Линклар

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Саида Қурбонова 6 декабр куни Пахтакор туманида 15 кунга қамалди. Қурбонованинг оила аъзолари бундан икки кун ўтгач хабар топди.

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Саида Қурбонова 6 декабр куни Пахтакор туманида 15 кунга қамалди. Буни Озодликка Саида Қурбонованинг ўғли Соҳиб Қурбонов маълум қилди.

- 6 декабр куни суд бўлган. Бир соат бўлганми ёки икки соат - биз буни билмаймиз. Олтинчи кун суд бўлиб, 15 сутка бериб юборган экан. Жиззахга, Ички ишлар бошқармасига борганимда, олтинчи кун бўлган воқеа экан. "Иккита аёл билан жанжаллашган экан, чиқишига 12 кун қолибди", дейишди, - деди Соҳиб Қурбонов.

Унга кўра, 6 декабр куни эрталаб маҳалла қўмитаси раиси Тавбой Солиев Саида Қурбонованинг уйига келиб, "Сизга чой олиб бераман", деб олиб кетган. Улар Жиззах вилоятининг Пахтакор туманидаги бир чойхонада овқатланиб ўтирган пайтда икки аёл келиб, Саида Қурбонова билан жанжаллашган.

- Иккита хотин келиб, онамга бир нарса деган, онам уларга жавоб қайтарган. Хуллас, уччови ўша ерда жанжаллашиб, юлишиб кетишган. Кейин бояги иккита хотин "уголовний розиск"нинг болларига, "менга шантаж қилди", деб ариза ёзган. Олтинчи кун олиб бориб қамаган. Суд ҳам ўша куни бўлган экан. Саккизинчи декабр куни билдик, - деди Соҳиб Қурбонов.

Унинг айтишича, 7 декабр куни Ички ишлар бошқармаси ходимлари Саида Қурбонованинг уйига келиб, унинг компютерини беришни талаб қилган. Компютер уйида бўлмагани учун ўғли уни эртасига берган. Беш соатлар ўтиб, компютер қайтариб берилган.

Соҳиб Қурбонов онасининг суди оила аъзолари иштирокисиз ўтказилгани ва бу ҳақда тегишли идоралардан шу пайтгача бирор ҳужжат келмаганини таъкидлади.

- Ҳеч бир айби йўқ-да. Уйдагиларнинг бирортасини судга чақириш керак эди-ку. Суд ҳақида уйга чақирув қоғози келмади. 15 суткага қамалгани тўғрисида ҳам ҳужжат олмадик. Тўрт кун бўляпти, суддан қоғоз уйга келгани йўқ. Бугун (9 декабр) судга борсам, прокурор ҳам, суд раиси ҳам йўқ экан, - деди Соҳиб Қурбонов.

Мухолифатдаги "Бирдамлик" Халқ Демократик ҳаракати етакчиси Баходир Чориевнинг Озодликка айтишича, ташкилотнинг Самарқанд вилояти ва Ўзбекистон бўйича масъули Малоҳат Эшонқулова ва турмуш ўртоғи Аваз Фозилов ҳам 7 декабр куни кечқурун Самарқанддаги уйида Оқдарё туман Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган.

Фозилов бир соат ўтмасдан қўйиб юборилган. Аммо Малоҳат Эшонқулова ҳибсдан озод этилмаган.

Чориевга кўра, Малоҳат Эшонқулованинг қаерда сақланаётгани номаълум бўлиб қолмоқда.

Айни пайтда, “Бирдамлик”нинг Ўзбекистон бўйича матбуот котиби Салима Рустамова 8 декабр куни Тошкентда қўлга олинган. Чориевга кўра, Рустамова Ички ишлар бўлимида бир неча соат ушлаб турилганидан кейин қўйиб юборилган.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Жиззах вилояти раҳбари Ўктам Пардаев “Бирдамлик” фаолларининг қўлга олиниши улар олиб бораётган фаолият билан боғлиқ эканини айтди.

- “Бирдамлик” ташкилоти вакиллари Саида Қурбонова, Малоҳат Эшонқулова - ҳаммаси 8 декабр байрам кунида тадбирлар ўтказмоқчи бўлган. Пикетга чиқиш мўлжаллари бўлган. Шу сабабли уларга нисбатан жуда қаттиқ тазйиқ бўлиб, кузатув бўлиб, мана охири Саида Қурбоновани 15 суткага қамашди, - деди Ўктам Пардаев.

Малоҳат Эшонқулова ва "Бирдамлик"нинг бошқа фаоллари Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 20 йиллиги муносабати билан 1 декабрдан бошлаб “ОШ” - "оммавий шодлик" тадбирлари ўтказа бошлаган эди.

Озодлик “Бирдамлик”нинг Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган 7 декабр кунги акцияси тўсқинликка учрагани ҳақида ўз вақтида хабар қилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG