Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:16

"Туркистон исломий ҳаракати"га аъзоликда айбланган 16 диндор судланаяпти


Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Бектемир туман судида судланаётган 16 диндор "Туркистон исломий ҳаракати" экстремистик ташкилотига аъзо экани ва Ўзбекистонда ҳукуматни ағдариш мақсадида бўлгани айтилди.


11 декабр кунги суд мажлисида давлат айбловчиси 28 яшар Акмал Оллонуровга 16 йил, 21 яшар Баҳодир Дадажоновга 14 йил ва 29 яшар Дилшод Муҳаммаджоновга 10 йил сўради.

Бошқа судланувчиларни эса 5 йилдан 9 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиш сўралди.

Диндорлар устидан суд мажлиси хавфсизлик чоралари кучайтирилган ҳолда олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов бошқармаси томонидан тўпланган жиноят иши материалларига кўра, диндорлар шу йилнинг баҳор ва ёз ойларида “Туркистон ислом ҳаракати” диний радикал ташкилотига мансубликда айбланиб, ҳибсга олинган.

Диний ташкилот етакчиси, деб аталаётган Дониёр исмли шахсга нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган.

Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ертўласи, сўнгра Тошкентдаги 64/1-сонли вақтинчалик сақлаш изоляторида тутиб турилган диндорларнинг 6 нафари тергов даврида гаров эвазига озодликка чиқарилган.

Диндорлар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 216-моддаси (Жамоат бирлашмалари ёки диний ташкилотларни қонунга хилоф равишда тузиш) ҳамда 2442-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан айбланган.

Айблов хулосасига мувофиқ, мазкур шахслар мамлакат конституциявий тузимини ағдариш ва ўзлари аъзо бўлган диний оқим учун байтулмол йиққан ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сепаратистик, диний радикализм руҳидаги қарашларни тарғиб қилган.

Шунингдек, ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш ҳамда аксил конституциявий бошқарув усулини жорий қилиш ғояларини ҳам илгари сурган.

Диндорларнинг ота-оналарига кўра, фарзандлари юқорида номи зикр қилинган ташкилотни, ҳатто эшитишмаган ҳам. Аксинча, айбланувчилар тергов изолятори ва ертўлада шафқатсиз қийноқларга солиниб, улардан зўраки иқрорлик кўрсатмалари олинган.

Тергов давомида диндорлар ота-оналари, яқинларига кўрсатилмаган. Улар ҳимоя ҳуқуқидан маҳрум қилинган, айримларига эса номигагина адовкатлар тайинланган. Ҳатто судланувчиларга маҳкама тугаб бораётганига қарамай айблов хулосалари ҳам берилгани йўқ.

Тошкент Ислом институти проректори А.Каримовга кўра, ҳозирги вақтда ташкилий жиҳатдан “Ал-Қойда”нинг таркибий бўлинмасига айланган “Туркистон ислом ҳаракати” ўз фаолиятини Марказий Осиё ҳудудида ҳамда унинг ташқарисида ички ва ташқи молиявий каналларига эга.

“Туркистон ислом ҳаракати”нинг жанггари бўлинмалари Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон орқали ўтадиган наркотик моддаларни етказиб бериш билан ҳам фаол шуғуллангани айтилди.

Ўзбекистон расмийлари ушбу террорчи ташкилот нафақат қурол-яроғ ва ўқ-дори билан, балки Афғонистон ва Тожикистонда қазиб олинаётган қимматбаҳо тошларнинг контрабандаси билан ҳам фаол шуғуллангани бўйича маълумотлар мавжудлигини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG