Линклар

Паспортида “туркман” бўлган ўзбеклар бу йўл билан Туркманистонда бошқа миллат вакилларига нисбатан камситиш амалиëтига чап бермоқчи эканини айтишди.



Туркманистоннинг Лебоб ва Тошовуз вилоятиларида истиқомат қиладиган ўзбеклар паспортларини янгилаш пайтида миллати деган жойга "туркман" деб ëздиришмоқда.

Озодлик суҳбатлашган туркманистонлик ўзбекларнинг айтишича¸ паспортдаги маълумотларни ўзгартириш учун мулозимларга пора берилмоқда.

Паспортида “туркман” бўлган ўзбеклар бу йўл билан Туркманистонда бошқа миллат вакилларига нисбатан камситиш амалиëтига чап бермоқчи эканини айтишди.

Туркманистоннинг Лебоб вилоятидаги Отамурод шаҳрида (олдинги Карки) истиқомат қиладиган 40 яшар Розия 20 йил олдин бу мамлакатга Ўзбекистондан келин бўлиб тушган.

Озодлик билан суҳбатда Розияхон ўз яқинлари ва қўшни ўзбеклар паспорт олаëтган ва паспорт янгилаëтган пайтда миллати деган графадаги "ўзбек" деган сўзни "туркман", деб ўзгартираëтганини айтади:

- Ўзбекларга Туркманистонда олий ўқув юртига кириш қийин бўлмоқда. Ҳатто ўзбеклар мутлақо олий ўқув юртига кира олмайди, десам ҳам янглишмайман.
Шунинг учун Туркманистондаги ўзбек ëшлари туғилганлик гувоҳномасини қайтадан олаëтган пайтда ëки паспорт олаëтган пайтда миллатини ва отини ўзгартиришмоқда¸- дейди Розия.



Суҳбатдош масаланинг яна бир тарафига¸ яъни ўзбекча исмларнинг туркманлаштирилиши муаммосига ҳам эътиборимизни қаратди:

- Масалан Сардор деган ўзбекча исм Сердар¸ Каримқули деган исмни Керимгулий¸ Бибисанамни эса Бивисенем деб ëздиришмоқда. Шодлик деган ўзбекча исм Шатлиқ деб ëздирилмоқда¸- дейди Розия.

Айни пайтда¸ суҳбатдош исм ва миллатини ўзгартириб ëзишга ҳеч ким мажбурланмаëтганлигини ҳам таъкидлади.

Ўзбеклар паспортни расмийлаштириш идораларидаги таниш билишларини ишга солиб¸ баъзи ҳолларда пора эвазига маълумотларни ўзгартиришмоқда дейди Розия:

- Туркман расмийлари миллатини ўзгартирмоқчи бўлганлар талабидан бўйин товлаганини ҳам кўрганим йўқ. Одатий бюрократик мушкулликлар бор. Бу қийинчиликлар билан ҳамма юзлашган. Туркман расмийлари ўзбеклар исмини туркманлаштиришга деярли мойиллик кўрсатмоқда¸ дейди суҳбатдош.

Олий ўқув юртига йўл

Туркманистонлик ўзбекларнинг ўз паспортига туркман деб ëздириши икки сабаб боис юз бермоқда дейди¸ айни масала борасида мақола ëзган туркман журналисти Умид Жуматов:

- Биринчи сабаб¸ ўзбекларнинг Туркманистондаги олий қўув юртига кириш истаги. Иккинчи сабаб эса Туркманистонда фақат титул миллат вакилларинигина юқори лавозимларига тайинлаш билан боғлик,- дейди Умид Жуматов.

Ашхободдаги Давлатмамат Озодий номли чет тиллар институтини яқинда тамомлаган лебоблик (исми айтилишини истамаган) йигитнинг Озодликка айтишича¸ Туркманистондаги олий ўқув юртида ўзбек талабаси деярли йўқ:

- Мингларча талаба ўқиган чет тиллар институтида иккита ўрис талабани кўрганман холос. Қолгани туркман эди,- дейди суҳбатдош.

Кўпмиллатли Туркманистон

Ўзбеклар сон жиҳатдан Туркманистонда туркманлардан кейин иккинчи ўринда туради.

Туркманистоннинг Тошовуз ва Лебаб каби вилоятларида асосан ўзбеклар яшайди.

Ўзбекистондаги расмий ҳисоб-китобларга кўра, беш миллионлик Туркманистонда ўзбеклар аҳолининг 9,2 фоизини ташкил қилади.

Кейинги 20 йил мобайнида Туркманистонда миллий озчиликлар ҳуқуқлари камситилгани халқаро хисоботларда таъкидлаб келинади.

Туркманистонда совет даврида мавжуд бўлган ўзбек театри¸ ўзбек тилидаги газета ва журналлар ëпиб ташланган.

2000-2006 йиллар оралиғида Туркманистондаги ўзбек мактаблари бирин-кетин ëпиб ташланди.

Шу йилнинг октябрида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Туркманистонга сафари арафасида Карки шаҳридаги мактабларда ўзбек синфлари очилгани билдирилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG