Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:52

Марказий Осиëда одам савдоси қурбонларининг 62 фоизи хотин-қизлардир


БМТ Бош Ассамблеяси сўрови билан ҳозирланган “Одам савдоси бўйича 2012 йилги глобал ҳисобот”га кўра¸ бутун дунë¸ қолаверса Марказий Осиë минтақасида одам савдоси жинояти қурбонларининг аксарияти хотин-қизлар ва уларнинг деярли барчаси фоҳишалик қилишга мажбурланмоқда.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш идораси 132 давлат ҳукуматлари билан ҳамкорликда одам савдосининг глобал манзараси¸ ундаги устивор тенденциялар ва бу жиноятга қарши кураш самарадорлигига оид маълумотларни йиғиб¸ таҳлил қилди.

Ҳисоботга 2007-2010 йиллар давомида кузатилган одам савдоси вазиятининг умум манзараси¸ хусусан бу жиноятни содир этаëтганлар ва унинг қурбонлари профиллари киритилган.

Айни пайтда¸ ҳисобот одам савдоси манзарасини яхшироқ тасаввур қилиш мақсадида уни минтақавий андазаларга бўлиб чиққан¸ қолаверса¸ ҳукуматларнинг бу жиноятга қарши олиб бораëтган кураш усуллари ва уларнинг нақадар самара бераëтганини ҳам сарҳисоб қилади.

Глобал манзара

2007-2010 йиллар давомида глобал миқëсда аниқланган одам савдоси қурбонларининг аксарияти – 55-60 фоизи аëллардир. Айни пайтда¸ глобал тенденциялар¸ кейинги йилларда одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий тўдалар тобора кўпроқ вояга етмаган қизларни нишонга олаëтганини кўрсатган.

2009 йилги айни ҳисоботда асосан фоҳишаликка зўрланаëтган бу аëллар ҳар учтадан иккитаси аëллар бўлган бўлса¸ 2012 йилги янги ҳисоботга кўра¸ аниқланган қурбонларнинг 15-20 фоизи вояга етмаган қизлар бўлиб чиқди.

Айни шундай¸ ҳисоботда айтилишича¸ вояга етмаган ўғил болалар ҳам тобора кўпроқ одам савдоси билан шуғулланувчилар нишонига айланмоқда – глобал миқëсда одам савдоси қурбонларининг 59 фоизини аëллар¸ 14 фоизини эркаклар¸ 17 фоизини вояга етмаган қизлар ва 10 фоизни вояга етмаган ўғил болалар ташкил қилган. Болаларнинг бу жиноят қурбонига айланиш ҳоллари Африка ва Яқин Шарқда 68 фоизни¸ Марказий Осиëда эса¸ 16 фоизни ташкил этган.

Жиноий тўдалар манзараси

2007-2010 йиллар давомида дунëнинг 50 давлатида одам савдоси билан боғлиқ жиноятларда айбланиб¸ жазога тортилганларнинг 50 фоиздан кўпроғи эркаклардир¸ дейилади ҳисоботда. Айни пайтда¸ бу жиноятда хотин-қизларнинг улуши¸ бошқа жиноятларга нисбатан¸ ўта баландлигича қолмоқда.

Ҳисоботга кўра¸ глобал миқëсдаги андазаларга кўра¸ одам савдоси билан шуғулланаëтган йирик халқаро жиноий тўдаларни бошқараëтган бу жиноятдан келаëтган асосий дародамни ўзлаштираëтганларнинг аксари эркаклар бўлгани ҳолда¸ бу жиноий занжирнинг энг қуйисида турувчилар аëллардир.

Айни пайтда¸ Марказий Осиëда одам савдоси билан шуғулланганликда айбланиб жиноий жавобгарликка тортилганларнинг 77 фоизи аëллардир.

Кузатувчилар фикрича¸ жиноий тўдаларнинг энг бирламчи иши – одам топиш ва ëллашни амалга оширувчилар аëллар бўлгани боис¸ улар ҳуқуқ-тартибот идоралари қўлига кўпроқ тушади ва кўпроқ жазога тортилган¸ бош одамфурушлар эса¸ аксар ҳолларда жазодан озод қолган.

Эксплуатация шакллари

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш идораси 132 давлат ҳукумати ëрдамида ҳозирлаган ҳисоботга кўра¸ Америка¸ Европа ва Марказий Осиëдаги одам савдоси қурбонларида асосан жинсий эксплуатация мақсадида фойдаланилмоқда. Хусусан¸ Марказий Осиëда 2007-2010 йиллар давомида аниқланган одам савдоси қурбонларининг 62 фоизи фоҳишаликка мажбурланган¸ қолгани эса¸ оғир ишларни қилувчи қулларга айлантирилган.

Одамларни тана аъзоларини суғуриб олиш¸ гадойчиликка зўрлаш¸ ноқонуний тарзда асрандига айлантириш¸ уруш ҳаракатларига аскарликка жўнатиш ҳоллари глобал миқëсда жуда кам кузатилган¸ Марказий Осиëда эса¸ деярли қайд этилмаган.
XS
SM
MD
LG