Линклар

logo-print

Миср: Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари референдум биринчи босқичидан норози


Мисрда қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари шанба куни ўтган мамлакат янги конституцияси лойиҳаси бўйича референдумнинг биринчи босқичини қайта ўтказишга чақирди.

Уларга кўра, овоз бериш жараёнида кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилган.

Референдумни қайта ўтказишга чақирган гуруҳлардан бири Қоҳира Инсон Ҳуқуқларини Ўрганиш Институтига кўра, фуқаровий жамият вакиллари овозларни санаш жараёнига киритилмаган.

Бундан ташқари, овоз бериш жараёнига тўсқинлик қилиш, диний даъват ўтказиш ҳамда айрим овоз бериш участкаларининг эрта ёпилиши ҳолатлари ҳам кузатилгани айтилмоқда.

Президент Муҳаммад Мурсийнинг исломчи иттифоқчилари референдум биринчи босқичида овоз берганларнинг ярмидан кўпроғи янги конституция лойиҳасини қўллаб овоз берганини айтди.

Норасмий кузатувларга кўра, шанба куни ўтган референдумда электоратнинг 32 фоизи қатнашган.

Президент Муҳаммад Мурсий ва унинг исломий тарафдорлари янги конституция мамлакатни демократияга яқинлаштиришини айтган.

Унинг рақиблари эса янги конституция фундаментал эркинликлар ва озчиликни ташкил этган гуруҳлар ҳуқуқларини ҳимоя қилмаслигини таъкидламоқда.

Миср янги конституцияси лойиҳаси бўйича референдумнинг иккинчи босқичи 22 декабр куни ўтказилади.
XS
SM
MD
LG