Линклар

Хоразм вилоят ҳокими 2013 йилдан вилоятда йилига 40 мингтадан DAMAS автомобили ва бу автомобилга эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилишини маълум қилди.


Хоразм вилояти ҳокими Пўлат Бобожоновнинг бу мазмундаги баёноти Ўзбекистон маҳаллий матбуотида чоп этилгани ҳақида 12.uz нашри хабар қилмоқда.

Маҳаллий матбуот берган хабарга кўра, бу лойиҳа Ўзбекистон президенти томонидан маъқулланган.

Хоразм вилояти ҳокимлиги мутасаддилари бу борада ҳозирча аниқ маълумот бермадилар. Аммо, микрофонсиз суҳбатда ҳокимлик расмийлари, вилоят ҳокимлигининг Қурилиш бўлими бу масала билан шуғулланаётганини билдирди.

Хоразм вилоятида бунга қадар ҳам "Хазорасп агрегатмаш" масъулияти чекланган жамияти томонидан GM-Uzbekistanнинг Асакадаги заводида чиқарилаётган Nexia ва Damas русумли автомобиллар учун 13 турдаги эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилган.

Вилоят ҳокимлиги расмий сайтида келтирилишича, 2009 йилда бунинг учун Хазораспдаги автомобил эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш заводига Жанубий Кореядан замонавий ускуналар келтирилган ва 2010 йилдан эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш кўлами кенгайтирилган.

Расмий маълумотда, асосий буюртмачиси бўлган Асака автомобил заводига йилига 1 миллиард 200 минг сўм атрофида эҳтиёт қисмларини етказиб берувчи Хазораспдаги корхонада 60 дан ортиқ ишчи ишлаши айтилган.

Аммо, икки йил муқаддам яхши ишлаб турган бу корхона бугунги анча абгор аҳволга тушиб қолгани айтилмоқда.

Вилоятда саноат-қурилиш соҳасидаги корхоналардан бирининг ўзини таништирмаган мутасаддиси Хазораспдаги корхонанинг кўпгина ишчилари ишдан бўшатилгани ва корхонанинг айрим секторлари ижарага бериб юборилганини айтди.

- Аслида бу корхонада ишлаб чиқариш ўлган ҳозир. Бинонинг ичидаги айрим бўлимлари ижарага берилган ва у ерда ким нима қилаётганини билиб бўлмайди. Балки, қанчадир миқдорда ишлаб чиқариш бўлаётгандир, балки қайта тиклаш бўлаётгандир, аммо конкрет иш кўринмаяпти,- дейди хоразмлик мутасаддиларидан бири.

Айни пайтда GM-Uzbekistan қўшма корхонаси йилига 250 минг дона автомобил ишлаб чиқармоқда.

Ўзбекистонда илк бор Дамас автомобили ишлаб чиқариш 1996 йилда, Андижон вилоятидаги Асака автомобил заводида йўлга қўйилган.

2006 йил феврал ойидан бери Damas В100 ўрнига Damas В150 ишлаб чиқарилади.

Сўнгги хабарларга кўра, тез орада бу корхона шу кунларда сотуви чаққон бўлган Chevrolet Lacetti автомобилининг янгиланган русумини ишлаб чиқариши ҳам режаланмоқда.

Норасмий манбалардан олинган маълумотларга кўра, Chevrolet Lacetti автомобили янги версияси 2013 йилнинг кузларига бориб сотувга чиқарилиши мумкин.

Жумладан, bibi.uz сайти берган хабарга кўра, янги автомобилнинг эски версиялардаги Chevrolet Lacettiдан асосий фарқи ташқи кўринишида бўлади.

Бу ўзгаришлар автомобил олд чироқлари, бампери, капот ва қанотлари ҳамда орқа қисмига тааллуқли бўлиши айтилмоқда.

Шунингдек, янги русумдаги Chevrolet Lacettiга Ўзбекистоннинг ўзида йиғилган euro-5 стандартидаги 1,5 литр ҳажмли мотор ўрнатилиши айтилмоқда.

Аммо, GM-Uzbekistan қўшма корхонанинг Тошкентдаги идорасидан олинган маълумотга кўра, ҳозирча янги русумдаги автомобилни ишлаб чиқариш режаси тўла тасдиқлангани йўқ.

- Шунақа план бор, лекин бу ҳали тўлиқ тасдиқлангани йўқ. Шунинг учун бу ҳақда сизга ҳозирча ҳеч қанақа маълумот бера олмаймиз. Ишлаб чиқарилади, презентация бўлади, ана ўшанда оласиз ҳамма даннийларни,- деди корхона бош идораси расмийларидан бири.

Chevrolet Lacetti автомобилининг янги модели нафақат Ўзбекистонда, балки МДҲ давлатларида ҳам сотувга чиқарилмоқда.

Ҳозирда GM-Uzbekistan қўшма корхонаси Nexia, Lacetti, Malibu, Cobalt, Matiz, Spark, Captiva ва Damas каби автомобилларни йиғаяпти.

2013 йилда Ўзбекистонда 120 минг дона Cobalt автомобили ишлаб чиқарилиши ва унинг ярмидан кўпроғи хорижга экспорт қилиниши кутилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG