Линклар

Пешовар аэропортига ҳужумда ўзбеклар қатнашган


Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жанггарилари.

Афғонистоннинг Қундуз вилоятидаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жанггарилари.

Покистоннинг Чағай ва Пешовар шаҳарларида хавфсизлик кучлари ўтказган рейд натижасида камида 19 хорижлик қўлга олинди. Улар шанба куни Пешовар шаҳар аэропортига уюштирилган ҳужумда иштирок этганликда гумон қилинмоқда.



Рakistantoday.com нашрига кўра, Чағай шаҳридаги автобус бекатида 17 нафар ўзбек ҳибсга олинган. Улар тегишли ҳужжатга эга бўлмай Эронга кетаётган бўлган.

Афғонистондан келгани тахмин қилинаётган ўзбекларнинг ёнида қуроллар топилмаган.

Айни пайтда, катта автомобил йўлидаги ўтиш пунктида текширув пайтида яна икки хорижлик ушланган. Улар ҳам ўзбеклар экани тахмин қилинмоқда.

Қўлга олинганлар шахсини аниқлаш учун уларнинг ҳаммаси номаълум томонга олиб кетилган.



Покистон хавфсизлик хизмати ходимлари қўлга олинганлар Пешовар шаҳаридаги аэропортга 16 декабр куни уюштирилган худкуш ва ракета ҳужумида иштирок этганини тахмин қилмоқда.

Тинч аҳолидан тўрт киши ҳалок бўлган, қирқдан ортиқ одам жароҳатланган Бача Хон аэропортига қилинган ҳужум учун масъулиятни Покистондаги Толибон ҳаракати ўз зиммасига олган. Ҳужум пайтида беш жанггари ўлдирилган.

Толиблар Покистон ҳарбийлари ва фуқаровий авиацияси бирга фойдаланадиган Пешовар аэропортига ҳужум уюштириш учун 10 жанггари жўнатилганини иддао қилган.

Пешовар шаҳар полицияси зобити Имтиёз Алтаф аэропортдан бир километр наридаги қурилиш участкасида душанба куни ўтказилган рейдда беш жанггари йўқ қилинганини билдирди.

Алтаф улардан икки нафари ўзбек экани тахмин қилинаётганини қўшимча қилди.

- Қурилиш участкасида беш террорчи бўлган. Уларнинг ҳаммаси йўқ қилинди. Уларнинг ҳаммаси аэропортга ҳужум қилган гуруҳ аъзоси бўлган. Жанггарилар тиш-тирноғигача қуролланган бўлган. Улар гранаталар, автоматлар ва портловчи белбоғлар билан қуролланган. Уларнинг икки нафари ўзбекка ўхшайди. Улар покистонлик ёки хорижлик ҳам бўлиши мумкин. Буни аниқлаш керак,- деди Пешовар шаҳар полицияси зобити.

Ҳайбар-Пахтунхва вилояти парламенти душанба куни эълон қилган баёнотда вилоятнинг ахборот вазири Миан Ифтиҳор Ҳуссайн Пешовар халқаро аэропортига ҳужум қилган жанггарилар "муҳим иншоотни ўз назоратига олишга урингани"ни таъкидлаган.

Вазир ҳужум қилганларнинг кўриниши доғистонлик ёки ўзбекистонликка ўхшашини қўшимча қилди.

Покистондаги нуфузли Dawn.com нашрига кўра, Покистон хавфсизлик кучлари шу пайтгача ўтказиб келган амалиётларда ўзбек жанггарилари ҳам ҳибсга олинган.

Нашрга кўра, Тахрики Толибон Покистон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) гуруҳлари анча вақтдан бери ҳамкорлик қилиб келади ва улар қабилалар яшайдиган Покистоннинг ғарбий вилоятларида биргаликда ҳужумлар амалга ошириши ҳеч кимга сир эмас.

Бироқ Пешовар аэропортидаги ҳужумдан кейин Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жанггариларининг Покистон ҳукумати назоратида бўлган вилоятда жиддий ҳаракат қила бошлагани кўпчиликни ҳайратга солган.

Dawn.com нашрига кўра, Покистон ичкарисида амалга оширилган террорчи ҳужумларида хорижлик жанггарилар роли ошиб бораётгани мамлакат хавфсизлик хизматлари учун уруш кўлами ўзгариши мумкинлигига ишора бўлиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG