Линклар

logo-print
Ўтган ҳафтадан бошлаб “Билайн” алоқа оператори халқаро интернет-канали сиғимини 20 фоизга оширди. Эндиликда мобил интернетининг сифати яхшиланиши ваъда қилинмоқда.

“Билайн” мобил компанияси халқаро интернет-канали сиғимини 1,2 Гбит/с.га оширди.

Бу ҳақда “Билайн” компанияси Тошкентдаги Бош офисининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходими маълум қилди.

Унинг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, абонентларнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, шундай қарорга келинган.

“Бизда июл ойи охирида ташқи интернет-каналининг сиғими 850 Мбит/с.ни ташкил қилар эди. Август ойида сиғимни 1 Гбит/с.га оширган эдик. Эндиликда яна 20 фоизга оширдик ва бу 1,2 Гбит/с.ни ташкил қилади. Биз алоқа каналларига юкламалар кескин ўсгач, ташқи канални 20 фоизга оширишга қарор қилдик”, деди “Билайн” ходими микрофонсиз суҳбатда.



“Билайн” ходими ташқи интернет каналининг сиғими 20 фоизга оширилиши натижасида мобил интернетининг сифати яхшиланишини таъкидлади.

Янги медиа бўйича эксперт Тўлқин Умаралиев фикрича, халқаро интернет-каналида сиғимнинг оширилиши, одатда сифат ўнгланишига хизмат қилади.

- Интернет Ўзбекистоннинг ичидан чиқмайди булоққа ўхшаб. “Билайн” ҳам интернетни ташқи провайдердан олади. Шунинг учун “Билайн”нинг ташқи провайдердан олаëтган интернети кенглиги, катталиги сониясига 1,2 Гбит/с.га ошди, дегани бу мобил операторининг мобил интернет тезлигига ўз таъсирини кўрсатади. Чунки бу ерда 20 фоизга ўсиш бўлаяпти. Менимча, оддий мобил фойдаланувчиларининг интернет тезлиги камида 20 фоизга ўсади, яъни бундан аввал бир саҳифа 10 сонияда очилган бўлса, энди 8 сонияда очилади деганида бу, дейди Тўлқин Умаралиев.

Лекин айни пайтда “Билайн” абонентлари мобил интернети хизмати сифатида яхшиланиш кузатилмаётганини айтишмоқда.

Тошкентлик Мусабекнинг айтишича, МТС ёпилганидан буён мобил алоқа операторлари тақдим қилаётган интернет сифати кескин ёмонлашган.

- Камида бир ойда 2-3 марта “Билайн” интернет хизмати 2-3 соат, баъзида умуман ишламай қолади. Одатда кечки соат 8дан 10гача бўлаëтган ҳолатларда. Қолаверса, “Билайн”нинг интернет траффиги оз миқдорда ошган, яъни нархлари ошган. Олдин 10 доллар бўлган интернет пакетлар ҳозир 11 долларга кўтарилган. Сифат борасида эса “Билайн”ни ҳам, “Юселл”ни ҳам мақтаб бўлмайди. Об-ҳавонинг совуқлашуви ëки ўзгариши натижасида одам керакли нарсани ўз вақтида интернетдан оломайди. Оддийгина почтани очиш учун 15-20 дақиқа кутишингизга тўғри келади. Вазият ўзгарганича йўқ. Ҳозирги кунда кўпчилик имконияти борлар уй телефонлари орқали связни улашга ҳаракат қилаяпти, деди Мусабек.

Жорий йилнинг 17 июл куни МТС фаолияти тўхтатилгач, мазкур компаниянинг фойдланувчилари “Билайн” ва “Юселл” компанияларига ўтиб кетди.

МТС ёпилгач, Ўзбекистонда мобил алоқа сифати кескин ёмонлашганидан шикоятлар Озодликка деярли ҳар куни бўлаяпти.

Шунингдек, Facebook ва Twitter ижтимоий тармоқларида “Билайн” ва “Юселл”нинг мобил интернети сифатидан норозилик чиқишлари мунтазам кузатилмоқда.

Ҳозир “Билайн” Ўзбекистон мобил алоқа компаниялари орасида энг катта ташқи интернет-канали сиғимига эга ширкат ҳисобланмоқда.

XS
SM
MD
LG