Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:17

OzodlikONLINE: Ўзбек жамиятини коррупциядан қандай тозалаш мумкин?


Душанба¸ 10 декабр куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган жонли¸ интерактив мулоқотимизда мустақилликдан бери дунëдаги энг коррупциялашган давлатлар ўнлигидан ўрин олиб келаëтган Ўзбекистондаги коррупция вазиятини муҳокама қилдик.


5 декабр куни дунëнинг 176 давлатидаги коррупция вазиятига оид йиллик тадқиқотини эълон қилган Transparency International ташкилоти Ўзбекистонни рўйхатнинг 170-поғонасига қўйиш орқали¸ уни яна дунëнинг энг коррупциялашган давлатларидан бири деб топди.

Маркази Берлинда жойлашган бу нуфузли ташкилот тадқиқотчилари хулосасича¸ Ўзбекистонда давлат ва бошқарув жабҳасининг коррупцияга ботмаган бирор тармоғи қолмаган ва мамлакат фуқаролари учун энг пастдан то энг тепага қадар ишини битиришнинг ягона йўли давлат мулозимларига пора бериш бўлиб қолган.

Судлар¸ ҳуқуқ тартибот тизимлари¸ соғлиқни сақлаш ва маориф ва олий таълим соҳаси¸ Transparency International томонидан¸ Ўзбекистоннинг шундоқ ҳам коррупция ботқоғига ботган давлат тизимларидаги энг коррупциялашгани деб топилди.



Айни пайтда¸ Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда коррупцияга қарши кенг кўламли кураш олиб борилаëтганини даъво қилиб келади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:49:59 0:00
Бевосита линк

2008 йил ëзида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Шундан бери ҳукумат мамлакат қонунчилиги ана шу конвенцияга мувофиқлаштирилгани ва давлат ҳокимияти ва бошқарув тизимидан бошлаб энг қуйига қадар коррупцияга тортилган мулозимларга нисбатан кескин чоралар кўрилаëтганини таъкидлаб келади.

Хусусан¸ Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларининг барчасида Коррупцияга қарши кураш бошқармалари фаолият олиб бормоқда; мамлакатда айни шундай кураш вазифаси юкланган яна ўнлаб тизимлар иш юритмоқда.

Кейинги йиллар давомида Ўзбекистон ичкарисида давлат маслаҳатчиси ва вазирлар даражасидаги амалдорлардан то оддий милиционерларга қадар минглаб давлат хизматчиси порахўрликда айбланиб¸ узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Тошкент ҳукуматининг ҳисоботдан-ҳисоботга кўчиб юрадиган бу саъй-ҳаракатлари ва қонунчиликка киритилган ўзгартишларга қарамай¸ Transparency International ташкилоти Ўзбекистоннинг дунëдаги энг коррупциялашган давлат эканини таъкидлашдан қолмаëтир. Нега?

Қонунчиликни кескинлаштириш¸ порахўрлик учун жазони кучайтириш орқали коррупцияни жиловлаш ëки камайтириш мумкинми?

Ўзбекистонда давлат идоралари ва бошқарув тизимида кейинги йилларда кучайган “қама-қама”лар коррупция вазиятига ижобий таъсир кўрсатдими?

Ўзбек жамияти¸ Ўзбекистон давлат бошқаруви тизимларидаги коррупция илдизи айнан қайси омиллардан сув ичмоқда?

Асрлар давомида “сиздан угина¸ биздан бугина”¸ “еган оғиз уялар”¸ “қуруқ қошиқ оғиз йиртар”¸ “қўл қўлни ювар”¸ “бор товоғим¸ кел товоғим”¸ “тўйга тўëнасиз борма” деган нақллар асосида яшаб келаëтган ўзбеклар зеҳниятида коррупция ўзи салбий ҳодисами?

Аҳолининг ҳуқуқий билимини ошириш коррупция даражасини камайтириши мумкинми?

Ўзбекистонда бирор ишни порасиз ҳал қилганмисиз ëки шунга уриниб кўрганмисиз?

Пора олиш баробарида¸ пора беришни ҳам ҳуқуқий жиҳатдан жиноят¸ ахлоқий жиҳатдан ҳаром деб биласизми?

Дунëда коррупцияга қарши курашда жиддий натижаларга эришган давлатлар намунаси бор. Улардан қай бири тажрибасини Ўзбекистон шароитида қўллаш мумкин?

Сизга Ўзбекистондаги энг коррупциялашган тизим ва шахслар рейтингини тузиш топшириғи берилса¸ бу рўйхатнинг биринчи бешлигига қайси идора ва мулозимларни қўшган бўлардингиз?

Шунингдек¸ Сизга Ўзбекистондаги коррупцияни камайтириш вазифаси топширилса¸ ишни нимадан бошлаган бўлардингиз?

Бу ва бошқа қатор саволлар атрофида Сиз билан OzodlikOnline жонли¸ интерактив дастурининг душанба¸ 10 декабр куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган янги сонида суҳбатлашамиз.






OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG