Линклар

logo-print
Халқаро Меҳнат ташкилоти хулосасига кўра, кейинги йилларда дунёни қамраган глобал инқироз қўлидаги иши муваққат ва камҳақ бўлганидан норозилиги кучайиб бораётган ёшларнинг кенг қатламини пайдо қилган.

БМТнинг Халқаро Меҳнат ташкилоти ҳисоботига кўра, шу кунларда дунё бўйлаб 15-24 ёшлар оралиғидаги 75 миллион одам ишсиздир ва ёш ишсизлар сони дунёда глобал бўҳрон бошланган 2007 йилдан буён 4 миллионга кўпайган.

Ишсиз ёшларнинг 6 миллиони тайинли иш топишдан умидини узган ёшлардир.

Энг муҳим муаммо шундаки, глобал иқтисодий инқироз боис дунё давлатларида қисқариб бораётган иш ўринларидан борган сари кўпроқ ёшлар бўшатилмоқда.



Халқаро Меҳнат ташкилотининг ёшлар ишсизлиги билан шуғулланаётган мутахассиси Маттиё Коняк кузатувларига кўра, кундан-кунга ишсиз қолаётганлар орасида ёшлар катталарга нисбатан уч баробарга кўпдир.

- Бу борада дискриминациядан жабр кўраётганлар орасида ёшлар кўп. Дунё бўйлаб иқтисодий ўсиш кузатилган даврда эса ёшлар, одатан, ишдан бўшатилганлар орасида охирги, ишга олинганлар орасида эса биринчилардан бўлар эди. деди Маттиё Коняк.

Европа Иттифоқида 25 ёшгача бўлган ишга яроқли аҳолининг ҳар 5 нафаридан бири иш тополмаяпти. Қолганлари ҳам, одатан ярим ставка ёки соатбай ишларда ишлашга мажбур қолмоқда.

Бундан ташқари, ноқонуний фаолият юритаётган секторларда ишлашга мажбур бўлаётган ёшлар ҳам кўпчилик.

Европа Иттифоқи ҳудудида, айниқса Испания ва Грецияда ишсизлик даражаси жуда кучлидир ва олий таълим муассасалари ҳамда коллежларни битираётган ёшларнинг аксарияти ишсиз.

Айни пайтда Осиё-Тинч океани ҳудудидаги давлатларда ҳам меҳнат бозорининг истиқболи жуда қоронғу қолмоқда. Бу минтақа эса дуёнинг аҳолиси орасида ёшлари энг кўп бўлган минтақаларидан бири ҳисобланади.

Бу минтақада ишга яроқли ёшларнинг ҳар 6 нафаридан бири ишсиздир. Ишсиз ёшлар энг кўп қайд этилган давлатлар эса Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада. Бу ҳудудда ҳар 4 меҳнатга яроқли ёшнинг бири ишсиз.

Маттиё Конякнинг эътирофича, келгуси йилларда дунёнинг ривожланаётган бу минтақаларида ишсиз ёшлар масаласи энг оғир муаммолардан бирига айланиши мумкин.

- Европадаги муҳим масала иш ўринларини яратишдир, чунки бу ҳудудда иш ўринлари етарли эмас. Ривожланаётган Осиё давлатларидаги асосий муаммо эса мавжуд иш ўринларининг даражаси ҳамдир. Чунки бу давлатларда ишчиларнинг ижтимоий ҳимояси ва хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий муаммолар бор, дейди Халқаро Меҳнат ташкилоти мутахассиси.

Йилига атига 40 миллион ёш мутахсассис ишга жойланаётган дунёдаги меҳнат бозорлари ва йирик ширкатлар раҳбарлари иқтисодий ва ижтимоий танг бу жараённи кутилмаган бир кунда портлаши мумкин бўлган бомбага қиёсламоқда.

Жумладан, аҳолиси орасида кексалари кўпайиб бораётган давлатларда сони қисқариб бораётган ёшларнинг ишсиз қолиши ёки тушуми оз, ноқонуний ишларда ишлашга мажбур бўлиши давлатларнинг солиқ ва бошқа иқтисодий механизмлари ишини ҳам сустлаштирмоқда.

Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт ташкилоти кузатувларига кўра, меҳнатга яроқли аҳоли қатлами орасида узоқ муддатли ишсизликнинг кучайиши ўз-ўзидан қашшоқлик, ижтимоий касалликларнинг кучайиши ва ишсиз аҳоли фарзандларининг зарурий таълимдан қолиб кетишига олиб келади.

Айниқса, ишсиз ва ожиз қолган ёшлар ҳар қандай жамиятда ижтимоий исённи келтириб чиқариши мумкин бўлган қатлам ҳисобланади.

Зеро, Яқин Шарқ давлатларида бирма-бирма кўтарилган исёнчилар оқимининг асосий қисмини ҳам ёшлар ташкил қилганига дунё гувоҳ бўлди.

Бундан ташқари, Греция, Испания каби Европанинг ривожланган давлатларида ҳам ишсизликдан норози бўлиб кўчаларни тўлдирганларнинг аксарияти айнан ёшлар бўлди.

Шу боис, Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт ташкилоти, Халқаро Меҳнат ташкилоит каби нуфузли ташкилотлар дунё ҳукуматларини, биринчи навбатда иш излаётган ёшларга иш топиб бериш ва кўпроқ шу қатламга муносиб иш ўринларини яратишга шошилишга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG