Линклар

2012 йилнинг учинчи чорагида Россия ва Ўзбекистон ўртасида якка шахслар томонидан пул ўтказиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30,14 фоизга кўпайиб, 2,7 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Ўзбеклар Россиядан ватанига пул жўнатиш бўйича МДҲ давлатлари ичида пешқадам бўлиб қолмоқда.


Россия Марказий банки маълумотига кўра, жорий йил учинчи чорагида Россиядан Ўзбекистонга пўл жўнатмалари 30,66 фоизга кўпайиб, 1,969 миллиард долларни ташкил қилган. Ўзбекистондан Россияга ўтган йилгига қараганда 21,35 фоизга кўпроқ, 108 миллион АҚШ доллари жўнатилган.

Россия Марказий банкига кўра, ўзбеклар Россиядан ватанига пул жўнатиш бўйича МДҲ давлатлари ичида пешқадамлик қилмоқда.

Озодлик билан суҳбатда бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳам бу йилги иш мавсуми ўтган йилгига нисбатан баракалироқ бўлганини айтишди.



Москвдаги дўконлардан бирида сотувчи бўлиб ишлаётган андижонлик Фарход Ўзбекистонга ойига 600-700 доллар жўнатаман, деди.

- Телефонларнинг сим карталарини сотаман. Ойига 24-25 минг оламан. Шундан 700 долларини Ўзбекистонга жўнатаманда. 100-150 доллар ўзимга расходга қолади. 6-7 ой бўлди қайтиб келганимга. Ундан олдин ҳам келиб-кетиб юргандим. 700-800 доллар жўнатса, 550-600 сўм комиссия олади. Озроқ жўнатса, 200-300 рубл олади, дейди андижонлик Фарход.

Россиянинг Воронеж вилоятида ишлаётган фарғоналик Умидбек эса меҳнат муҳожирлари Ўзбекистондаги яқинларига даромадига қараб пул жўнатишини, ўзи эса ойига тахминан минг доллар жўнатишини айтди.

- Бир ойда 35-40 минг рубл ишлайман. "Евросет"дан жўнатаман. "Связной" деган банк бўлими ҳам бор. Ўриснинг пулига 32 минг берсангиз, Ўзбекистонга 1000 доллар жўнатишади. 1000 доллардан тахминан 400 рубл комиссия олади. Сабаби, буларда рақобат бўлаяпти. Илгари қиммат эди. 1000 доллар жўнатиш учун 1000-1500 рубл кетарди. Ҳозир 400-500 сўм берсангиз, олиб бориб беришаяпти, дейди фарғоналик Умидбек.

Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари кўпайиши ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари кўпайгани билан изоҳланади.

Россия расмийларига кўра, ҳозирда Россия Федерациясида жами 10 миллионга яқин меҳнат муҳожири бор. Улардан 3 ярим миллионга яқини ўзбекистонликликлар экани айтилади. Баъзи норасмий манбалар эса бу рақам икки баравар кўп деб тахмин қилинади.

Озодлик билан суҳбатлашган Фарход Россияга ишлаш учун Ўзбекистондан кўпроқ одам келаётганини тасдиқлади.

- Ўзбекистондан келаётган муҳожирлар сони кўпаяпти дейман мен. Ҳозир шу ерда турсангиз ёш-ёш оилалар хотин боча-чақалари билан келганини кўрасиз. Биз квартирада турибмиз. У ерда бутун бошли оилалар, 1-2 яшар гўдаклар ҳам бор, эр-хотин ва уларнинг онаси ҳам бор, дейди Фарход.

Мустақил таҳлилчилар фикрича, айнан меҳнат муҳожирлари оилаларига юбораётган пул жўнатмалари Ўзбекистон иқтисодини дефолтдан қутқармоқда ва жамиятдаги тарангликни юмшатувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

2011 йилда Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатиш 49,8 фоизга кўпайиб, 4,909 милллиард долларга етган эди.

Жорий йил сентябр ойидан бошлаб хориждаги яқинларидан пул олувчи ўзбекистонликлар устидан назорат кучайтирилди. Пул ўтказиш шохобчасига пул олгани келганлардан ким, қаердан, нима мақсадда пул жўнатаётгани ҳақида маълумот талаб қилинмоқда.

Озодлик манбаларига кўра, "Westren Union", "Money Gram", "Contact", "Unistream", "Migom" сингари тармоқларда жорий қилинган янги тартибга кўра, эндиликда хориждан пул олувчи кишилар ўз шахси ва пул юборувчининг исми-шарифи, манзили ҳақидаги қўшимча маълумотларни тақдим этиши талаб қилинмоқда.

Россия Марказий банкига кўра, Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирлари ватанига пул жўнатишда "Анелик", "БЛИЗКО", "Coinstar Money Transfer", "Контакт", "InterExpress", "Мигом", "MoneyGram", "PrivatMoney", "UNIStream", "Western Union", "АзияЭкспрес", "Allure", "Блиц", "Fast Mail", "Gold Crown", "ЛИДЕР" ва "Почта России" каби ширкатлар хизматидан фойдаланган.

Россия Маркзий банки эълон қилган рақамларга кўра, пул жўнатмалари бўйича Тожикистон 1,28 миллиард доллар билан иккинчи, Украина 804 миллион доллар билан учинчи ўринни эгаллаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG