларда текшириб кимнинг қарзи бор, кимнинг қарзи йўқ қилмайди. Ҳар пенсияда шунақа. Қарз бўлса ҳам шу, бўлмаса ҳам шу. Жонга тегиб кетди. Касал бир қария “Аптекадан 300 минг сўм қарзим бор. 200 минг пенсия оласам, 40 фоиз қилиб 80 минг сўм олиб қолаяпсизлар. Ўзимга нима қолади? Мана книжкам. Қарзим йўқ. Нимага тушунмайсизлар?” деса, “Бизга унинг аҳамияти йўқ. Қарзингиз бўлсин бўлмасин 40 фоиз ўтказиб берасизлар” деяпти. Свети ҳам кунига 1 соат ëнса ëнади, бўлмаса уҳам йўқ. Газ деган нарса бизларнинг қишлоқда умуман йўқ, дейди тўрткўллик суҳбатдош.

“Президент халқ номидан гапиргунча¸ халқнинг фикрини сўраб кўрсин”

дейди Самарқанд шаҳрида истиқомат қиладиган Жамшид.

- Мана эртага конституция кунику. Ўшанга муносабатим бор эди. Бизнинг президентимиз муҳтарам Каримов жаноблари фақат халққа мурожаат қилганда “Орқага йўл йўқ. Орқага қайтиш йўқ” деб халқ номидан гапирадиларку. Бир референдум ўтказиб кўрсалар президент халқнинг асл фикрини билиш учун. Қани ростдан ҳам шу халқ СССРни қўмсамайдими, мана 20 йил таққослаш учун яхшигина муддат. Халқ қайси даврни кўпроқ ëқлаб чиқади? Шуни билиш учун референдум ўтказса дейманда. Халқ номидан баралла “орқага қайтиш йўқ, халқимизнинг кўзи очилди, халқимиз ўзини англаб олди, СССРга қайтиш йўқ” дегандан кўра. Мен СССР замонида яшаган қайси одам билан ҳамсуҳбат бўлсам, 100 фоиз ҳозир яхши, СССР мутлақо ëмон эди деган одамни учратмадим. Халқнинг фикрини билсалар яхшироқ бўларди чем ҳамманинг номидан гапиргандан кўра. Эртага конституция куни эмас СССР тугатилган кун ҳам экан, дейди самарқандлик Жамшид.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype ëки ErkinMikrofon деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG