Линклар

Марҳум Абдусамат Дадаевнинг яқинларига кўра, бунга қадар уни Москва СИЗОси ертўласида Ўзбекистон МХХ ходимлари сўроққа тутган ва "Туркистон жамоати" номли экстремистик ташкилотига аъзоликда айблаб, тазйиқ ўтказган.



8 декабрдан 9 декабрга ўтар кечаси Москва шаҳрининг Медведково туманидаги Экстрадиция қилинувчиларни вақтинчалик сақлаш 4-изоляторида сақланган наманганлик 19 ёшли Абдусамат Дадаев ўзини осиб қўйди.

Дадаевнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, бунга қадар Абдусамат ва у билан бирга СИЗОда сақланаётган яна 4 наманганлик йигитни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари сўроққа тутган.

5 йигит шу йилнинг 15 ноябрида Москванинг Внуково аэропортида Тошкентга учиши олдидан қўлга олинган эди.



Уларнинг ҳимояси билан шуғулланаётган Марказий-осиёлик сиёсий қочқинлар жамияти раҳбари Баҳром Ҳамроевнинг Озодликка айтишича, марҳум Абдусамат Дадаев ва у билан бирга ҳибсга олинган Раҳматулло Муҳаммадхўжаев, Авазбек Низомов, Олим Жалолов ва Ҳаким Жалоловлар Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан қидирувга берилган.

Уларнинг ҳаммаси 1990-1993 йиллар оралиғида туғилган наманганлик йигитлардир.

- Россия ҳукумати буларни Ўзбекистон қидирувга берганини айтган эди. 8 декабр куни эса СИЗОнинг ертўласига Ўзбекистон МХХ ходимлари кирган. "Тирноқларинингни суғуриб ташлаймиз, кейин булбулдай сайрашни бошлайсан, Ўзбекистонга олиб кетамиз барибир", деган. Тошкент шевасида гапирган ўзбек махсус хизматларининг болалари экан. Ўша воқеа бўлиши билан кечаси менга СИЗОда ўтирган Жалолов Олим телефон қилиб, ҳаммасини сўзлаб берди,- дейди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.

Ҳибсга олинганлар орасида энг ёши бўлган Абдусамат, унинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, қаттиқ қўрқиб кетган ва тонгга яқин ўз жонига қасд қилган.

Москва шаҳар Жазони ижро этиш бошқармасидан ҳозирча воқеа юзасидан маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Аммо, бошқарманинг айни масала билан шуғуланаётган расмийси Татяна Николаевна билан суҳбатлашган Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, расмийлар аввалига воқеани яширишга уринган.

- Ҳозир бу иш ҳаммага ошкор бўлиб кетди. ГУИНдагилар ҳам билишади. Тасаввур қилинг, Ўзбекистон МХХчилари келиб, Москва СИЗОсининг ертўласига тушиб, бемалол бу йигитларга тазйиқ ўтказган,- дейди Баҳром Ҳамроев.

Марҳумнинг Москвадаги қариндошларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Абдусамат Дадаевнинг жасади ҳануз СИЗОда қолаётганини айтди.

Унга кўра, ҳибсдагиларнинг қариндошлари ва дўстлари Медведково изоляторига боришга қўрқмоқда.

"Ўзбекистоннинг МХХсидан келганлар ҳалиям ўша ерда экан. Ҳозир ўша болаларнинг телефонида номери бўлган болларга телефон қилиб: "Сизларни ҳам топиб, олиб кетамиз Ўзбекистонга, нима ишлар қилиб юрибсанлар Россияда?" деб дўқ қилаётган экан. Мени ҳам суриштиришибди", деди Абдусаматнинг қариндошларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Москва СИЗОсида сақланаётган йигитлардан икки нафари - Раҳматулло Муҳаммадхўжаев ва Авазбек Низомовнинг акалари - Хайрулло Муҳаммадхўжаев ва Улуғбек Низомовлар шу йилнинг октябр ойида Калининграддан Наманганга борган вақтида ҳибсга олинган эди.

Уларнинг яқинларидан олинган маълумотга кўра, Медведково изоляторидаги сўроқ чоғида ўзбек махсус хизматлари вакиллари Ўзбекистон ҳибсхонасида сақланаётган икки йигит ҳақида ҳам гапирган.

"Сенларни акаларинг "Туркистон жамоати", деган ташкилотга аъзо, сенлар ҳам аъзосанлар, деганга ўхшаш гапларни қилишибди. Агар Ўзбекистонда бўлганингда бошқача гаплашардим, деб қўрқитибдида болларни. Энди биласизку, бизникиларни", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Абдусаматнинг исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган қарнидоши.

Ўзбек махсус хизмати ходимлари тилга олгани айтилган "Туркистон жамоати" диний-экстремистик ташкилоти ҳақида ҳозирча Озодликда ҳеч қандай маълумот йўқ.

Россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Баҳром Ҳамроев айни пайтда жасади берилмаётган Абдусамат Дадаевнинг яқинларига кўмаклашаётгани ва ҳибсда қолаётган бошқа тўрт ўзбекистонликнинг қийноқлар қўлланиладиган Ўзбекистонга экстрадициясини тўхтатишга уринаётганини айтмоқда.

Шунингдек унинг яна қўшимча қилишича, 4-изоляторидаги сўроқ-савол чоғида Ўзбекистон махсус хизматлари вакиллари Россияда ишлаб юрган наманганлик йигитларни "байтул-мол" йиғаётганлик ва Ўзбекистондаги диний-экстремистик ҳаракатларни молиявий таъминлашга уринганликда айблаган.

Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон махсус хизматларининг Россияда юрган ўзбекистонлик муҳожирларни асоссиз айбловлар билан қидирувга бергани ва бунга Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг кўмакчи бўлаётганидан хавотир билдирмоқда.

Айни пайтда, қиш совуғи тушгани боис Россиядаги мавсумий ишларни тўхтаб, Ўзбекистонга қайтаётган меҳнат муҳожирларининг бу каби воқеалардан хабар топганлари кўнглига ғулғула тушган.

- Совуқда бу ерларда қололмасак. Уйга борсак: "Сен террорчиларга ишлаб, пул топиб бергансан", деб қамаб қўйса!? Бу нимаси а?!- дея жиғибийрон бўлди Озодликка сўзлаган андижонлик меҳнат муҳожири Хайрулло.

Озодлик бу воқеа ривожини кузатишда давом этади ва кун давомида сизни янгиликлардан хабардор қилиб боради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG