Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:35

"Бирдамлик" ҳаракати фаоллари ҳибсга олинди


Журналист ва мухолифатдаги “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг Ўзбекистон бўйича масъул вакили Малоҳат Эшонқулова, Жиззах вилояти бўлими раҳбари Саида Қурбонова ҳибсга олинди. Эшонқулованинг қаерда сақланаётгани ҳозирча номаълум бўлиб қолмоқда.


Журналист ва мухолифатдаги “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг Самарқанд вилояти ва Ўзбекистон бўйича масъул вакили Малоҳат Эшонқулова Самарқанд вилояти, Оқдарё туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинди.

"Бирдамлик" етакчиси Баходир Чориевнинг Озодликка айтишича, Малоҳат Эшонқулова ва унинг турмуш ўртоғи Аваз Фозилов 7 декабр куни кечқурун Самарқанд шаҳридаги уйидан ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

- Бир неча машиналарда келиб иккаласини икки томонга олиб кетишган. Аваз акани Самарқанд вилоят Самарқанд туман Ички ишлар бошқармасида ярим соатлар ушлаб турган ва уни қўйиб юборишган. Малоҳат Эшонқулованинг ёнидаги барча оргтехника олдиндан олиб қўйилган эди. Битта телефони қолган эди. Уни ҳам олиб қўйишган. Шу билан уни номаълум йўналишда олиб кетишган. Бизда шу пайтгача унинг қаерда экани ҳақида бошқа маълумот йўқ, деди “Бирдамлик” етакчиси.

Чориевга кўра, Аваз Фозилов рафиқаси Малоҳат Эшонқулова қаерда сақланаётганини суриштирган аммо унинг қаерда эканини била олмаган.

"Бирдамлик" етакчисига кўра, Эшонқулованинг 15 ёшдаги қизи ҳам ўғрилик воқеасига алоқадорлик важидан милиция идорасига олиб борилиб тинтув қилинганидан сўнг қўйиб юборилган.

Малоҳат Эшонқулова ва "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракатининг бошқа фаоллари Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 20 йиллиги муносабати билан 1 декабрдан бошлаб “ОШ” - "оммавий шодлик" тадбирлари ўтказа бошлаган.

Озодлик “Бирдамлик”нинг Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган 7 декабр кунги акцияси тўсқинликка учрагани ҳақида маълум қилган эди.

Баходир Чориевга кўра, 4 декабрдан бери “Бирдамлик”нинг барча вилоятлар раҳбарлари ва ўринбосарлари ҳеч қандай айбловсиз ҳибсга олинган.

- 4 декабрдан бошлаб алоқалар аста-секин йўқола бошлади. Телефон орқали боғлана олмадик. Электрон почта орқали хатларга жавоб беришмади. 4 декабрдан бошлаб фаоллар қўлга олина бошланди. Ҳозир барча вилоят раҳбарлари ва ўринбосарлари қамоқда ўтиришибди, дейди Баходир Чориев.

Айни пайтда, “Бирдамлик”нинг Жиззах вилояти бўлими рабари Саида Қурбонова ҳам 6 декабр куни Пахтакор тумани ички ишлар бўлимига чақиртирилиб, ҳисбга олинган. Бу ҳақда унинг ўғли, 29 яшар Мансур Озодликка хабар берди.

- 6 декабр куни милиция ходимлари келиб аямни олиб кетишди. Кейин қамаб қўйишибди. Суд ҳам бўпти экан. Неча суткага қамалаганини билмайман. Нима айб қўйишгани ҳақида ҳеч нарса айтишмаяпти. Укаларим кўрайлик деб борса, мелисалар сўкиб-сўкиб чиқариб юборишибди, дейди Мансур.

Озодлик Саида Усмоновага қандай айб қўйилганини билиш мақсадида Пахтакор тумани ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Акмал Жаҳонов билан боғланди. Жаҳоновнинг айтишича, Саида Қурбонова безорилиги учун ҳибсга олинган:

- Пахтакорда битта чойхонада ўтиришган улар. Кейин официантлар билан маст ҳолатда жанжаллашишган. Кейин безорилиги учун ҳибсга олинган,- дейди Акмал Жаҳонов.

Саида Қурбонованинг ўғли онаси умуман спиртли ичимликлар ичмаслиги, милиция ходимлари бир неча кундан бери уларнинг уйларини кузатиб турганликларини айтди.

Саида Қурбонова ҳам 6 декабр куни Озодлик билан суҳбатда Пахтакор тумани ички ишлар бўлими ходимлари уни уйига рухсатсиз бостириб киргани ва тинтув ўтказгани ҳақида хабар қилган эди.

“Бирдамлик”нинг Ўзбекистон бўйича матбуот котиби Салима Рустамова ҳам 8 декабр куни Тошкентда қўлга олинган.

Баходир Чориевнинг Озодликка айтишича, Рустамова Ички ишлар бошқармасида бир неча соат ушлаб турилганидан кейин қўйиб юборилган.

АҚШдан сиёсий бошпана олган Баходир Чориев “Бирдамлик” фаоллари ҳибсга олинганига норозилик тариқасида ва уларнинг озод этилиши талаби билан 10 декабр куни Вашингтондаги Оқ Уй ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси олдида намойиш ўтказишни режаланганини айтди.

- Гапни очиғи, ҳамма фаолларимиз қамоқда. Шу сабабли биз 10 декабр куни Вашингтондаги Оқ Уй олдида ва Ўзбекистон элчихонасига мана шу фаолларимиз озод қилиниши масаласида биз намойишлар қилмоқчимиз, деди “Бирдамлик” ҳаракати етакчиси.

“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати “ОШ” деб атаган тадбир - оммавий шодлик, оқ шарф, Олойга шошилинг, оммавий шикоят, Оқсаройга шошилинг каби маъноларни англатади.

Баходир Чориевга кўра, Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 20 йиллиги муносабати билан режаланган “ОШ” тадбирлари оммавий шодлик доирасида ўтказилиши режаланган эди.
XS
SM
MD
LG