Линклар

logo-print
17 декабр, душанба куни Брюсселда, Европа парламенти биноси пештоқида юрак шаклидаги улкан панно неон чироқларидан нур тарата бошлади. Нурафшон Юрак парламент биноси пештоқига бундан роппа-роса бир йил муқаддам дунёдан қайтган Вацлав Ҳавел хотирасига ўрнатилди.

Брюссел марҳум Ҳавелнинг Нурафшон Юраги етиб борган биринчи манзилдир.

Юракнинг Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрига ҳам бориши кутилмоқда.

Ҳавелнинг неон юраги бундан 10 йил муқаддам, у президентликнинг иккинчи муддатини якунлаётган вақтда Прага Гради узра “ура бошлаган” эди.

Вацлав Ҳавел 2011 йилнинг 18 декабрида, узоқ давом этган касалликдан сўнг 75 ёшида вафот этган. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида демократлар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва зиёлилар бир ҳафта давомида Хавел хотирасига бағишланган турли тадбирлар ўтказмоқчи.

Хавел хотирасига Брюсселда айнан юрак шакли ўрнатилгани бежиз эмас.
Атоқли драматург ва чехословакиялик диссидентлар учун ҳаракат дастурига айланган“Хартия-77”нинг муаллифларидан бири, Марказий ва Шарқий Европада бир партиявий бўлган режимларга қарши курашнинг олд сафида турган Вацлав Ҳавел имзо чекар экан, унга қўшиб юрак расмини ҳам чизиб қўяр эди.

Ҳавелнинг неон юраги ўз вақтида демонтаж қилинган ва ўшандан бери Прагада сақланар эди. Мана энди 17 декабрдан бошлаб Европа парламенти биноси пештоқидан жой олган юрак январнинг охиригача порлаб туради.

Бу амал собиқ социалистик давлатларнинг ҳарбий бирлашмаси – Варшава шартномасининг тарқаб кетишига ҳамда ўз мамлакатининг НАТО ва Европа Иттифоқига қўшилишига сабабчи бўлган Чехословакиянинг охирги ва Чехия Республикасининг биринчи президентига миннатдорчилик ифодасидир.

Чехия Республикасининг Европа Иттифоқидаги ваколатхонаси бошлиғи Люция Кадилованинг айтишича, юракни аввалига ваколатхона биноси пештоқига ўрнатмоқчи бўлган эдилар. Бироқ эни 15, бўйи 17 метрли улкан конструкция ваколатхона биноси учун катталик қилиши маълум бўлиб қолганидан кейин бу ташаббусга Европа парламенти ҳам бош қўшди.

-Бас, Вацлав Ҳавелнинг йили экан, уни хотирлаш учун қандайдир улкан бир иш қилишимиз керак, деб ўйладик, деди Люция Кадилова.

Ҳавелнинг Иржи Давид яратган 275 килоли неон юрагини Прагадан Брюсселга олиб бориш ва қайта йиғишга 4 кун кетди.

Ҳавелнинг юрагини келаси йилнинг сентябрида машҳур сиёсий ва ҳарбий арбоб Аҳмад Шоҳ Масъуднинг хотирасига Афғонистонга олиб бормоқчилар ва бу ишни Масъуд жамғармаси амалга оширмоқчи.

Аҳмад Шоҳ Масъуд 2001 йилнинг 9 сентябрида ҳалок бўлган ва унинг ўлими ортида Ал-Қайда жанггарилари тургани тахмин қилинади. Президент Ҳамид Карзай Масъудни ўлимидан сўнг “Миллий Қаҳрамон” унвони билан тақдирлаган.

“Ҳавелнинг неон юраги” лойиҳаси раҳбари Роберт Клеммга кўра, Вацлав Ҳавелнинг ўзи юракнинг Афғонистонга олиб борилишига розилик берган эди, бироқ бу ишни амалга оширишнинг имкони мана энди пайдо бўлди.

“Юрак ўрнатиладиган жой сифатида биз 90-йилларда оммавий қатллар амалга оширилган стадионни танладик. Ўша вақтлардан бери мазкур стадион эркинлик учун курашнинг рамзи бўлиб қолган. Бу толиблар 2001 йилгача одамларни қатл қилиб келган жойдир. Шундай қилиб, бу иншоот эркинлик учун курашчилар ҳурмати бажо келтириладиган жой бўлади”, деди Роберт Клемм.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG