Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:56

Нопок мулла бемор қизнинг номусини булғади


Наманганда электр корхонаси нозири миллионларни ўмарди. Тошкентда “Иеҳова шоҳиди” аъзоси қўлга олинди. Бухорода ёнғинлардан уч киши нобуд бўлди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.



“Туҳмат ва ҳақорат учун жиноий жавобгарлик бекор қилинади”

Ўзбекистонда туҳмат ва ҳақорат жиноий жавобгарликдан маъмурий жавобгарликка ўтказилади (“Инсон ва қонун”, 11 декабр). Адлия вазирлиги расмийси Хушнуд Мадраимовга кўра, Жиноят кодексининг 139-моддаси 1- ва 2-қисмлари назарда тутилган туҳмат (била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали)ни жиноий юрисдикциядан маъмурий тизимга ўтказиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 140-моддасида кўзда тутилган ҳақорат (шахснинг шаъни, қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали) қонунбузарлигини ҳам маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида малакалаш таклифи илгари сурилмоқда. Адлия расмийси, айни пайтда, ўта оғир оқибатларга олиб келган ва хавфли рецидивист томонидан содир этилган ҳолатда ҳар икки ҳуқуқбузарлик учун жиноий жазо сақланиб қолишини маълум қилган.

“Ичмаган ҳайдовчига “мастсан” деган айб тақалди”

Жиззах вилоятилик Шоҳрух Исматов йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан маст ҳолатда машина ҳайдашда асоссиз айбланди (“Адолат кўзгуси”, 13 декабр). Ички ишлар ходими ҳайдовчини спиртли ичимлик истеъмолини аниқловчи асбоб орқали юзаки текшириб, “маст” деган нотўғри хулосага келган ва маъмурий баённома тузиб, машина ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб қўйган. Ҳайдовчи Исматовга кўра, бир неча йиллардан буён умуман спиртли ичимлик ичмаган. Бироқ ошқозон ва ўт халтасида касаллик борлиги сабабли оғзидан нохуш ҳид келиб туради.

Ҳуқуқшунос Абдукаримов изоҳича, бундай мунозарали ҳолатларда ҳайдовчидан қон таҳлили олиниши керак. Қон таҳлили олинмаган бўлса, бу ҳолат ҳайдовчи фойдасига талқин қилиниши лозим.

“Домла ҳимоясиз қизнинг номусини поймол қилди”

Наманган вилояти Учқўрғон тумани Қўғай қишлоғилик 15 йилдан бери “эскича” даволаш билан шуғулланиб келган Абдусамад Ҳаитов номусга тегиш жиноятида айбдор деб топилди (“Диёнат”, 13 декабр). Норин туманида яшовчи аёл руҳиятида беқарорлик юзага келган қизини даволатиш учун Абдусамад Ҳаитовга олиб боради. Ҳаитов “Қизингизнинг “одам”лари бор, чилла ўтириши керак” деб бемор қизни ўз уйида олиб қолади.

Учқўрғон тумани прокуратураси вакили Ҳусанбой Аҳмаджоновга кўра, “одамлар назарида художўй, илмли, мўмин ва ҳожатбарор банда аслида нопок кимса бўлиб чиқади”. Ҳаитов ҳимоясиз қолган қизнинг номусини поймол қилади. Қайд этилишича, қилмиши рад этиб бўлмайдиган далиллар билан исботланган судланувчига қонун доирасида жазо тайинланган.

“Ташлаб қочилган машиналардан дори топилди”

Чортоқ тумани чегара ҳудудида “Форд” ва “Нексия” машиналари ҳуқуқ идоралари вакиллари томонидан тўхталганда, ҳайдовчилар транспорт воситаларини ташлаб қўшни давлатга қочиб кетган (“Экоҳаёт”, 12 декабр). Божхона матбуот хизматига кўра, машиналардан 56 миллион сўмлик 51 минг донадан ортиқ дори-дармон топилган.

Шунингдек, Фарғона вилояти божхона идораси Ҳ.Ғофурованинг уйидан 137 миллион сўмлик ноқонуний олиб кирилган дори-дармон топган. Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида эса фуқаро Н.Жумаева 18 миллион сўмлик дори воситаларини яширин йўллар билан олиб киришга уринганида ушланган. Божхона матбуот хизмати хабаридан аён бўлишича, “сохта фармацевт”ларга қарши операциялар давом этмоқда.

“Бухорода ёнғинларда уч киши нобуд бўлди”

Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги Қўрбонгли қишлоғида яшовчи Ҳикмат Алдашев уйидаги ёнғин туфайли 3 миллион сўм зарар кўрди (“Ҳуррият”, 12 декабр). Ёнғин уй бекасининг хазонларни ёқишида эҳтиётсизлик туфайли келиб чиққан. Жондор тумани Пахтаобод қишлоғилик Саломат Нарзиева хонадонида эса электр таъминотидаги носозлик туфайли ёнғин юзага келган.

Вилоят ёнғиндан сақлаш бирлашмаси вакили Шуҳрат Жумаевга кўра, Жондордаги ёнғин ҳам уй эгаларига қимматга тушган. Маълумотларга қараганда, жорий йил давомида вилоят бўйича 650 дан ортиқ ёнғин қайд этилган, уларда 20 дан ошиқ фуқаро жароҳатланган, 3 киши нобуд бўлган.

“Иеҳова шоҳиди” жаримага тортилди

Тошкент вилояти Ғазалкент туманида яшовчи Алишер Ортиғалиев “Иеҳова шоҳидлари” диний сектаси материалларини бозорда тарқатаётганда қўлга олинган (“Даракчи”, 13 декабр). Тинтув пайти Алишер ва Шаҳноза Ортиғалиевларнинг уйидан тақиқланган дея хулосаланган 26 та китоб, 19 та диск, 35 та варақа ва диний мавзудаги конспект дафтарлар топилган. Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ тумани суди Ортиғалиевга энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида жарима белгилаган.

“Иеҳова шоҳидлари” ғоялари шахс эркинлигини бўғишга, миллий давлатчилик ва конституцион тузумни, маданият, ижтимоий ахлоқ ва халқ менталитети мезонларини издан чиқаришга қаратилган” деб ёзади нашр. Айтилишича, ушбу секта вакиллари уйма-уй, масжид, ибодатхоналар оралаб, жамоат транспортида, концерт заллари ва музейларда ўз “қурбон”ларини излаб юрибди.

“Тошкент маҳалласида икки ойки электр муаммоси ҳал бўлмаётир”

Тошкент шаҳри Олмазор тумани Аброр Ҳидоятов кўчасидаги хонадонларда электр энергияси босими пастлиги туфайли икки ойдан буён электр ускуналарини умуман ишлатиб бўлмаяпти (“Новый век”, 13 декабр). Аҳоли электр энергияси корхонасига кўп бора мурожаат қилган, аммо масъуллар ваъда билан чекланмоқда. “Туя гўшти еб ётган муаммони ҳал қилиш учун наҳотки икки ой етмаса? Бу яна қачонга чўзилар экан?” дейди шу ҳудудлик Ш.Исҳоқов.

Миробод туманилик Н.Антонова эса барча тўловларни аввалдан ўтказиб келаётганига қарамай, “Сувсоз” ташкилоти сарсон қилаётганини ёзади. “Сувсоз” нозирлари уни жорий йил давомида бир неча марта асоссиз идорага чақирган, жуда кўп марта қўнғироқ қилиб, аслида йўқ қарзни тўлаб қўйишни талаб қилган. Фуқаро Антонова “Cувсоз”чиларни мижозлар устидан кулишни тўхтатишга чақиради.

“Электр корхонаси нозири миллионларни ўмарди”

Наманган шаҳар “Зарбдор” маҳалласига электр тармоқлари корхонаси томонидан назоратчи этиб бириктирилган Мубошир Мусалламов аҳолидан электр учун йиғилган пулларнинг 10 миллион сўмдан ошиғини ўзлаштирган. “Диёнат” газетаси ёзишича, маблағ йиғиш учун Мусалламов фуқароларга 669 та сохта тўлов варақалари тарқатган. Бу ҳолат “Ўздавэнергоназорат” инспекцияси ва электр идораси ҳамкорлигидаги қўшма рейдда аниқланган. Тафтишда электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кузатилган.
XS
SM
MD
LG