Линклар

Сурия мухолифати Олий ҳарбий кенгаш тузмоқчи


Суриядаги қуролланган мухолифат вакиллари ҳозирча тарқоқ ҳолда ҳаракат қилмоқдалар.

Суриядаги қуролланган мухолифат вакиллари ҳозирча тарқоқ ҳолда ҳаракат қилмоқдалар.

Cурия миллий коалицияси «Сурия дўстлари гуруҳи»га кирувчи мамлакатлар вакилларининг 12 декабр куни Марокашда ўтказилажак навбатдаги учрашувига қадар Олий ҳарбий кенгаш тузилгани ҳақида эълон қилади. Бу ҳақда France-Presse агентлигига мухолифат коалицияси вакили Мустафо Саббағ билдирди.

Ҳарбий кенгаш тузишдан мақсад Суриядаги қуролланган мухолифат кучларини бирлаштириш бўлиб ҳисобланади.

Кенгаш ғарб мамлакатларининг Сурияда жиҳодчилар таъсири ошиб бораётгани борасидаги хавотирлари важидан мамлакатдаги исёнчиларнинг турли гуруҳлари устидан қўмондонлик қилиш вазифасини ўз зиммасига олади.

Суриялик фаоллар маълумотларига кўра, шу кунларда Сурия пойтахти чеккалари ва Дамашқ аэропорти атрофида ҳукумат кучлари ва исёнчилар ўртасида шиддатли жанглар бормоқда.

Кеча Буюк Британия ташқи ишлар вазири Вилям Ҳейг Лондон ва Вашингтон Сурия расмийларининг исёнчиларга қарши кимёвий қурол қўллашга тайёргарлик кўраётганига оид фактларга эга эканини билдирди. Бу маълумотлар разведка хизматларидан олинганини қайд этган Ҳейг айни пайтда бу борада бошқа тафсилотларни очиқламади.

Сурия расмийлари ўз халқига қарши ҳеч қачон кимёвий қурол қўлламаслигини билдириб келмоқда.
XS
SM
MD
LG