Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:27

Қирғизистон Ақаевга ҳам, Бакиевга ҳам пенсия бермайди


Қурмонбек Бакиевга пенсия тайинлаш ташаббусини Беларус президенти Александр Лукашенко кўтармоқда.
Қурмонбек Бакиевга пенсия тайинлаш ташаббусини Беларус президенти Александр Лукашенко кўтармоқда.

Беларус президенти Александр Лукашенко 2010 йил апрел инқилобидан сўнг Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлган собиқ президент Қурмонбек Бакиевга Бишкек томонидан пенсия тўланиши кераклигини айтди. Бироқ Қирғизистон ҳукумати қочқин президентга пенсия тўламоқчи эмас.

Беларус президенти Александр Лукашенко 11 декабр куни МДҲ, Болтиқбўйи ва Грузия Бош муҳаррирлари клуби аъзолари билан бўлган учрашуви чоғида Қирғизистоннинг собиқ президентига пенсия тўлаш масаласини кўтарди.

Лукашенкога кўра, Бакиевнинг пенсияси Бишкекдан Минскка ўтказилиши керак.

-Бакиев, албатта, пенсиясиз очидан ўлмайди. Лекин пенсия бор экан, демак уни тўлаш керак”, -деб билдирган Александр Лукашенко.

Беларус раҳбарининг бу баёноти Қирғизистонда катта шов-шувга сабаб бўлди. Расмийлар, ҳукумат идоралари ва жамоатчиликнинг асосий қисми Лукашенконинг сўзларини қўллаб-қуввватламаяпти.

Қирғизистон Ижтимоий ҳимоя жамғармасининг маълум қилишича, собиқ президентлар Асқар Ақаев ва Қурмонбек Бакиевга пенсия тўлашга ҳеч қандай ҳожат йўқ.

- Бу одамлар аслида пенсияга чиқишлари керак эди. Лекин улар қочиб кетгани туфайли пенсия берилмай қолган. Қонунга мувофиқ фуқаро пенсия ёшига етганда бизга ариза билан мурожаат қилиши керак. Аммо Ақаев Россияда, Бакиев Белорусда яшаётгани муносабати билан уларга пенсия тайинлашнинг зарурати йўқ, -деди Ижтимоий ҳимоя жамғармаси матбуот котиби Жениш Муканбетов.

Унга кўра, собиқ президентлар Қирғизистонга келиб, пенсияга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштирган чоғида ҳам уларга нафақа тайинланиши савол остида қолаверади. Чунки 2005 йил март инқилобидан сўнг ҳокимиятдан ағдарилган Асқар Ақаевга нисбатан “экс-президент” мақоми бекор қилинган. Бакиевга ҳам пенсия тайинлаш учун қонуний асос йўқ.

- Конституцияда барча президентлар “экс президент” мақомига эга бўлади, деб ёзилган. Бироқ улар ўз ихтиёри билан ҳокимиятни топширмаса, уларга импичмент эълон қилинса, муддати тугагандан сўнг ҳокимиятдан кетмаса “экс президент” мақоми берилмайди. Ақаев билан Бакиев қай тарзда ҳокимиятдан кетгани барчага маълум. Шунинг учун ҳам улар экс президент ҳисобланмайди, -деди Қирғизистон парламенти депутати Ўмурбек Текебаев.

Маълум бўлишича, Асқар Ақаев 6 йил мобайнида Қирғизистон Миллий фанлар академиясидан 200 доллар миқдорида стипендия олиб турган. Аммо ўтган йилнинг 24 ноябрида Қирғизистон Молия вазирлигининг талаби билан Фанлар академияси Ақаевга стипендия беришни тўхтатишга мажбур бўлган.

Бугунги кунда Қирғизистонда фақат Роза Ўтунбаевагина “экс президент” мақомига эга. Расмий маълумотга кўра, Роза Ўтунбаеванинг пенсияси 80 минг сўмни, яъни 1684 долларни ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG