Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:04

АҚШда тўрт кунлик мотам эълон қилинди


АҚШ президенти Барак Обама Коннектикут штати Нютаун шаҳридаги мактабга жума куни қилинган ҳужум оқибатида 28 одам, жумладан, 20 ўқувчининг ҳалок бўлиши муносабати билан мамлакатда тўрт кунлик мотам эълон қилди.

18 декабргача давом этадиган мотам кунларида АҚШ ҳарбий базалари, ҳукумат бинолари ва элчихоналарида, шунингдек, Конгрессда мамлакат байроғи туширилади.

- Биз сўнгги бир неча йил ичида бу каби жуда кўп фожиаларни бошимиздан кечирдик. Ҳар сафар бундай янгиликларни эшитар эканман, уларга президент қатори эмас, ота сифатида муносабат билдираман, - деди кўз ёшларини аранг тийиб турган Барак Обама ўзининг Оқ Уйда қилган махсус баёнотида.

Полиция тарқатган сўнгги маълумотларда айтилишича,воқеа жума куни маҳаллий вақт билан 9 дан 40 дақиқа ўтганида содир этилган. Иккита тўппонча ва милтиқ билан қуролланган ва броножилет кийган 20 ёшли Адам Ланза Нютаундаги 5 ёшдан 10 ёшгача болалар ўқийдиган бошланғич мактабга келиб ўқ отган. Ҳужум натижасида 18 бола воқеа жойида ҳалок бўлган, икки бола эса касалхонада жон берган.

Ланза мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайдиган онасини, мактаб директорини ва психологни, беш ходимни ҳам отиб ташлаган.

Баъзи хабарларга кўра, Ланза мактабга боришидан аввал отасини отиб ўлдирган. Адам Ланза мактаб биносида ўлик ҳолда топилган. У ўз жонига қасд қилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Нютаун шаҳридаги мактабга қилинган ҳужумда 20 нафар бола ва олти нафар катталар ҳалок бўлгани муносабати билан дунё давлатлари раҳбарлари АҚШга ҳамдардлик билдирмоқда.

Япония Бош вазири Ёшиҳико Нода “Биз чуқур ҳамдардлигимизни билдирамиз”, дея баёнот берди.

Ундан олдин Британия Бош вазири Дэвид Камерон ва Қироллича Элизабет Иккинчи АҚШга таъзия изҳор қилган эди.

Австралия Бош вазири Жулия Гиллард ҳужумни “ёвузлик” деди.

Афғонистон Президенти Ҳамид Карзай 28 киши ўлган воқеани “қайғу” деб атади.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Рамин Меҳмонпараст мактабга ҳужумни “фожиа” деб атади.

АҚШда мазкур мудхиш ходиса содир этилган бир пайтда Хитойда ҳам худди шунга ўхшаш фожеа юз берди.

Хитойнинг Хэнан вилояти Ченпенг қишлоғидаги бошланғич мактаблардан бирида пичоқ билан қуролланган 36 ёшли маҳаллий эркак 23 кишини жароҳатлади.

Синхуа агентлиги маълумотига кўра, жароҳатланганлардан 22 нафари мактаб ўқувчиларидир. Икки ўқувчи шифохонага ётқизилган.

Воқеа мактаб дарвозаси олдида содир бўлган. Болаларга ҳужум қилган 36 ёшли эркак ҳибсга олинган.

Кейинги йилларда Хитойда мактаб ўқувчилари ва боқча болаларига ҳужумлар бир неча бор кузатилди. Ҳужумлар натижасида бир қанча бола ҳалок бўлгани ҳам хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG