Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:20

Қамбарота-1: Бишкек экспертиза ўтказилишига қарши эмас


Россия ва Ўзбекистон расмийлари Қирғизистондаги Қамбарота-1 ГЭС лойиҳасини текширувдан ўтказишга келишиб олди. Ахборот сайтларида тарқатилган ушбу маълумотга Қирғизистон расмийлари турлича муносабат билдирмоқдалар.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг маълум қилишича, Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳасини экспертизадан ўтказиш ҳақида келишиб олинганини Ўзбекистон Бош вазирининг муовини Рустам Азимов билдирган. Ахборот агентлигининг ёзишича, бу мавзу Россия-Ўзбекистон ҳукуматлараро қўшма иқтисодий комиссияси йиғини чоғида кўтарилган.

Рустам Азимов Россия билан бу борада протоколнинг имзоланиши Марказий Осиёдаги сув-энергетик лойиҳаларга алоқадор барча томонлар ўртасида конструктив мулоқотга асос бўлишига умид билдирган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарларининг 5 декабр куни Бишкекда ўтган йиғинида ҳам Рустам Азимов ГЭС лойиҳасини экспертизадан ўтказиш талабини қўйган эди.

- Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида амалга оширилаëтган энергетик лойиҳаларни тўлақонли мувофиқлаштириш минтақадаги барқарорлик ва яхши қўшничилик масалаларида белгиловчи аҳамиятга эга¸ - деган эди Рустам Азимов.

Россия Қамбарота -1 ГЭСи лойиҳасининг асосий молиячисидир. Мазкур қурилиш учун Россия 2 миллиард долларга яқин маблағ ажратиш ҳақида Қирғизистон билан шартнома имзолаган эди.

Қирғизистон энергетика ва саноат вазири ўринбосари Райимбек Мамиров Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳасини экспертизадан ўтказишга расмий Бишкек қарши эмаслигини айтди:

- Бу Ўзбекистоннинг фикри. Уларга “Бу гапни гапирманглар”, деб буйруқ бера олмаймиз. Ўзбекистоннинг лойиҳани экспертизадан ўтказиш тўғрисидаги таклифига аввалги учрашувлар чоғида президент ҳам, Бош вазир ҳам “қарши эмасмиз”, деб жавоб берган. Бу жавоб Қамбарота лойиҳаси экспертизадан сўзсиз ўтказилиши керак, деган маънони англатмайди. Лекин экспертиза ўтказилса биз қаршилик қилмаймиз, - деди Райимбек Мамиров.

Мустақил таҳлилчи Расул Умбеталиев эса Ўзбекистоннинг ГЭС лойиҳасини экспертизадан ўтказиш талабини минтақадаги энергетик рақобат масаласи билан боғлайди.

- Бу давлатларнинг мақсади халқаро экспертиза ўтказиб вақтни чўзиш ва лойиҳани тўхтатиб қўйиш. Қирғизистон ва Тожикистоннинг энергетик имкониятлари жуда катта. Масалан, Қирғизистон ўз имкониятинингг 10 фоизидангина фойдаланаяпти. Иккинчидан, Қамбарота -1 ва Қамбарота-2 ГЭСлари лойиҳаси ўтган асрнинг 80-йилларида Тошкентдаги Гидролойиҳалар институтида тайёрланган. Ўша пайтда ўзбекистонлик олимлар экологик ва техникавий экспертизаларни ўтказишган. Шунинг учун бу масалани яна кўтаришнинг ҳеч қандай ҳожати йўқ эди, -деди таҳлилчи.

Россия жорий йилнинг сентябр ойида Қамбарота -1 ГЭСини Қирғизистон билан ҳамкорликда қуриш юзасидан шартномани имзолаган эди. Қамбарота -2 ГЭСининг 200 миллион долларга қурилган илк агрегати эса 2010 йилнинг 30 августида ишга туширилган.
XS
SM
MD
LG