Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:22

Ўзбекистон Қирғизистон чегара тўсаётганидан норози


Ўзбек-қирғиз чегарасининг Бурганди массивидан ўтувчи қисми Қирғизистон чегарачилари томонидан тўсилаётганига Ўзбекистон норозилик билдирмоқда. Бу ҳақда Қирғизистон Чегара хизмати расмийлари баёнот берди.

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон чегара ҳудудининг Боткен вилоятидан ўтувчи қисмида расмий Тошкент томонидан баҳсли ҳудуд деб ҳисобланадиган Бурганди массиви жойлашган. Қирғизистон Чегара хизмати раҳбари Абдикерим Алимбаевнинг айтишича, мазкур ҳудуднинг 19 километрдан ортиқроқ қисмидаги чегара чизиғи аниқланган. Қирғиз томони мана шу аниқланган ҳудудни тиконли симлар билан тўсмоқчи бўлаётир.

- Лекин айтиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон томони, жумладан, ўзбек чегарачилари мазкур ҳудудда чегара чизиғи аниқланмаган, деб ҳисобламоқда. Шунинг учун қўшни томон бу чегара ҳудудини тўсиш ҳаракатимизга норозилик билдирмоқда, -деди Абдикерим Алимбаев.

Унга кўра, Ўзбекистон томони Бурганди массивидаги чегара ҳудуди аниқлангани тўғрисидаги ҳужжатга ўз вақтида шошилинч қўл қўйилгани, шунинг учун ҳам мазкур ҳужжатни тан олмаслигини билдирмоқда.



Қирғиз матбуотининг Боткен вилоят ҳокими ўринбосари Саитжан Эратовга таяниб хабар беришича, 2009 йилда Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири Данияр Усенов Тошкентда ўтган музокаралар чоғида ўзбек томонининг Бурганди массивидаги чегара чизиғи аниқлангани юзасидан шарномани чақиртириб олиш таклифига розилик берган ҳамда бу борадаги ҳужжатни имзолаган. Лекин шунга қарамай, Саитжан Эратов Бурганди Қирғизистонга қарашли ҳудуд деб ҳисоблашини айтди:

- Ўнлаган ҳужжатлар Бурганди массиви Қирғизистонга тегишли эканини тасдиқлаб турибди. Шунинг учун ҳам Чегара хизмати қўрқмасдан бу ердаги чегара чизиғини тўсиб олса бўлаверади, -деди Саитжан Эратов.

Бурганди муаммоси кўп йиллардан бери Қирғизистон ва Ўзбекистон расмийлари томонидан муҳокама қилиниб келинаяпти. Бу массивда Ўзбекистон газ ва нефт конларидан фойдаланиб келган.

2000 йилда Қирғизистоннинг ўша пайтдаги Бош вазири Қурманбек Бакиев Бурганди массивидан Ўзбекистоннинг Сўх анклавига йўлак очиш тўғрисидаги шартномани имзолаган. Бу шартнома сир сақланган. Аммо Боткен вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими Мамат Айбалаев бу сирни жамоатчиликка ошкор этгач, мазкур масала Қирғизистон парпламентида муҳокама қилинган. Шундан сўнг Сўх анклавига йўлак бериш шартномаси парламент қарори билан бекор қилинган эди.

2010 йил апрел инқилобидан сўнг президент Роза Ўтунбаева Бурганди массивини ва бу ердаги конларни Қирғизистон ихтиёрига ўтказиш тўғрисида ҳукуматга ёзма равишда кўрсатма берган эди. Аммо бу кўрсатма шу кунгача ижро этилган эмас.

Боткен вилояти ҳокимияти Ўзбекистон мазкур ҳудудни ўтган асрнинг 50-йилларидан бери ишлатиб келаётгани, бу ҳудуд Ўзбекистонга ижарага берилганини, аммо Тошкент шу кунгача Қирғизистонга бир тийин ҳам ижара ҳаққи тўламаганини иддао қилмоқда.

Ўзбекистон томони эса Бурганди массивидаги 11 минг гектар ер майдонини баҳсли ҳудуд деб билади. Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, баҳсли ҳудудларда ҳар қандай қурилиш ишларини олиб бориш, жумладан, чегара тўсиқларини ўрнатиш тақиқланган.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:15 0:00
Бевосита линк
XS
SM
MD
LG