Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:58

Путин жиноятчининг миллатини айтмаслик таклифини маъқуллади


Россия матбуоти "жиноятчи ўзбек" ҳақидаги сарловҳалар билан тўлиб-тошаётган бир кезда президент Владимир Путин жиноятчининг миллатини айтмаслик ҳақидаги қонунни имзолашга тайёрлигини айтди.

Президент Владимир Путин агар Россия Федерацияси ҳудудида жиноят қилган шахсларнинг миллатини матбуотда ошкор қилмаслик тўғрисидаги қонун унинг эътиборига тақдим қилинса, уни имзолашга ҳозирлигини билдирди.

"Қонун нормаларини бузган одамнинг қайси миллатга мансублигининг биз учун нима фарқи бор? Буни эслатиш мутлақо мантиқсиз ва ҳатто, зарарлидир. Бунда муҳими - шахснинг миллий мансублигидан қатъий назар, қонуний жазонинг муқаррарлиги ва адолатли бўлишидир", дея Путин сўзларидан иқтибос келтирмоқда Россиядаги ўнлаб нашрлар.

Россия депутатларининг муҳокамасига кўтарилган бу таклиф аслида йиллардан буён инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш институтлари томонидан илгари суриб келинаётган эди.

Хусусан, Россиядаги ўзбек жамоалари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи жамоатчилик ташкилотлари рус матбуотида "жиноятчи ўзбек"сўзи йилдан-йилга кўпроқ тилга олинаётгани ва бунинг бу давлатда юрган миллионлаб ўзбекистонлик нуфузи учун ўта ёмон таъсир қилаётганини айтиб келмоқда.

Аслида ушбу хабарни ўқиётганингиз бир кезда ҳам .ru доменидаги интернет ахборот нашрлари "жиноятчи ўзбек" ҳақида огоҳлантирилган сарловҳалар билан тўлиб-тошганини кўриш мумкин.

Ушбу сарловҳалардан айримларига эътиборингизни тортамиз:

- "Петербургда одам ўғирлаган ва товон пули талаб қилган 4 ўзбек судланади",

- "Новгородда полицияга ҳужум қилган ўзбекларни жазолашади",

- "13 ёшли қизчани ҳомиладор қилиб қўйган ўзбекка 10 йиллик жазо берилиши мумкин",

- "Курск яқинидаги колонияда ўзбекнинг ҳуқуқларини бузишди" ва ҳоказо.

Россиядаги ўзбеклар жамоаси фаолларидан бири Дилхуш сўнгги бир неча йил ичида Россия матбуотида кенг ёйилиб бораётган бу тенденция мамлакатдаги миллатлараро муносабатга салбий таъсир кўрсатаётганини айтди.

- Ўзи Россияда миллатларо муносабатлар яхши эмас. Ҳар хил давлатлардан келаётган меҳнат муҳожирларига муносабат оғир. Матбуотдаги бу чиқишлар аҳволни фақат ёмонлаштираяпти, холос. Менинг фиркимча, агар Путининг гапидан сўнг шунақа қонун қабул қилинса, ҳеч бўлмаганда, аҳволнинг ёмонлашиши олдини олиш мумкин, дейди Дилхуш.

Айни пайтда у муҳожирлар сони ортиб бораётгани боис улар орасида жиноят содир этаётганлар ҳам кўпайётганини эътироф этиб ўтди.

Қуйида Дилхуш билан қурилган суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:44 0:00
Бевосита линк

Айни пайтда Россиядаги турли сиёсий гуруҳлар орасида Путин маъқуллаган таклифга норозилик билдираётганлар ҳам бўлмоқда.

"Русь" ахборот-таҳлил порталида: "Президент россияликларнинг уларни тунаётган, зўрлаётган ва ўлдираётганлар миллатини билишини ҳоҳламаяпти" мазмунида чоп этилган мақола шулар жумласидандир.

Жиноят содир этган шасхларнинг миллатини матбуотда ошкор қилмаслик ёки бунга урғу бермаслик тўғрисида қонунни қабул қилиш таклифини Москва шаҳар думаси спикери Владимир Платонов илгари сурган эди.

Бундан ташқари, "Единая Россия" партиясининг Давлат Думасидаги депутатлари Гажимет Сафаралиев ва Шамсаил Саралиевлар ҳам шундай таклиф билан чиққанлар.

Ҳозирда бу таклиф Думанинг Миллатлараро алоқалар қўмитаси томонидан ҳам маъқулланган.
XS
SM
MD
LG