Линклар

logo-print

“Қора бозорда” АҚШ доллари курси кескин тушиб кетди


Ўзбекистон "қора бозорида" 100 АҚШ долларини уч пачка 1000 сўмликка алмаштириш мумкин.

Ўзбекистон "қора бозорида" 100 АҚШ долларини уч пачка 1000 сўмликка алмаштириш мумкин.

Ўзбекистон “қора бозор”ида АҚШ доллари курси кескин тушиб кетди. “Қора бозор”да ишлайдиган валютафурушлар бу сафар ҳам долларнинг арзонлаганини Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг сўмга сотила бошлагани натижасида доллар олувчилардан, сотувчилар кўпайиб кетгани билан изоҳламоқда. Мамлакат автосалонларида машиналарнинг баъзи моделлари, ҳақиқатан, сўмга сотилаётган бўлса, баъзилари ҳали ҳам АҚШ долларига сотилмоқда. Мустақил иқтисодчилар қаттиқ валютанинг арзонлагани бошқа сабаблар билан ҳам боғлиқ демоқда.



Ўзбекистонда эркин валютанинг расмий курси Марказий банк томонидан белгиланса-да, маҳаллий тадбиркор ва иқтисодчилар одатда унинг “қора бозордаги” нархига реал курс, деб қарайдилар. Чунки айнан “қора бозордаги” курс бозор иқтисодиётининг талаб ва таклиф принципи асосида белгиланади.

Ўзбекистонда АҚШ долларининг “қора бозордаги” нархи кейинги бир ҳафта ичида ўртача 5-10 фоизга тушди.

Ҳафта бошида 2800 сўмдан сотилган доллар бирданига 2650 сўмга тушди. Тошкентдаги “қора бозорлардан” бирида саррофлик қиладиган Муҳайё Озодликка жума куни АҚШ валютаси 2700 сўмдан олиниб, 2730 сўмдан сотилаётганини маълум қилди. Лекин бозордаги вазият беқарор бўлиб турибди, дейди у.

- 2730дан сотаяпмиз. 2700дан олаяпмиз. Бу кўтарилгани. 2650 бўлиб кетган эди. Тушди, яна кўтарилаяпти. Янги йилга яқин яна тушиши ҳам мумкин. 3-4 кун олдин 2770 олиб 2800дан сотаëтган эдик,- дейди валютафуруш.

“Қора бозорда” долларнинг тушиб кетиши август ойида ҳам кузатилган эди. Ўшанда валюта курси 2900 сўмдан бирданига 2650 сўмга тушиб кетган эди. Бунинг асосий сабаби Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар миллий валюта – сўмга сотила бошлагани билан изоҳланган эди.

Муҳайёнининг Озодликка айтишича, бу сафар ҳам сўмнинг қадри ошганига машина сотиб олмоқчи бўлган ўзбекистонликлар тўплаб қўйган долларларини бозорга олиб чиқаётгани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

- Салонда машина сўмга сотила бошлаганига дейишди. Машиналар сўмга сотилаëтганига доллар тушиб кетди деган гап бор,- дейди тошкентлик валютафуруш.

Ҳақиқатан, Тошкентдаги автосалонлардан бирининг ўзини таништирмаган ходими GM Uzbekistan чиқарган автомобил моделларининг баъзилари сўмга сотилаётганини маълум қилди. Лекин бунинг “қора бозордаги” валюта курсига таъсири ҳақида ҳеч нарса дея олмайман, чунки баъзи моделлар ҳамон АҚШ долларига сотилмоқда, дейди автосалон ходими.

- Lacetti машинасининг биринчи позицияси сўмга, автомат коробкали Captiva ҳам сўмга 86 миллион сўмдан сотилмоқда. Лекин Cobalt ва Malibu машиналари долларга сотиляпти. Шунинг учун “қора бозорда”ги вазиятга бу таъсир қилдими, йўқми бундан хабаримиз йўқ, дейди Тошкентдаги автосалон вакили.

Август ойида доллар тушиши вазиятини изоҳлаган баъзи таҳлилчилар АҚШ долларининг “қора” курси махсус пасайтирилмоқда, бу муайан молиявий гуруҳларнинг “афёраси”, деган тахминни илгари сурган эди.

Лекин ўшанда Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонлик иқтисодчи Ориф Хошимов, бу фикрни инкор қилиб, валюта курсига “бошқа объектив омиллар” таъсир қилмоқда, деган фикрни илгари сурган эди.

- Муомаладаги нақд пул массасининг тобора қисқариб бораëтганлиги. Ҳозир ҳаттоки Тошкент шаҳрида ҳам пенсионерларнинг анчагина қисми ўзининг пенсияларини, нафақаларини пластик карточка орқали бериш тизимига ўтилди. Талабалар ўзларининг стипендияларини пластик карточка орқали олаяпти. Яъни, муомаладаги нақд пул массаси ойдан ойга борган сари қисқариб бораяпти. Қанча кўп нақд пул бўлса, шунчалик долларнинг курси юқорироқ бўларди. Муомалада қанча кам нақд пул бўлса, параллел бозорда долларнинг курси шунча паст бўлади, дея изоҳлаган эди вазиятни иқтисодчи.

Ўзбекистон Марказий банки жорий ҳафта учун ўрнатган курс бўйича 1 АҚШ доллари 1976 сўм 44 тийнга тенг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG