Линклар

С.Шарипов: Ботировнинг Ўш қирғинига алоқаси йўқ


Солижон Шарипов Бишкек аэропортида.

Солижон Шарипов Бишкек аэропортида.

Қирғизистонлик фазогир Солижон Шарипов бу фикрни Бишкекдаги “Манас” аэропортидан Ўшга учиб кетиш арафасида кутилмаганда уни кўриб ва таниб қолган “Озодлик” радиоси қирғиз хизмати мухбири билан қилган қисқача суҳбати пайтида билдирди.

Маълум бўлишича, Солижон Шарипов 9 декбарда меҳнат таътилига чиққан ҳамда Москвадан Ўшга бориб, қариндош-уруғларини зиёрат қилиб келмоқчи бўлган.

Солижон Шарипов Ўшда уч кун бўлишини айтди. У аэропортда “Озодлик” мухбирининг саволларига жавоб берди.

Қирғиз матбуоти ва мамлакат президенти Алмазбек Атамбаев Солижон Шариповни Қирғизистон ҳукумати томонидан 2010 йилги Ўш қирғини ташкилотчиларидан бири сифатида айбланаётган Қодиржон Ботиров билан ҳамкорлик қилганлигини иддао қилиб келади. Бу иддаоларга кўра, Солижон Шарипов Ўш қирғинидан сўнг айни пайтда қочқинликда юрган Қодиржон Ботировнинг мол-мулкини давлат мусодара қилмаслиги учун ўз номига ноқонуний равишда ўтказиб олган.



Солижон Шарипов суҳбат давомида бу иддаоларнинг асоссиз эканини таъкидлади.

- Сиз ҳақингизда сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари турли маълумотларни чоп қилишаяпти. Гўёки сиз Қодиржон Ботировнинг университетини хусусийлаштириб олган эмишсиз. Буни қандай изоҳлайсиз?

- Бу гаплар ҳақиқатга тўғри келмайди. Ботировнинг ҳеч қандай мол-мулкини сотиб олган эмасман. Мен фақат “Дўстлик” ҳиссадорлик жамияти акцияларининг бир қисминигина сотиб олганман. Бу ҳиссадорлик жамиятининг акцияларига мингдан ортиқ одам эгадорлик қилади.

- Айрим гап-сўзларга қараганда Солижон Шариповнинг Қирғизистонга келиб кетиши қийинлашиб қолган эмиш. Бу гап тўғрими?

- Ҳеч қандай қийинчилик йўқ. Мен ҳеч қандай тўсиқларсиз келиб-кетиб юрибман. Келганимда расмийлар билан ҳам учрашаман. Менга нисбатан жиноят иши очилган эмас, мен жиноят ҳам қилган эмасман. Буни ҳамма билади ва тушунади. Афсуски, айрими журналистлар нотўғри маълумотларни тарқатмоқда.

-Сиз билан аэропортда учрашдик. Қирғизистонга келишдан мақсадингиз нима?

- Меҳнат таътилига чиққанман. Ўзганга-туғилиб ўсган шаҳримга кетаяпман. Қирғизистонда уч кун бўламан.

- Сизни Қодиржон Ботиров билан яхши муносабатда бўлган дейишади. Ўзаро борди-келди қилганингларни айтишади. Бу гаплар тўғрими?

- У киши менинг дўстим бўлади. У билан ўта яқин муносабатдамиз.

-Ботиров менинг дўстим деяпсиз. У билан учрашиб қолганинигзида унга нисбатан билдирилаётган айбловлар ҳақида гаплашасизларми?

-Июн воқеаси пайтида у Қирғизистонда бўлмаган. У май ойининг бошларида чет элга чиқиб кетган. Унинг бу воқеаларга алоқаси йўқ деб ҳисоблайман. Мана шу мавзуда гаплашмай қўя қолайлик...

- Россияда қирғизистонлик ўзбекларнинг бошини бирлаштирадиган ташкилот уюштирилиб, унга Ботиров президент, сиз эса фахрий президент сифатида сайланганингиз ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди. Бу қанчалик рост ёки ёлғон?

- Ёлғон. Менинг фахрий президент бўлганим, Ботиров бу ташкилотга раҳбарлик қилаётгани ҳақиқатга зид. Мен “Россия ва Қирғизистон дўстлиги” жамиятининг асосчиларидан бириман. Бор гап шу...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG