Линклар

Қирғизистон ҳукумати 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб мамалкат бозорларида чет эл фуқароларининг савдогарлик билан шуғулланишини тақиқловчи қарор лойиҳасини ишлаб чиқди. Қирғизистон бозорларида асосан Хитой, Туркия, Эрон ва Покистон фуқаролари савдо-сотиқ қилади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасида 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб катта ва кичик бозорларда хориж фуқароларининг савдогарлик билан шуғулланишини тақиқлаш таклиф қилинган.

Шунингдек, қарор лойиҳасида савдо марказлари ва суппрермаркетларда савдогарлик қилаётган хорижликлар сони 10 фоиздан ошмаслиги кераклиги таъкидланган.

- Биз бу лойиҳани муҳокама қилиш учун тақдим этдик. Агар қарор қабул қилинса, савдогарлик билан шуғулланадиган Қирғизистон фуқаролари сони кўпаяди, -деди ташқи ишлар вазирлиги расмийси Куштар Айтматов.

Қарор лойиҳасида айтилишича, Қирғизистонда миграция қонунчилигининг либераллиги, чегаранинг очиқлиги ва назоратнинг сустлиги туфайли мамлакатда ноқонуний тарзда тадбиркорлик қилаётган чет эл фуқаролари сони кўпайиб кетган. Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳолатга барҳам берилмаса Қирғизистонда келажакда саводсиз ва малакасиз хориж фуқаролари сони кўпайиб кетишидан ташвиш билдирган.

Расмий маълумотга кўра, ҳар йили Қирғизистонда 10 минг меҳнат муҳожирига ишлаш ҳуқуқи берилади. Бироқ мамлакатга бундан кўпроқ меҳнат муҳожирлари келади ва ноқонуний фаолият олиб боради. Масалан, қирғиз парламентида бугунги кунда юз мингга яқин хитой Қирғизистонда меҳнат қилаётгани айтилган. Уларнинг асосий қисми ишлаш учун рухсатномага эга эмас.

Бироқ Хитойнинг Бишкекдаги элчиси Ван Кайвен қирғиз депутатларининг бу иддаоларини асоссиз деб ҳисоблаб, мамлакатда фақат 20 минг хитойлик меҳнат қилаётганини билдирган.

Қирғизистондаги энг йирик “Дордой” бозор ассоциацияси президенти Аскар Салимбековнинг айтишича, хорижлик савдогарлар мамлакат иқтисодиётига катта ҳисса қўшмоқда. Шунинг учун ҳам улар фаолиятини чеклашга қаратилган қарор ва қонунлар ўта эҳтиёткорлик билан қабул қилиниши шарт.

-Хорижликларнинг келгани яхши, албатта. Уларнинг фаолиятини бира тўла тақиқлаш яхшиликка олиб келмайди. Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган қилиб, хорижлик савдогарларга қайси бозордан қанча ўрин берилишини белгилаб, бу ишни тартибга солинишига қарши эмасмиз. Бу ишни ҳам чуқур иқтисодий таҳлилдан сўнг амалга ошириш керак, -деди Аскар Салимбеков.

Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, айни пайтда Қирғизистонда дунёнинг 54 мамлакатидан келган фуқаролар тадбиркорлик билан шуғулланади. Қирғизистондаги меҳнат муҳожирлари орасида биринчи ўринни хитойликлар, иккинчи ўринни турклар, учинчи - тўртинчи ўринларни эса эронликлар ва покистонликлар эгаллайди. Покистонликлардан кейинги ўринни эгаллаган россияликлар эса Қирғизистонда асосан банк, алоқа ва ишлаб чиқариш соҳаларида тадбиркорлик билан шуғулланар экан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG