Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:07

Наманганлик ихтирочи очликни тўхтатишга мажбурланди


Набижон Жўнаев.
Набижон Жўнаев.
Ўзбекистон Олий Хўжалик суди биноси олдида тўрт кун очлик эълон қилган чустлик ихтирочи Набижон Жўнаевни,унинг Озодлик мухбирига билдиришича¸ Чуст тумани Ички ишлар бўлими милиция ходимлари машинага босиб олиб кетишган:

- Чустдан, уголовний розискдан одам юборишибди. Мен ўтирган жойимдан суд раиси чақираяпти, қабул қилармиш, деган гапни айтишди мелисалар. Кейин бир хонага олиб кириб, уч-тўртта мелиса босиб ушлаб, машинага тиқиб Чустга олиб келди¸ дейди Набижон Жўнаев.

Ихтирочининг айтишича, ўзи очлик эълон қилган кунлари тазйиқ ўтказиш мақсадида ўғли Улуғбек ҳам ҳибсга олинган:

- Буни қаранг энди, уйга олиб келишди. Онаси Улуғбекни мелисалар олиб кетиб қолди, деб йиғлади. Борсам уни ҳам қамаб қўйишибди. Кейин чиқариб олиб келдим. Лекин паспортини ҳали ҳам беришган йўқ, дейди Набижон Жўнаев.

Унинг айтишича, Ўзбекистон Олий Хўжалик судида ўтказган тўрт кунлик очлик ҳеч қандай натижа бермаган:

- Мен очлик эълон қилиб ўтирганимда суд раисининг биринчи муовини Нурмат Аҳмаров қабул қилди. Менга айтдики, бундай ўтирманг, кўриб чиқамиз, деди. Мен айтдимки¸ тўрт йилдан буён ваъда берасизлар кўриб чиқамиз деб, ишонмайман. Менга агрегатимни қатйтарганларинг ҳақидаги қарорни кўрсатинг кейин кетаман, дедим, дейди Набижон Жўнаев.

Озодлик мухбири нега Набижон Жўнавнинг мажбурлаб Тошкентдан олиб келингани ва ўғли Улуғбекни қайси айблов билан ҳибсга олинганига муносабат олиш мақсадида Чуст тумани Ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилди. Навбатчи ходим бу хусусида фақат бошлиғи Ғайрат Раҳмутуллаевгина жавоб бериши мумкинлиги, бошлиқнинг ўзи кечроқ Озодликка қўнғироқ қилишини билдирди.

Набижон Жўнаев 1990 йилда “Фарҳод” тижорат хусусий ишлаб чиқариш фирмаси ташкил этган эди. Иш фаолияти давомида чустлик ихтирочи ерларни тошлардан тозаловчи агрегат ихтиро қилган. Унинг айтишича, у ихтиро қилган машина ерларни тозлашда энг қулай ва энг арзонидир.

Жўнаевнинг ихтироси Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш дастурига ҳамда М.3.11 шифри билан механизмлар реестрига киритилган.

Набижон Жўнаев собиқ СССР пайтида иккита ихтирочилик патентини қўлга киритган. Ўзбекистонда эса 1996 йилда Ўзбекистон Республикаси фан ва техника давлат комитети давлат патент идораси номидан 4809 рақамли дастлабки патентга эга бўлган. Бундан кейин “Тош териш” машинасини такомиллаштириш учун яна иккита давлат патентига эга бўлган.

Ихтирочи бу машинани занжирини такомиллаштириш учун Тошкентдаги Давлат махсус конструкторлик бюросига 1996 йилда шартнома асосида топширган ва қайтариб ололмаган.

Тошкент Давлат махсус конструкторлик бюроси бошлиғи Вадим Муратов Озодлик билан суҳбатда Набижон Жўнаевнинг иддаоларидан хабари борлигини айтар экан, 1996 йилдан бу корхонада учта директор алмашганини ва бу ҳақда аниқ маълумот беролмаслигини таъкидлади:

- Гўёки Набижон Жўнаевдан тош териш машинасини қабул қилиб олган ўша директор 2003 йилда вафот этган. Мен ҳам яқинда директор бўлганман. Лекин бу гаплардан хабарим бор. Набижон Жўнаевнинг машинаси ҳозир бизда йўқ ва қаерда эканлигини ҳам билмайман. Унга боғлиқ ҳужжатлар ҳам бизда йўқ, шунинг учун сизга ҳам Набижон Жўнаевга ҳам бу борада ҳеч қандай ёрдам беролмайман, дейди Тошкент Давлат махсус конструкторлик бюроси директори Вадим Муратов.

Ихтирочи Набижон Жўнаев машинани топиб беришлари ёки машина пулини қайтаришларини талаб қилиб, Ўзбекистон Олий Хўжалик судига бир неча бор мурожаат қилган, бироқ унинг аризалари инобатсиз қолдирилган. Шундан сўнг у Олий Хўжалик суди биносида очлик эълон қилган эди.

Ўзбекистон Олий Хўжалик суди раиси ўринбосари Нурмат Аҳмаровнинг ёрдамчиси Озодлик мухбири билан суҳбатда¸ Набижон Жўнаев талаблари юзасидан телефон орқали бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини айтди.
XS
SM
MD
LG