Линклар

logo-print

Янги Йил оқшомида Тошкент ресторанлари ишламайди

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонда Янги Йил базмларини ўтказиш рухсати саноқли ресторанларга берилди холос.

Ўзбекистонда Янги Йил базмларини ўтказиш рухсати саноқли ресторанларга берилди холос.

Озодлик мухбири баъзи сайтларда 18 декабр куни пайдо бўлган хабарлар изидан бориб пойтахтдаги бир қатор ресторанлар мутасаддилари билан боғланди ва ўша хабарлар асоссиз эмаслигига ишонч ҳосил қилди.


Uzmetronom нашрининг ёзишича, Тошкент шаҳри туманлари ҳокимлари ўтган ҳафтанинг пайшанбасида кафе ва ресторанлар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказиб, 31 декабр куни ишламасликни тавсия қилган.

Баъзи ресторан эгаларининг эътирозларига жавобан “спиртли ичимликлар сотиш учун лицензияни бекор қилишлари мумкинлигига ишора қилишган”, деб ёзди сайт.

Интернетдаги манзил китоблардан Тошкентда ресторан кўпайгандан кўпайгани маълум бўлди. Биргина ресурснинг ўзидан 300 дан зиёд ресторан телефонларини топиш мумкин.



Озодлик мухбири ресторанлар билан бoғланиб, “Янги Йил оқшомини сизларнинг ресторанда ўтказмоқчимиз, буюртма қабул қиласизларми”, деб сўради.


Биринчи ресторан:
- 31 декабр оқшомида ишламаймиз.

Иккинчи ресторан:
- Янги йил оқшомида ишламаймиз.

Учинчи ресторан:
- 31 декабр куни биз соат 6 гачагина ишлаймиз.

Ресторанлардан бирининг вакилидан яна бир муҳим информацияни эшитдик:

- Ишлаш учун махсус рухсатномаси бор ресторанлар бор, ўшалар ишлайди Янги Йил оқшомида,- деди биринчи ресторан вакили.

Бошқа ресторан вакили кутилмаганда, ўша Янги Йил оқшомида ишлашига рухсат этилган ресторан бўлиб чиқди.

- Ҳа, биз ишлаймиз, лекин, афсуски, жой қолмади, буюртма ололмаймиз, деди ресторан вакили.


Рестораторлар ассоциацияси нима дейди?
Турли оммавий байрамлар ва, айниқса, Янги Йил оқшоми ресторанлар учун одатдагидан кўпроқ пул ишлаб олиш имконики, муассаса эгалари Янги Йилни қанчалик оилавий байрам, деб тушунмасин, бу имконни қўлдан бермасликка ҳаракат қилади ва бу ҳаракат уларнинг ҳуқуқларидир.

Ресторанчилар ҳуқуқларини эса, уларнинг жамоат ташкилоти – Рестораторлар ассоциацияси ҳимоялашга бел боғлаган.

Ташкилот вакили билан қисқа суҳбатдан маълум бўлишича, Рестораторлар ассоциациясининг тақиқдан хабари борлиги, лекин айнан қайси орган тақиқлаганини билмаслиги аён бўлди.

- Билмадим, бу масалада ёрдам беролмасам керак. Солиқчиларга мурожаат қилинг. Бизгаям шунақа информация етиб келган, лекин бир нарса деёлмайман, деди Рестораторлар ассоциацияси вакили.

Ошпазлар ассоциацияси қошидаги ресторан ҳам 31 декабр оқшомида ишламайди
Тилга олинган жамоат ташкилоти вакили ҳам тақиқ сабабини тушунтириб беролмади.

У ассоциация қошидаги рестораннинг 31 декабр оқшомида ишламаслигини ошпазларнинг дам олиш истаги билан изоҳлади.

Мустақил кузатувчи: Янги Йил кайфияти шаҳарда сезилмаяпти
От узангисида туриб ўтказганимиз тадқиқотдан ресторанлар раҳбарларидан 31 декабр оқшомида ишламаслик талаб қилингани тўғрисидаги хабарлар асоссиз эмаслиги маълум бўлди.

Тoшкентлик иқтисодчи Миркомил Тошкандий тақиқ сабаблари тўғрисида фикр юритар экан, ўзининг шахсий қарашлари ва кузатишлари билан ўртоқлашди.

- Энди балки биринчиси бу тартиб сақлаш, иккинчиси бу янги йилни секин-секин омма орасидан сиқиб чиқариш. Байрамни қандайдир бир оммавий байрам қилдирмаслик. Чунки ҳозирги пайтда масалан Тошкент шаҳрида янги йил кайфияти ҳеч кимда сезилмаяпти. Ҳеч қаерда арча ясатиш, шаҳар кўчаларида янги йил кайфияти, яъни янги йил акциялари, нималари сезилиш йўқ. Бошқа йилларда корпоратив кечалар бўларди. Бу нарса ҳам менимча бу йил йўқ бўлса керак.

Озодлик: Магазинларнинг витриналари безатиларди янги йил арафасида. Шунақа безатишлар йўқ бўлиб кетгамнми кейинги йилларда?

- Бу нарса ўтган йил бўлди, лекин бу йил умуман Тошкент шаҳрида йўқ. Масалан ҳамма жойда арча ўрнатиб нима қилишлар йўқ Тошкент шаҳрида.

Озодлик: Балки ҳали вақт бордир. Энди ўрнатишар. Бугун ҳали энди 18-декабр бўлди.

- Ўзи ҳар йили 15-декабрдан бошланарди, дейди Миркомил Тошкандий.

Албатта, Миркомил Тошкандийнинг кузатишларини ягона ва энг тўғри кузатиш, деб қабул қилмаслик керак.

Чунки Тошкент бозорларида олинган ва сайтимизда эълон қилинган суратларда Янги Йил атрибутикаси бозори касод эмаслиги кўриниб турибди.

Бир неча кун муқаддам Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг иккита асосий канали: "Ўзбекистон" ва "Ёшлар" телеканаллари ходимлари Озодлик билан суҳбатда Қорбобо ва Қорқиз образлари акс этган видеотасвирлар эфирга узатилмаслиги тўғрисидаги норасмий хабарларни тасдиқлаган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG