Линклар

logo-print

ICG вакили @GulnoraKarimovaдан жавоб кутмоқда

  • Ҳасанжон

Гулнора Каримова ўзи иштирок этадиган расмий ва норасмий тадбирлардан "қайноққина twit"лар жўнатиб туриш билан ҳам донг чиқарган.

Гулнора Каримова ўзи иштирок этадиган расмий ва норасмий тадбирлардан "қайноққина twit"лар жўнатиб туриш билан ҳам донг чиқарган.

Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Стролайн Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилганига оид конкрет маълумотларни Twitterда @GulnoraKarimova берган электрон манзилга йўллади.

Twitterдаги @GulnoraKarimova саҳифаси орқали Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова билан суҳбатлашганига ишонч билдирган Бўҳронларни ўрганиш халқаро гуруҳи вакили Эндрю Стролайн келишилганидек қийноқларга оид маълумотларни тақдим қилинган электрон почта манзилига йўллади.

1-2 декабр кунларида бўлган мулоқот чоғида Стролайннинг қийноқлар ҳақидаги саволларига жавоб берган @GulnaraKarimova конкрет маълумотларни dadu5@yandex.ru электрон манзилига жўнатишни сўраган ва уларни алоҳида-алоҳида ўрганиб чиққанидан сўнг жавоб беришни ваъда қилган эди.

- Мен бу маълумотларни электрон мактуб орқали йўлладим ва буни жамоатчиликка ошкор ҳам қилдим. Ҳамма билсин, мен ваъдамни бажардим ва энди навбат Гулнора Каримовада қолди, деди Стролайн.



Стролайн йўллаган мактубда Twitterдаги мулоқотда тилга олинган энг муҳим икки масала – Ўзбекистондаги ИИВ ҳибсхоналарида қўлланиладиган мунтазам қийноқлар ва пахта далаларида болалар меҳнатидан мажбурий фодаланишга оид халқаро ташкилотлар тўплаган маълумотлар келтирилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда фуқаровий жамият фаолларининг муттасил босим остида қолаётгани ва сиёсий эркинликнинг чеклангани, жумладан, ҳуқуқ фаоллари, журналистларнинг қамоққа ташлангани тилга олинган¸ қамоқда қолаётган 15 фаолнинг номи саналган.

Йиллардан буён қамоқда қолаётган тадбиркор, ижодкор ва зиёлилар сифатида эса яна 18 кишининг номи келтирилган.

Эндрю Стролайн Ўзбекистонда эътиқод эркинлигининг ўта чеклангани ва диндорларга нисбатан муттасил босимларга ҳам имкон қадар кенг тўхталган.

Жами 8 саҳифалик мактубни жамоатчиликка ошкора тарзда dadu5@yandex.ru электрон манзилига йўллаган Стролайн Озодлик мухбирининг: “Бу мактуб айнан Гулнора Каримовага йўлланганига ишончингиз комилми?” деган саволига жавобан ишончи комил эмаслигини эътироф этди.

Аммо халқаро кузатувчи бу мулоқотга ҳуқуқ бузилишларига оид халқаро жамоатчилик мурожаатларига жавоб бермай келадиган режим вакилларига юзланишнинг яна бир фурсати сифатида қарашини айтди.

- Фақат мен бу мулоқотнинг бу қадар очиқ бўлгани, яъни жамоат учун очиқ Twitter тармоғида бўлганига ҳайронман. Жуда очиқ мулоқот бўлди ва ваъда ҳам ошкора берилди. Нима бўлганда ҳам мен ваъдани бажардим ва энди жавобни кутамиз, деди Стролайн.

Айни пайтда ҳам Стролайн Twitterдаги @GulnoraKarimova саҳифасининг followerларидан бири бўлиб қолмоқда ва агар бу саҳифа эгаси у билан мулоқотни давом эттирса, ўзи бунга тайёрлигини айтмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG