Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:13

Ўзбекистонда қурилаётган намунавий уйлар ободлик белгисими?


“Обод турмуш” йили, деб номланган 2013 йилда ҳукумат аҳолига яна 8 ярим мингдан ортиқ намунавий уй қуриб беришни режаламоқда. Озодлик "Баҳс майдони"нинг бугунги сонида ўз муштарийларини 2012 йил охирига келиб, қурилиши ҳашарга қолган намунавий уйларнинг зарурати ҳақидаги баҳсга чорлайди.


Ўзбекистон Президенти 2013 йилни “Обод турмуш” йили, деб эълон қилди.

"Турмушимиз яна ҳам обод бўлсин, деб келгуси йилга шундай ном таклиф қиляпман", деди президент.

- Биз турмушимизни янада обод қилиш вазифасини олдимизга қўяр эканмиз, бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз зарур: яъни, ҳаётимизни обод қилишнинг муҳим шарти – бу аввало, маҳаллани обод қилиш демакдир”, деди Президент Ислом Каримов Конституциянинг 20 йиллигига бағишлаб сўзлаган нутқида.

Ўтиб бораётган "Мустаҳкам оила йилида" Ўзбекистон қишлоқларида минглаб намунавий уйлар қурилди ва бу уйлар ҳукумат ҳисоботлари, расмий матбуотда мамлакат ободончилигининг муҳим аломати ўлароқ тақдим қилинди.

Бироқ, Бош вазир Шавкат Мирзиёев шу йил аввалида битиришни режалаган 8 минг 510 та намунавий уй йил охирига келиб битмай қолди.

Октябр ойи бошида вазиятдан хабар топган Бош вазир эса қатор вилоятлар ҳокимларига, қурилишга масъул ташкилотлар ҳайфсан эълон қилди. Бир неча вилоят ҳокимлари муовинларини ишдан олди ва энг муҳими, битмаган уйларни 30 ноябрга қадар битказишни талаб қилди.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида айтилишича, қурилишни тезлаштириш жараёни Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг шахсий назоратига ўтган ва шундан кейин маҳаллий ҳукуматлар уйлар қурилишига ҳашарчиларни солиб юборди.

Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд вилоятларида уйлар қурилишига турли давлат ташкилотларидан ташқари, коллеж ўқувчи ва ўқитувчилари ҳам жалб қилинди.

Айни вазиятдан келиб чиқиб, бу мавзуни "Баҳс майдони"да кўтаришга қарор қилган Озодлик муштарийларига бир неча саволлар билан юзланади:

Қурилиши кечика-кечика, охири халқ ҳашарига солиб юборилган намунавий уйлар, ҳукумат ўз ҳисоботларида тақдим қилаётгани каби, Ўзбекистоннинг ободлиги белгисими?

Мажбурий-ихтиёрий равишда оилаларга берилаётган намунавий уйлардан аҳолининг кўнгли тўлаяптими?

Энг муҳими, камида 60-70 миллион, кўпи билан эса 120 миллион сўмга тушаётган бу уйларни ўзбекларнинг чўнтаги кўтарадими?


Намунавий уйлар қурилишида иштирок этган жиззахлик 49 ёшли Каримжон Қаҳҳоров, ва самарқандлик ўқитувчи 38 ёшли Жамшид бу уйлар зўрма-зўракилик билан қурилаётгани, нархлари ҳаддан ташқари баланд эканлиги ва оддий ўзбекистонликларда бу уйларни сотиб олиш учун харид имконияти йўқлигини айтади.

Уларнинг оппонентлари Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманидан 68 ёшли Ражаб Тошев, Косон туманидан 94 ёшли Раҳмонқул бобо фикрича, бу намунавий уйлар гуллаб яшнаётган Ўзбекистон учун ҳақиқий ободлик намунасидир.

Раҳмонқул Ҳайдаров: Албатта, бу уйлар ободлик белгиси. Масалан қишлоқлардаги одамларнинг қўлида маблағи бўлса ҳам бундай чиройли уйлар қуриш қўлидан келмайди, бунга ҳавасманд одамлар бор. Бу бир томони. Иккинчи томони, ўша уйларни қуриб, давлатимиз бирортасини бўйнига тақаётгани йўқ, шуни оласан деб мажбурлаётгани йўқ...

Карим Қаҳҳоров: Мажбурлаяпти, жудаям мажбурлаяпти. Мана фермерларга, ташкилотлар раҳбарларига мажбурлайди. Оласан дейди, олмасдан иложи ҳам йўқ. Нархини қаранг, 102 миллион сўм, менга ўхшаб 300 минг сўм ойлик оладиганларга мажбурламайди албатта, пули бор одамларга мажбурлайди, менга ўхшаганлар ҳаётида бу уйни ололмайди....

Жамшид: Бу нарх қаердан келиб чиқяпти, нега бунча қиммат. Оппонентларим бир ўйлаб кўрганми? Бу уйлар қурилишларида қанақа катта катта ўйинлар бўляпти, қанақа откатлар кетяпти, қанақа коррупция кетяпти. Билишмаса мана мен буни очиб бераман...

Баҳснинг тўлиқ вариантини қуйида тингланг:

Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:17:23 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG