Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:23

Мурод Жўраевга яна 3 йил қўшиб берилди


Ўзбекистон Республикаси парламентининг собиқ депутати Мурод Жўраев устидан 2012 йил 4 декабр куни суд бўлиб ўтгани ва унинг жазо муддатига яна 3 йилу 24 кунга узайтирилгани 17 декабр куни маълум бўлди.

Бу ҳақда Озодликка бош қароргоҳи Парижда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси маълум қилди.

Ҳукм Амнистия тўғрисидаги қарор қабул қилиниши арафасида ўқилди

Ташкилот вакили Надежда Атаева Жўраевга оид маълумотни унинг устидан 4 декабр куни ўқилган ҳукмга таяниб тарқатганини маълум қилди.

Унинг айтишича, Мурод Жўраев устидан суд Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Амнистия тўғрисидаги қарорни қабул қилиши арафасида, 4 декабр куни Олмалиқ шаҳрида ўтказилган.

-Энг қизиғи шундаки, 4 декабр куни кечки соат 7 да ўтказилган. Судда на адвокат, на яқинлари иштирок этган, дейди Надежда Атаева.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг Жўраев устидан чиқарилган ҳукм матнига таяниб айтишича, у Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 221-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда, яъни “жазони ўташ муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўсунмаган”ликда айбдор, деб топилган.

4 декабр кунги ҳукм Жўраевга белгиланган жазо муддатининг 4 марта узайтирилишидир

Шу кунда ёши 60 га чиққан, 1995 йил 31 мартда 12 йилга озодликдан маҳрум қилинган Мурод Жўраевнинг жазо муддати шу вақтга қадар уч марта — 2003, 2006 ва 2009 йилларда — жазо муддати тугашига оз вақт қолганда яна 3 йилданга узайтирилган эди.

У 1994 йилнинг 18 сентябрида ҳибсга олинган.

Мухолифатдаги Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳ билан бирга ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уринганликда айбланган Мурод Жўраев 1995 йил 31 мартда 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Кейинроқ амнистия акти қўлланиб, жазо муддати уч йилга камайтирилган эди.

Жўраевнинг 13 ноябр куни озодликка чиқиши кутилган эди

Бироқ унинг турмуш ўртоғи Холбика Жўраеванинг ўз вақтида Озодликка айтишича, озодликка чиқишига бир ойга яқин вақт қолганида Жўраев жазо изоляторига ташланган.

Холбика Жўраева 14 октябр куни турмуш ўртоғини кўриш учун Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри яқинидаги 64/45 сонли жазони ўташ муассасасига борган ва эрининг жазо изоляторига тушиб қолганини тасодифан билиб қолган.

Холбиканинг айтишича, шундан кейин муассаса ходимлари Мурод Жўраевнинг 10 октябр куни изоляторга ташлангани ва 21 октябр куни изолятордан чиқарилишини айтишга мажбур бўлган.

Мурод Жўраев сиёсий маҳбус

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқ ва эркинликлари билан боғлиқ вазиятни яқиндан кузатиб келаётган халқаро ва маҳаллий ташкилотлар бу мамлакатда сиёсий маҳбуслар мавжуд ва улар зудлик билан озод қилиниши керак, деб ҳисоблайди.

Хусусан, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг “Сиёсий маҳбусларни озод қилинг!”, деган сарлавҳа остида 2012 йил, 5 декабр куни эълон қилинган баёнотномасида 34 сиёсий маҳбуснинг исм-фамилиялари келтирилган бўлиб, унда Мурод Жўраев ҳам бор.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда сиёсий маҳбуслар мавжудлигини тан олмайди. Хусусан, Олий Мажлис Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова ҳам куни кеча “Жамият ва қонун” эшиттириши саволларига жавоб берар экан, Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар борлигини қатъиян инкор этган эди.

Мурод Жўраев 1989 йилдан 1992 йилгача халқ депутатлари Муборак шаҳар кенгаши ижроия қўмитаси раиси бўлиб ишлаган.

Оилали, 3 нафар фарзанди бор. Туркман миллатига мансуб Жўраев Тошкент Давлат политехника институтини тамомлаган.
XS
SM
MD
LG