Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:40

2012 йилда Озодликдан нима изладингизу нима топдингиз?


Душанба¸ 17 декабр куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланган навбатдаги жонли мулоқотимизда Озодлик радиосининг 2012 йилги фаолиятини сарҳисоб қилдик.

Иккинчи жаҳон уруши асоратлари битиб¸ капиталистик ва коммунистик мафкурани ўзига дастуриламал қилиб белгилаган икки қутблик дунëда Совуқ уруш шамоллари эса бошлади. Бу урушнинг асосий жабҳаларидан бири ахборот ва пропаганда деб топилди.

1950 йилда АҚШ Давлат департаменти ва ўшандаги Сиëсий мувофиқлаштириш идораси (кейинчалик Марказий разведка бошқармаси) нинг етакчи мулозимлари СССР ва шарқий Европадан қочган сиëсий диссидентлар истеъдод ва билимидан Америка ташқи сиëсатини бу ҳудудларда ëйиш мақсадида фойдаланишга имкон берувчи иккита алоҳида радио тузишга қарор қилдилар.



Шу тарзда 1950 йилда Болгария¸ Чехославакия¸ Венгрия¸ Полша ва Руминияга маҳаллий тилларда радиоэшитттириш узатувчи Озод Европа¸ 1953 йилда эса¸ СССР ҳудудига рус ва яна 15 миллий тилда янгилик тарқатувчи Озодлик радиостанциялари иш бошлади.

Иккала радио фаолияти ҳам аввалига АҚШ Конгресси орқали Марказий Разведка бошқармаси томонидан молиялаштириладиган бўлди.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:50:39 0:00
Бевосита линк

1971 йилда АҚШ Марказий разведка бошқармасининг радиолар фаолиятидаго роли тугатилди ва радиостанциялар тўғридан-тўғри Конгресс томонидан молияланадиган бўлди.

1976 йилдан бошлаб битта ташкилотга бирлаштирилган Озод Европа/Озодлик радиостанциялари фаолияти Халқаро эшиттиришлар бошқарув кенгаши томонидан назорат қилинади.

Озодлик радиосининг ўзбек хизмати 1953 йилнинг 18 март куни илк бор эфирга чиқди ва биринчи эшиттиришидан ҳозирга қадар ўз брэнд номини ўзгартирмай келаëтир (рус хизмати аввалига Освобождение номи билан иш бошлаб¸ бугунга келиб Свобода брэнди остида ишламоқда).

Озодликнинг ўзбек хизмати илк кунлариданоқ 1937 йилги Сталин қатли омидан омон қолиб¸ Европадан бошпана топган ўзбек ойдинлари – Туркистон легиони ташаббусчи ва етакчиларига таянди. Улар орасида доктор Боймирза Ҳайит ва Вали Қаюмхон ҳам бор эди.

Коммунист режимлар илк кунлариданоқ бу радиолар овозини ўчириш¸ унинг мухбирларини қўрқитиш ва террор қилишни бошладилар; 1981 йилда радионинг Мюнхендаги бош қароргоҳида Руминия махфий хизматлари томонидан қўйилган бомба портлади.

Европадаги коммунистик режимлар бирин-кетин қулаб¸ СССР парчалангач¸ кўпчилик темир девор орқасидаги халқларга ахборот узатиш билан шуғулланиб келган Озод Европа/Озодлик радиосини ҳам ëпиш фурсати келди¸ деган тўхтамга келди.

Аммо посткоммунист давлатлар зиëлилари¸ хусусан Чехия президенти Вацлав Ҳавел¸ тоталитар тузумдан демократияга ўтиш жараëнида Озодлик каби ноëб ахборот манбасининг кенг қамровли объектив маълумотларига эҳтиëж кучайишини таъкидлаб¸ уни сақлаб қолиш ташаббуси билан чиқдилар ва шу тарзда радиолар умрига янги мазмун берилди.

Совуқ уруш битиб¸ шарқий ва марказий Европа¸ қолаверса Болтиқ бўйи давлатларида демократия илдиз отиб улгургач¸ бу ҳудудларга узатиладиган эшиттиришлар тўхтатилди. Айни пайтда¸ Ироқ¸ Эрон¸ Афғонистон ва Покистон аҳолисига мустақил¸ объектив ахборот тарқатишни мақсад қилган янги хизматлар иш бошлади.

Бугунга келиб 28 тилда эшиттириш олиб бориб¸ айни тилларда вебсайт юрғизаëтган Озодлик ўз миссиясига мувофиқ¸ сўз эркинлиги чекланган ëхуд бутунлай бостирилган мамлакатлардаги маҳаллий ахборот воситалари учун модел ўлароқ¸ объектив¸ бетараф ва мустақил ахборот¸ таҳлил тарқатади¸ цензурасиз ишлайди ва масъулият билан олиб бориладиган эркин мулоқотни рағбатлантиради.

Озодлик радиоси демократик қадриятлар¸ ҳур ва турли фикрлиликни ëйиш орқали фуқаровий жамиятларини мустаҳкамлаш¸ миллий ва диний толерантликни рағбатлантиришга хизмат қилади.

Ана шу қадриятлар асосида фаолият олиб бораëтган Озодлик радиоси ўзбек хизматининг 2012 йилги фаолиятини қандай баҳолайсиз?

Сиз 2012 йилда Озодликка нима излаб¸ нима истаб мурожаат қилдингиз?

Истаганингизни топдингизми?

2012 йил давомида Озодликдан эшитган ëки Озодликда ўқиган материалларингиздан қай бири хотирангизда қолди?

Озодликнинг қайси материалини йилнинг энг яхши лавҳаси деб биласиз?

Озодликнинг энг яхши журналисти деган мақомни кимга берган бўлардингиз?

Озодликни ўзбек тилидаги бошқа ахборот манбаларидан фарқи¸ устунлиги ëхуд камчилиги нимада?

Агар сизни бир кунга Озодлик бош муҳаррири этиб тайинлашса¸ дастур ва веб саҳифада нималарни ўзгартирган бўлардингиз?

2013 йилда Озодликда нималар эшитиб¸ нималар ўқишни хоҳлайсиз?


Душанба¸ 17 декабр куни Тошкент вақти билан 21:05 да OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали жонли мулоқотга бевосита қўшилиб¸ бу саволларга оид ўз мулоҳазаларингизни билдиришингиз¸ Озодлик мухбирларига савол билан мурожаат қилишингиз мумкин. Бу Озодлик ҳақида ўзингизни ўйлантириб¸ қизиқтириб келаëтган барча саволларга жавоб топиш учун энг қулай имкон!

Агар Skype манзилларимизга ҳозирга қадар қўшилмаган бўлсангиз¸ марҳамат қилиб¸ OzodSkype ва OzodlikOnline манзилларига сўров юборинг¸ скайпдошларимиз сафига қўшилинг!





OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!
XS
SM
MD
LG