Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:32

Швед прокурорлари Беҳзод Аҳмедовни ҳам айбламоқда


Швеция ва Швейцария томонидан айбланаётганларнинг Гулнора Каримовага алоқаси борлигига ишора қилувчи маълумотлар бор.
Швеция ва Швейцария томонидан айбланаётганларнинг Гулнора Каримовага алоқаси борлигига ишора қилувчи маълумотлар бор.

Швеция суди Takilant Ltd. фирмаси банк ҳисоб рақамларини ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарди. Швецияга қарашли TeliaSonera ширкатининг Ўзбекистондаги ҳамкори, Гулнора Каримовага яқин доираларга қаршли Takilant Ltd. фирмасининг Швеция банкларидаги 30 миллион АҚШ долларига тенг маблағи ҳибсга олинган. 7 декабр кунги суд мажлисида TeliaSoneraни Ўзбекистонда бизнес қилиш учун пора берганликда айблаётган Швеция прокуратураси яна бир Ўзбекистон фуқароси – Беҳзод Аҳмодов бу ишга алоқадорликда гумон қилинаётганини маълум қилди. Айни пайтда TeliaSonera ширкати ўз Интернет сайтида расмий баёнот эълон қилиб, Ўзбекистонга оид саволларга жавоб бермаслигини маълум қилди.


Беҳзод Аҳмедов ҳам фигурант

Ўтган жума куни Стокҳолм шаҳар суди Швеция прокуратурасининг Гибралтарда рўйхатга олинган Ўзбекистон фуқароларига қарашли Takilant Ltd. фирмасининг банк ҳисоб рақамларини ҳибсда қолдириш сўровини кўриб чиқиб, уни қондирди.

Стокҳолм суди октябр ойида Гулнора Каримовага яқин шахсларга қарашли Takilant Ltd. фирмасининг 30 миллион АҚШ долларига тенг ҳисоб рақамини ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган эди.

Швеция жамоатчилик телевидениеси сентябр ойида TeliaSonera телекоммуникация ширкати Ўзбекистонда бизнес қилиш учун Гулнора Каримовага юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора бергани иддао қилинган "TeliaSonera-ўзбек иши" номли ҳужжатли филмни намойиш қилиши ортидан Швеция прокуратураси бу юзадан жиноий иш очган эди.



Қисман Швеция ва Финляндия ҳукуматларига қарашли ширкатдан пора олганликда Ўзбекистон фуқаролари Гаянэ Авакян ва Алишер Эргашевлар гумон қилинаётган эди. Швециялик журналистлардан бирининг, шахси сир қолиши шарти билан, Озодликка айтишича, прокуратура терговчиси Гуннар Стеттлер жума кунги мажлисда бу иш бўйича яна бир Ўзбекистон фуқароси Беҳзоз Аҳмедов ҳам гумонланувчи сифатида ўтаётганини маълум қилган.

“Прокурор тақдим қилглан ҳужжатларга кўра, Беҳзод Аҳмедов TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги асосий рақиби бўлган МТС ширкати директори бўла туриб, TeliaSonera билан Takilant Ltd. номидан музокара қилган. TeliaSonera билан Беҳзод Аҳмедов ўртасида бу борада ҳатто ёзма келишув ҳам борлиги маълум бўлди. Прокуратурани Аҳмедов қандай қилиб рақиб ширкат МТСнинг бош директори бўла туриб, TeliaSonera билан музокара қилиши мумкин бўлган, деган савол қизиқтирмоқда. Бизда, яъни швед матбуотида Беҳзод Аҳмедовнинг Гулнора Каримовага яқин алоқаси бўлганига оид маълумотлар бор. Ҳар қалай ўша пайтда шундай бўлган”, дейди швед журналисти.

Унинг айтишича, бундан ташқари, прокуратура терговчиси жума кунги маҳкамада суддан Takilant Ltd. ширкатига қарашли яна 2 миллиард швед кронаси (300 миллион АҚШ доллари) миқдоридаги маблағини ҳам ҳибсга олишни сўраган.

“Ҳозирча Takilant Ltd.нинг бунча пулини ушлаб қолиш имкони бўлмаслиги мумкин. Лекин кейинчалик прокуратурада бунинг имкони пайдо бўлиши мумкин. Суднинг бунга оид қарори чоршанба куни эълон қилинади. Бундан ташқари суд ва прокуратура ўртасида бу ишга оид ҳуқуқий масала хусусида ҳам муҳокама бўлмоқда. Суд, “бу ишни Швецияда кўриш учун асос борми, яъни пора бериш Швецияда рўй берганми, йўқми”, деган саволни қўймоқда. Прокуратура эса, “проахўрлик Швецияда содир этилгани, чунки пора бериш қарори TeliaSoneraнинг Швециядаги менежменти томонидан қабул қилинган”, деган иддаони илгари сурмоқда”, дейди журналист.

TeliaSonera саволларга жавоб беришдан бош тортмоқда

Айни пайтда, Ўзбекистода бизнес қилиш имкони учун Тошкент ҳукуматига алоқадор шахсларга пора берганликда гумон қилинаётган TeliaSonera жума куни ўз сайтида Ўзбекистон билан боғлиқ саволларга жавоб бермаслигини баён қилди қилди.

TeliaSonera матбуот хизмати вакили Озодлик билан суҳбатда Швеция прокуратураси “ўзбеклар иши” бўйича олиб бораётган терговдан ташқари, TeliaSonera ҳам Mannheimer Swartling адвокатлик фирмасини ёллаб, мустақил тергов ўтказаётгани боис бунга оид саволларга жавоб бермаслик маъқул кўрилганини таъкидлади.

- Швеция телевидениеси келаси ҳафта бу мавзуда яна бир ҳужжатли филмни эълон қилади. Журналистлар бизга саволлар билан мурожаат қилишди. Лекин биз бу юзадан тергов олиб бораётганимиз боис, саволларга жавоб беришдан тийилиб туришни маъқул кўрдик. Сайтимизда баёнот эълон қилишимиздан мақсад бу борада узр сўраш ва позицзиямизни изоҳлашдан иборатдир. Биз бу масалага жиддий қарамоқдамиз, биз ўтказаётган тергов натижалари январ ойида эълон қилинади ва ўшангача бу борада изоҳ бермай туришни маъқул кўрдик, деди TeliaSonera матбуот хизматининг ўзини таништирмаган ходими.

Швециялик журналист жамоатчилик телеканали тайёрлаётган ҳужжатли филм жорий ҳафтада эфирга берилишини маълум қилди. “Телканал TeliaSoneraнинг Ўзбекистондаги фолиятига доир навбатдаги филм тафсилотларини очиқлаганича йўқ. Лекин унда кўплаб янгилик бўлишини кутсак бўлади, акс ҳолда янги филм чиқмас эди”, дейди журналист. Швеция жамоатчилик телеканалининг "TeliaSonera-ўзбек иши" номли биринчи филми сентябр ойида эфирга берилган эди.

Швециядаги жиноий иш фигурантлари Гаянэ Авакян, Алишер Эргашев ва Беҳзоз Аҳмедов ҳамда яна бир Ўзбекистон фуқароси Шоҳруҳ Собиров Швейцария прокуратураси томонидан ҳам пул ювганликда айбланмоқда. Шу йилнинг июл ойида Швецария прокуратураси томонидан ҳибсга олинган Алишер Эргашев ва Шоҳруҳ Собиров октябр ойида гаров эвазига озод қилинган эди.

Бу шахсларнинг тўрталаси ҳам Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин шахслар эканига ишора қилувчи маълумотлар бор.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:31 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG